РАМАЗОН: НАФСИЙ МУОЛАЖАЛАР ТАКАББУРЛИК

Такаббурлик бу ~ ўзини улуғ санаш ва ўзгаларнинг қадридан ўзининг қадрини юқори деб билиш, ёки бошқаларни ҳақир санаш, менсимаслик ва паст кўришдир.
Кибр бу ~ қалб касаллиги бўлса-да, баъзан бу иллат соҳибида намоён бўлиб қолади. Яъни, бир кимсада кибр зиёда бўлиб кетса, унинг ҳатти-ҳаракати ва сўзларида бу иллат кўриниб қолади. Ҳадиси шарифда келади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар: "Қалбида заррача кибри бор кимса жаннатга кирмайди". Шунда бир киши: Бир инсон кийими, пойабзали чиройли бўлишини яхши кўради, бу ҳам такаббурликми? - деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса: "Албатта Аллоҳ гўзалдир. Гўзалликни яхши кўради. Кибр эса бу ~ ҳақни инкор қилиш ва одамларни менсимасликдир", деб жавоб бердилар. Хўш, кибрни қандай муолажа қилиш мумкин? Уламолар бу ҳақида қуйидаги тавсияларни берганлар:
1). Аллоҳни таниш. Яъни, мусулмон одам ақида илмидан, Аллоҳнинг ваҳдониятидан хабардор бўлиши керак. Чунки, улуғлик ва азамат бу якка Аллоҳ таолога хос эканини ифода қилади, инсонга эмас. Бу ҳақида ҳадиси қудсийда: "Иззат изорим, кибриё ридоимдир. Ким ушбулардан бири билан мен билан тортишса, Мен уни азоблайман", дейилади;
2). Ўзини таниш. Аллоҳ таоло айтади: " (Кофир) инсонга лаънат бўлсин, унинг кофирлиги қандоқ шиддатли бўлди. Уни қайси нарсадан яратди? Нутфадан яратди. Уни яратди ва уни ўлчовли қилди. Сўнгра чиқиш йўлини осон қилди. Сўнгра ўлдирди ва қабрга киритди. Сўнгра қачон хоҳласа, уни қайта тирилтиради" (Абаса, 17-22). Мазкур оятларда инсоннинг учта заиф ҳолатини ёритиш бор:
Биринчиси, инсон йўқдан бор бўлиши. Далил: "Нутфадан яратди. Уни яратди ва уни ўлчовли қилди".
Иккинчиси, одамзотнинг ишлари енгил қилиб қўйилиши. Далил: "Сўнгра чиқиш йўлини осон қилди". Яъни, одам осонгина бу дунёга келганини англамайди. Ўзида бу борада ихтиёр йўқ.
Учинчиси, инсоннинг охири борлиги. Далил: "Сўнгра ўлдирди ва қабрга киритди". Яъни, ушбу учта ҳолатда одамнинг на иштироки, на ҳоли ва на қуввати бор. Балки барчаси Аллоҳнинг изми биландир.
3). Тавозе. Ким Аллоҳга тавозе қилса, Аллоҳ унинг даражасини кўтариб қўяди. Зеро, халқимизда, камтарга камол, манманга завол, деган ҳикмат бежиз айтилмаган.
Хулоса шуки, биз энг аввало нафсимизни ислоҳ қилиш йўлида шариатимиз кўрсатмаларига амал қилиб, ҳаётимизни изга солсак, мақсадга мувофиқ бўлади.
Абдуҳ Ғолиб Аҳмад Ийсонинг
"Мафҳум ат-тасаввуф" асари асосида
тайёрланди.
Қодиржон Умурзаков
Поп тумани "Муҳаммаджон қори"жоме
масжидининг имом-хатиби
Сизга ҳам ёқиши мумкин
Оммабоп хабарлар
-
МУКОФОТ МУБОРАК!
- Хабар муаллифи ravza.uz
- August 30, 2021
-
ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- March 7, 2023
-
Муфтий ҳазратлари Наманга...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- June 14, 2021
-
Муносабат: ижтимоий тармо...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- January 22, 2022