Қоронғи режим
Image
Logo

МУАЛЛИМНИНГ ДАРАЖАСИ

МУАЛЛИМНИНГ ДАРАЖАСИ

Ҳақ йўлида ким санга бир ҳарф ўқитмиш ранж ила,

айламак бўлмас адо онинг ҳақин минг ганж ила

Ҳа, азизлар, Ҳазрат Навоийнинг бу сўзларида ҳеч қандай муболаға йўқ. Дарҳақиқат, устозларимизнинг ҳақлари беқиёс. Улар маънавият боғининг боғбонларидирлар. Дунё уларнинг меҳнатлари эвазига ободдир. Охират зулматлари уларнинг қалблари таратган зиё туфайлигина бартараф бўлиши мумкин. Бинобарин, биз уларни қанча кўп улуғласак, эъзоз қилсак, шунча оз.
Инсон ким бўлишидан қатъий назар, қайси соҳа вакили бўлмасин, билим олиш учун устозга муҳтож. Шоҳу гадо, яхшию ёмон қачонлардир муаллим остонасининг соили бўлган. Пайғамбарлардан бошқа ҳамма инсонлар илм ҳосил қилиш учун муаллим остонасини ўпган. Инсоният тарихида фақат пайғамбарларгина муаллим ҳузурида дарс олмаганлар. Чунки уларнинг илмлари ваҳий асосида ҳосил бўлгандир. Агарчи пайғамбарларга замондош бўлган жоҳиллар ва кейинги айрим илмни даъво қилувчи кишилар, пайғамбарларнинг таълимотлари олдида ожиз қолганларидан, уларнинг, жумладан, Аллоҳнинг охирги элчиси Муҳаммад алайҳиссаломнинг кимдандир дарс олганликларини исботлашга ҳаракат қилган бўлсалар­да, буни илмий асосда тушунтириб бера олмаганлар. Уларнинг сўзлари туҳмат, фараз ва хомҳаёлдан нарига ўтмаган.
Ўрни келганда шуни ҳам алоҳида таъкидлаш лозимки, устоз деганда фақатгина дийний билмларни таълим берган кишиларни эмас, балки, ҳар қандай фойдали илм ўргатувчи шахс назарда тутилишини ҳам унутмаслигимиз лозим. Чунки муқаддас динимиз ‒ Исломда илмлар диний­дунявийга ажратилмайди. Балки, фойдали ва фойдасизга тақсимланади.

Инсоният учун фойдали бўлган ҳар қандай илм Исломда ардоқланади. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг бир нечта оятларида инсониятни дунёни обод қилиш учун яратганини баён қилган ва кишиларни борлиқ ҳақида тафаккур қилишга, уни ўрганишга тарғиб қилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг ҳадисларида илмга тарғиб қилар эканлар, илмни умумий маънода ишлатганлар. Керак бўлган ўринда диний билмларни номлаб айтганлар. Ўзларининг ҳаётлари мобайнида саҳобаи киромларни, уларнинг иқтидорларига қараб, ўша даврдаги илмнинг турли соҳаларига йўналтирганлар. Шу боис, ҳар бир мусулмон банда дунёда яхши ҳаёт кечириши учун ундаги нарсаларнинг илмини ўзлаштириши, охиратда саодатга эришиши учун унга тааллуқли бўлган билмларни ўрганиши лозим.

Абдували Махмутханов,
 “Саидбобо Термизий” жоме
 масжид имом- хатиби.

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг