МУҲАММАД АЛАЙҲИССАЛОМНИ ЯХШИ КЎРИШНИНГ АҲАМИЯТИ

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўриш ҳақида сўз кетар экан, аввало, бу муҳаббат иймон тақозоси экани таъкидланади. Яъни, Ислом динини бино деб тасаввур қилинадиган бўлса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўриш ўша бинони тутиб турадиган пойдевор мақомидаги тушунча ҳисобланади. Бу ҳақида у зотнинг ўзлари шундай хабар берганлар:
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Сизлардан бирингиз токи мен унга боласидан, отасидан ва барча инсонлардан севикли бўлмагунимча мўмин бўла олмайди", дедилар". Муслим ривоят қилган.
Дунёда ҳеч бир инсон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламчалик яхши кўрилиб, мақтов билан ёд этилмаган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг доимий мақталган, улуғланиб мадҳ этилган зот эканликлари Муҳаммад деб номланишларида ҳам ўз аксини топган. У зотни Аллоҳ таолонинг Ўзи улуғлаб мадҳ этган, фаришталар ҳам, пайғамбарлар ҳам мадҳ этганлар, ер юзидага барча ақли бор инсонлар доимо у зотни мақтаб мадҳ этиб келганлар. Чунки у зотнинг сифатлари дўсту душман ҳамманинг ҳузурида энг мақтовли сифатлар бўлган. Бу ҳақида қўйидагича хабар берилган:
Абу Саиддан ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Мен қиёмат кунидаги Одам боласининг саййидиман,(лекин бу) мақтаниш эмас", дедилар". Бухорий ривоят қилган.
Уламолар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатни икки даражага ажратганлар:
- Фарз даражадаги муҳаббат;
- Фазилат даражадаги муҳаббат.
Фарз даражадаги муҳаббат деганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ваҳий билан билдирилган барча ҳукмларни рози бўлиб, улуғлаб ва тўлиқ таслим бўлиб, қабул қилиш тушунилади. Яъни, у зотнинг Аллоҳ таоло ҳузуридан келтирган барча шаръий ҳукмларини муҳаббат билан қабул қилиш, ҳар бир мўмин кишига фарз ҳисобланади.
Фазилат даражадаги муҳаббатда эса, мусулмон кишининг барча ишларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига тақлид қилиб яшашни яхши кўриши тушунилади. Яъни, ейиш - ичиш, кийиниш, муомала ва ҳоказо ҳаётнинг ҳар бир жабҳасида у зотнинг кўрсатмаларига амал қилиб яшашга муҳаббатли бўлиш, ҳар бир мўмин киши учун улуғ фазилат бўлади.
Маълумки, киши “Ла илаҳа иллаллоҳ Муҳаммадун расулуллоҳ” (Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, Муҳаммад алайҳиссалом Аллоҳнинг элчисидир) дейиш билан мусулмонга айланади. Муҳаммад алайҳиссаломни "Аллоҳнинг элчиси" деб эътироф этишнинг ўзи у зотнинг буйруқларига бўйсунишни, берган хабарларини тасдиқлашни, Аллоҳга у зот алайҳиссаломнинг кўрсатмаларига кўра ибодат қилишни тақозо қилади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳақиқий таниш орқали у зотга нисбатан қалбда муҳаббат юзага келади. Шу муҳаббат туфайли киши у зотни ҳамма инсонлардан кўра кўпроқ яхши кўрадиган бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яқиндан таниган зотлар, яъни саҳобалар у зотни улуғлаб яхши кўришда ҳам бошқаларга намуна бўлганлар. "Шарҳу шифо" асарида қўйидаги ривоят келтирилган: "Али розияллоҳу анҳудан Расулуллоҳга бўлган муҳаббатларингиз қандай эди, деб сўраганларида у зот: " Аллоҳга қасамки, у зот бизга молларимиздан ҳам, болаларимиздан ҳам, оталаримиздан ҳам, оналаримиздан ҳам, чанқоқ кишига салқин сувдан ҳам маҳбуброқ эдилар", дея жавоб берганлар".
Иброҳим Қосимхўжаев,
Наманган шаҳар "Ғойибберди махдум" жоме
масжиди имом хатиби
Сизга ҳам ёқиши мумкин
Оммабоп хабарлар
-
МУКОФОТ МУБОРАК!
- Хабар муаллифи ravza.uz
- August 30, 2021
-
ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- March 7, 2023
-
Муфтий ҳазратлари Наманга...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- June 14, 2021
-
Муносабат: ижтимоий тармо...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- January 22, 2022