НАФСНИ ТАРБИЯЛАШ ХУЛҚНИНГ ГЎЗАЛЛИК МЕЗОНИДИР.

Тарбияга муҳтож нафс гуноҳларга мойиллиги ва ибодатларга ожизлиги билан белгиланади. Бунинг натижаси, шубҳасиз хулқларда кўринади. Касаллик маънавий бўлганлиги боис, муолажа ҳам шунга мувофиқ бўлади. Инсонни бутун вужудини ҳаракатланишида муҳим ўринни эгаллаган, киши савоб ёки гуноҳ олишига ундаб турувчи, маънавий аъзо ҳисобланган қалб, ҳолатлари ўрганилишида эътибор қаратилиши лозим бўлган асосий ўриндир. Имом Бухорий ва Имом Муслимлар Нуъмон ибн Баширдан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллАллоҳу алайҳи васаллам:
“Инсон танасида бир парча гўшт бўлиб, агар у салоҳиятли бўлса, бошқа аъзолар ҳам салоҳиятли бўлади. Агар у фасод бўлса, бошқа аъзолар ҳам фасод бўлади. Огоҳ бўлинг, у қалбдир”, деганлар.
Баданнинг ҳар бир аъзоси махсус бир феъл учун яратилган. Қачонки у аъзо хасталанса, қилиниши лозим бўлган феълни бажара олмайди ёки қисман, изтироб билан бажаради. Қўл хасталанса, ушлаш қувватини йўқотади. Кўз хасталанса, кўролмайди. Қалб хасталанса, у ҳам ўзи учун белгиланган ишни бажаришдан ожиз қолади. Қалб учун белгиланган иш эса илм, ҳикмат ва маърифатдир.
Инсон ейиш, ичиш, кўриш, эшитиш ва бошқа сезгилар билан эмас, балки инсоний ақли билан ҳайвондан фарқланади. Шу афзаллиги билан инсон нарсаларнинг моҳиятини англайди. Қалб сиҳҳатини тиклаш эътиборни дардга даво бўладиган сабабларга қаратиш билан бошланади. Масалан, Аллоҳ таолодан узоқлаштирувчи, ҳалокатга олиб борувчи бахиллик дардининг давоси молни сарфу инфоқ қилишдир. Лекин баъзида бу сарф исроф даражасига ўтиб кетади. Натижада бахиллик маразидан халос бўламан деб киши исроф дардини орттиради. Шундай экан, исроф ва бахиллик орасида ҳам мўътадилликни сақлаш керак. Токи бизга керак нуқта икки тарафдан бир хил узоқликда жой олсин.
Дарҳақиқат, тўғри йўлда бўлиш ниҳоятда оғир. Лекин инсон, гарчи тўғриликнинг моҳиятига етишга қодир бўлмасада, иложи борича унга яқинроқ боришга тиришмоғи вожиб. Нажотга фақат солиҳ амал билан эришилади. Солиҳ амал эса гўзал хулқлардан содир бўлади. Бас, ҳар бир банда ўзининг сифатлари ва хулқларини текширсин, ҳисобга тортсин. Тартиб билан бирма-бир уларнинг муолажасини бошласин.
Нафсдаги айбларни билиш йўллари эса: Қалб иллатларини даволашда айбларни аниқлаш ва муолажани айни ўша ўринга қаратиш асосий вазифадир. Аллоҳ таоло бир бандасини яхшилик билан сийламоқчи бўлса, унга нафсининг айбларини кўрсатиб қўяди. Кимнинг ботин кўзи очиқ бўлса, айблари унга хавф сололмайди. Аммо аксар ҳолда бировнинг кўзига заррача гард тушса, дарров кўради, ўзининг айбларидан, кўзларига қамалган улкан «ғам»дан эса бехабар. Кимки, нафсидаги айбларни билмоқчи бўлса, бунинг тўртта йўли бор.
Биринчиси, нафс айбларидан хабардор, ундан етадиган яширин офатлардан огоҳ устознинг ҳузурида бўлиш. Бунда шогирд устозни нафсига ҳакам қилади, нафс билан курашда у зотнинг кўрсатмасига тўла эргашади. Бу шогирд билан устоз ўртасидаги муомаладир. Зеро, устоз шогирдининг нафсидаги айбларини ва уларнинг муолажа йўлини яхши билади.
Иккинчиси, ҳақиқий содиқ, зийрак ва диёнатли дўст танламоқ. Гўё бу дўст унинг нафси устидан кузатувчи вазифасини ўтайди. Шунда у дўстининг танбеҳу маслаҳатларига қараб ўзининг аҳволу феълларидан, зоҳиру ботин хулқларидан огоҳ бўлади. Улуғларимиз шундай йўл тутардилар.
Умар розийАллоҳу анҳу дердилар: “Айбларимни менга хадя қилган кишига Аллоҳ раҳматини ёғдирсин”.
Довуд Тоий нима учун одамлардан узлат қилган эди? Ундан сўралди:
— Нега одамларга аралашмайсиз?
— Айбларимни мендан яширадиган қавм билан нима ҳам қилолардим, деб жавобберди Довуд Тоий.
Демак, ўтган улуғларимиз ўзгаларга танбеҳ бериш билан ўз айбларига эътиборини қаратиш йўлидан борган.
Афсус, биз ёмон хулқимиздан огоҳ этган кишидан хурсанд бўлмаймиз, тезда бу ёмонхулқдан қутулишга ҳаракат қилмаймиз. Балки, насиҳат қилувчига: “Ўзинг ҳам фалон-фалон ишларни қилардингку!» деб таъна ёғдирамиз. Бу қалбимиз қотганлигидан далолат,қотган қалбда эса фақат гуноҳлар «кўкаради», гуноҳлар «мева беради».
Учинчиси, нафсининг айбларидан душманининг тили орқали воқиф бўлмоқ. Негаки, ёмонлик ёмонликни намоён қилади, яъни душманинг оғзидан чиқаётган ёмон сўзларсендаги ёмон хулқ, ёмон феълни сўзлаётган бўлса, не ажаб! Балки, айбларингни яшириб, мақтову олқишларга кўмган айёр дўстдан, ҳар бир сўзи нафратга тўла душманинг сенучун манфаатлироқдир. Гарчи табиатинг уни ёлғончиликда, ҳасадгўйликда айблашгамойил бўлсада. Аммо, ботин кўзи очиқ киши ҳатто душманнинг сўзида ҳам фойда борлигини кўради.
Тўртинчиси, одамларга аралашмоқ, яъни халқ ичида бўлмоқ. Киши одамлар орасида бўлиб, улардан бирон ёмон феъл содир бўлганини кўрса, ўз нафсидан ҳам шу феълни изласин, ўзида ҳам шу хулқ бор, деб эътибор этсин. Чунки, мўмин мўминнинг кўзгуси, бошқанинг айби орқали ўзининг айбларини танийди, дунё муҳаббатига тобеликдатабиатлар бир-бирига яқин эканлигини билади. Айни баробар нарсалар ҳеч қачон аслжиҳатидан бир-биридан фарқланмайди.Шундай экан, нафсимизни тергамоқни одат қилмоғимиз. Ёмон кўрилган нарсалардан унипоклаб, танбеҳлар билан уни ёмонликдан қайтармоғимиз лозим. Агар инсонлар бошқалар томониданёмон деб топилган нарсаларнинг барчасини тарк қилишганида эди, танбеҳ берувчигаҳожатлари қолмасди.
Донишмандлардан бири дейди: “Ким нафсга ўзини топширса, дунё меҳр-муҳаббатигаасир бўлиб қолади, кибру ҳаво тузоғига илинади, шаҳватлар уни хоҳлаган тарафигатортади, қалбини хайрдан тўсади”.
Жаъфар ибн Ҳомид айтади: “Неъматларга неъматларни тарк этиш билан етилади”.
Имом Ғаззолий шаҳватларни жиловлаб, қалбни “ҳасталиклардан” поклаш ҳақидаги сўзларининг хулосасида қуйидагиларни айтадиллар:
Ҳолатига кўра ҳар бир инсоннинг жидду-жаҳд ва риёзат йўли фарқланади. Энг асосийси, дунёга хурсанд бўлиш туйғусидан қутулишдир. Киши мол-дунёсига, мансаб мартабасига қувонади. Панд-насиҳатимни олишяпти, ҳукмим ва бошқарувим жорий бўляпти, кўпчилик менга эргашяпти, деб иззатига қувонади. Аввало, мана шу қувончни уйғотаётган нарсани тарк қилиш лозим. Агар унга: бундай қувончлардан кеч, улардан кечишинг билан охиратдаги савобинг камаймайди, десанг, оғринади. Демак, бу киши дунё ҳаётига шоду-хуррам бўляпти, ундан қалби ором оляпти. Бу ўта хатарлидир.
Кимки дунё шодлигини туғдираётган сабабларни тарк қила олса, одамлардан чекинади, нафси билан ёлғиз қолади. Аллоҳ таолодан ўзганинг зикри ва фикри билан машғул бўлмаслиги, шаҳват ва шайтон васвасаси бош кўтариб қолмаслиги учун қалбини доимий кузатади ва қўриқлайди. Негаки, ҳар қандай васвасанинг сабаби бор. То ўша сабаб ва алоқа тўла кесилмагунча васваса йўқолмайди. Шундай экан, бутун умр давомида бунга қарши курашмоқ лозим. Кураш эса то умрнинг охиригача тугамайди.
Баҳодир Ботиров,
Чуст тумани “Охунбобо” жоме
масжиди имом хатиби
Сизга ҳам ёқиши мумкин
Оммабоп хабарлар
-
МУКОФОТ МУБОРАК!
- Хабар муаллифи ravza.uz
- August 30, 2021
-
ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- March 7, 2023
-
Муфтий ҳазратлари Наманга...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- June 14, 2021
-
Муносабат: ижтимоий тармо...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- January 22, 2022