МУРАББИЙ ҚАНДАЙ БЎЛСА...

Имом Ғаззолий роҳматуллоҳи алайҳнинг "Анжаъул васоил" асарида шундай сўзи бор: "Бола ота-онасининг ҳузурида омонатдир. Унинг қалби пок, тиниқ, турли нақш ва суратлардан ҳоли, беғубордир. Унинг қалби ҳар-бир нақшни қабул қилиб ва моил бўлган тарафга қараб йўналади. Бас, агар унга яхшилик экилиб, гўзал таълим берилса, ота-онасини, мураббий ва муаллимларининг ҳар-бирини дунё ва охиратда саодатманд қилади. Бас, агар уни ёмонлик сари йўналтириб, ғайриинсоний муносабатда бўлинса, бахтсиз ва расво бўлади. Унинг гуноҳи эса йўлбошчиси ва валийсига ҳам тегишлидир. Зеро, Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ҳар-бир бола Ислом фитратида туғилади. Лекин уларнинг ота-онаси эса ё яҳудий, ё мажусий, ё насроний қилади". Айнан мазкур ҳадисга кўра Муҳаммад ибн Шиҳоб аз-Зухрий роҳматуллоҳи алайҳ, туғилибоқ ўлган болага ким бўлишидан қатъий назар, жанозасини ўқиркан. Яъни, эри мусулмон, аёли ғайридин бўлса ҳам. Ёки бунинг акси бўлса ҳам. Бу ҳақида сўралганида у зот, бу бола Ислом фитратида туғилган, шунинг учун ўқийман, дер экан. Асл ҳам шу. Яъни, жанозанинг шартларидан бири, майитни мусулмон бўлиши, ёки гўдак бўлса, ота-онаси, ёки улардан бири мусулмон бўлиши керак.
Уламолар айтадилар, агар болани ўз ҳолига қўйиб, ҳеч-бир динга тарғиб қилмасдан, пок нарсаларни едириб, ҳалол ичириб, ҳалол кийдириб ўстирилса, бола катта бўлганидан кейин Исломдан бошқа динни ихтиёр қилмайди. Боиси, айнан туғилгандаги ўша фитрат. Хусусан, ибодатли хонадонда ўсиб улғайган фарзанд вақти келиб ота-онаси ундамаса ҳам ўз-ўзидан намозга киришади ва бунинг акси ўлароқ фосиқ кимсанинг боласи ҳам отасининг изидан кетиши мумкин. Бунга аксаримиз гувоҳ бўлганмиз. Шунинг учун ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиснинг сўнгида "лекин унинг ота-онаси ё яҳудий қилиб, ё насроний, ё мажусий қилади", деб бежиз айтмадилар. Яъни, бола ўсиб ўлғаётган муҳит, эътиқод, оиласи боис, ҳадиси шарифда айтилганидек, ё яҳудий, ё насроний, ё мажусий бўлиб вояга етади. Ҳудди шунингдек, мусулмон, солиҳ бўлиб ўсишида ҳам, умуман динсиз бўлиб вояга етишида ҳам оиланинг ўрни катта.
Мураббий қандай бўлса, тарбияланувчи ҳам шундай бўлади, дейилади ҳикматларнинг бирида. Қуш уясида, бола оиласида кўрганини қилади, дейди доно халқимиз. Дарҳақиқат, болаларимиз бизнинг андозамиздир. Ҳаммамизнинг ҳам мақсадимиз бир. Фарзандларимизни солиҳ ва солиҳа қилиб тарбиялаш. Чунки биз вафот этиб кетганимиздан кейин ҳам ортимиздан дастурхон юборадиган мана шу солиҳ ва солиҳа кўз қорачиғларимиздир. Ота-она қабрда ётар экан, фарзандини солиҳ бўлишидан кўра у учун гўзалроқ неъмат йўқ экан. Улуғлардан биридан сўрадилар, инсонни солиҳлигини қаердан билса бўлади, деб. Шунда у зот, ота-онасининг ҳақига дуо қилишидан, деган эканлар. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларидан бирида шундай марҳамат қилганлар: “Инсон вафот этганда унинг амали тўхтайди, фақат уч нарса туфайли унинг номаи аъмолига савоб ёзилиб туради: садақаи жория, фойдали илм, дуои хайр қилувчи солиҳ фарзанд”. Аллоҳдан сўрайлик, келажагимиз меваси бўлмиш фарзандларимиз биз ўйлагандан зиёда солиҳ ва солиҳалардан бўлсинлар!
Қодиржон Умурзақов
Поп тумани "Муҳаммаджон қори"
жоме масжидининг имом-хатиби
Сизга ҳам ёқиши мумкин
Оммабоп хабарлар
-
МУКОФОТ МУБОРАК!
- Хабар муаллифи ravza.uz
- August 30, 2021
-
ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- March 7, 2023
-
Муфтий ҳазратлари Наманга...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- June 14, 2021
-
Муносабат: ижтимоий тармо...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- January 22, 2022