Қоронғи режим
Image
Logo

НАФС ТАРБИЯСИ.

НАФС ТАРБИЯСИ.

Инсон нафсини ҳамиша тарбиялаши лозим. Инсон ўз нафсини таниш ва уни  тарбия топтириши билан мақсадга етади. Комил инсонларнинг барчалари ўз нафсини таниб, уни тарбиялаб камолга етган кишилардир. Зеро, ўз нафсини танимаган одамдан комил инсон чиқиши қийин. Нафсни англаш ҳақида Луқмони Ҳаким ўз ўғилларига шундай деган эканлар: “ Эй, ўғлим! Сени илк огоҳлантирганим нафсингдир. Чунки ҳар нафснинг бир ҳавоси, нафсоний истаги бор. Агар нафсга нафсоний истакларини берсанг, янада йўлдан озади ва бошқа нарсалар истай бошлайди. Чақмоқ тошда олов яширин бўлгани каби нафсоний орзулар ҳам қалбда яшириндир; ёқсанг порлар, ўз ҳолига қўйилса, яширинади”.  

Аллоҳ жонлиларни уч тоифада яратган:

  1. Малаклар(фаришталар): Аллоҳ малакларга фақат ақл берган, доимо ҳою ҳавасга амал киладиган нафс бермаган. Демак, малакларда гуноҳ қилишга мойиллик йўқ.
  2. Ҳайвонлар: Аллоҳ ҳайвонларга биз тушунган маънода ақл бермаган, фақатгина нафс берган.
  3. Инсонлар:Аллоҳ инсонларга ҳам ақл, ҳам нафс берган. Шундай бўлгач, инсон зоти учун энг катта хатар меъдадан ва ейиш-ичиш ҳирсидан келади. Одам ила Ҳаво – уларга Аллоҳнинг саломи бўлсин – меъданинг ҳирси туфайли жаннатдан қувилиб, хорлик ва йўқлик майдонига отилгандилар.

Чунки Аллоҳ уларга мева ейишни такиқлаганди. 1. Кимнингки нафси ақлидан ғолиб келса ва шу нафсининг ҳавойи истакларига кўра ҳаёт кечирса, у ҳайвондан ҳам тубанроқ, яъни ҳайвонлар ундан яхшироқдирлар. 2. Кимники, ақли нафсидан ғолиб келса ва ҳаётини Аллоҳ ўртага қўйган ахлоқ асослари доирасида ўтказса, у малаклардан ҳам устундир. Нафснинг ҳавойи истакларига бўйсунган одам, агар у ҳукмдор бўлса, қул аҳволига тушади. Нафснинг ҳавойи ҳавасларига қарши бориб, сабр қилган одам эса, қул бўлса ҳукмдор бўлади.  

Доим ёмонликни хоҳлаб турадиган Нафс сенга шайтондан ҳам душманроқдир. Шайтон нафсингнинг ҳою ҳаваси билан бўйнингга миниб олиб, сени Аллоҳнинг йўлидан чиқариши мумкин. Нафсинг эса сени беҳуда амаллар ва қуруқ хаёллар билан алдаб қўюр! Чунки Нафс табиатан тинчлик-осудаликни, лоқайдлик, ғафлат ва бепарволикни ёқтиради ва умрни танбаллик билан ўтказишни истайди. У доимо беҳуда ва ботил (бузуқ) нарсаларга ўралашади. Беҳуда кибрга берилади. Агар нафсингдан мамнун бўлиб, унинг хоҳишларига юрсанг, манзилинг фалокатдир, ўлимдир. Янглиш ҳисоблар ва хомхаёлларингдан хабардор бўлмасанг, охири чўкишинг муқаррардир. Агар, Нафсга «тўхта!» дейишга ожизлик қилсанг, у сени ёнғинга олиб боради. У ҳолда асло яхшиликка қайтиш умиди йўқдир. Нафс балоларнинг боши, разолатларнинг манбаидир. Шайтон учун гуноҳ хазинаси бўлган Нафсни яхши кўрган одам Яратганни таний олмайди. Инсон Аллоҳ йўлида нималар килгани тўғрисида, умрининг ўтган қисми устида ана шундай мулоҳаза юритса, бу мулоҳаза бир нави ўз қалбини ювиш бўлади. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам буюрадилар: “Яхши мавзуда бир соат мулоҳаза қилмоқ, ўйламоқ бир йиллик ибодатдан яхшироқдир”. 

 

Билол Инамов,
Чуст тумани “Мавлоно Лутфуллоҳ” жоме
 масжиди имом ноиби

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг