НАМОЗ ЖАННАТ КАЛИТИ

“Намоз” сўзи араб тилида “солат”, деб аталиб, луғатда “Дуо, илтижо қилиш”, маъноларини ифода этади.
Шаръий истелоҳда эса “Аллоҳ таолога яқинлашиш, унгагина ибодат қилиш мақсадида амалга ошириладиган такбир билан бошланиб, салом билан якунланувчи сўзлар, ҳаракат ва саканотлар мажмуи”, демакдир.
Намоз баданий, яъни жисмоний ибодат ҳисобланади.
У Пайғамбаримиз Мухаммад саллаллоҳу алайҳи васаллам Маккадан Мадинага ҳижрат қилишларидан бироз олдин содир бўлган “Исро” ва “Меърож” кечасида фарз қилинган.
Намоз исломнинг иймондан кейинги навбатдаги иккинчи рукни ҳисобланади. У жаннатнинг калити, дея таърифланади. Унинг калити эса таҳоратдир.
Аллоҳ таоло ҳар бир балоғат ёшига етган, оқил инсонга бир кеча кундуз давомида беш вақт намозни адо этишни фарз қилган. Улар:
Бомдод.
Пешин.
Аср.
Шом.
Хуфтон.
Ушбу намозларнинг ҳар бири учун махсус вақт ва шартлар мавжуд.
Намознинг моҳияти ва унинг инсон ҳаётида тутган ўрни:
Инсон намоз асносида ўзининг буюк Раббиси билан мулоқот қилади: унга илтижо айлайди, марҳаматини сўрайди, уни улуғлаш баробарида ўзининг бандалигини эътироф этади.
Банданинг ўз Раббиси билан мулоқоти ортиб борар экан у чуқур хотиржамлик топади. Қалбига вахима солувчи хатарлар бўлмайди. Борини ҳам осонгина енга олади.
Тасаввур қилиб кўринг. Ҳар куни беш вақт Раббисининг мулоқотида бўлиб, уни улуғлаган, ўзининг бандалигини эътироф этган инсон туну кун давомида қаршисидан бирор бир номақбул амал чиқса унга мубтало бўладими… Бирор бир хайрли амал унинг олдида пайдо бўлса, уни тарк эта оладими… Йўқ, албатта!
Унинг Раббиси билан бўлаётган мулоқоти, яъни намозлари самимий ва холис экан бу мулоқотлар ҳам уни туну кун давомида тарбия қилиб боради.
Ҳар бир бажариши керак бўлган (ёки мумкин бўлмаган) амални бажаришда (ёки тарк этишда) Раббисини кўриб тургандек ёки Раббисининг ўзи уни кўриб тургандек йўл тутади. Раббисини унутиб қўймайди.
Кўриниб турибдики, намоз ҳам иймон каби ўз соҳибига ҳар дам Раббисини эслатиб турувчи мураббийлик вазифасини ўтайди.
Бу борада Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:
إِنَّ الصَّلَاةَ تَنْهَىٰ عَنِ الْفَحْشَاءِ وَالْمُنكَرِ ۗ،
Яъни, “Албатта намоз (ўз соҳибини) фаҳш ва мункардан қайтарур”.
“Анкабут” сураси, 45-оят.
Бундан ташқари намоз ўз соҳибининг баданий, яъни жисмоний қуввати ва саломатлиги учун ўта муҳимдир.
Кун давомида беш вақт намоз учун таҳорат олиши ёки лозим ҳолларда ғусл қилиши (ювиниши), намоздаги тик туриш, қўл ҳаракатлари, руку, сажда, қаъда (ўтириш) ҳолатлари, қадамлари билан масжидга қатнаши, пиёда юриб бориб-келиши ва бу амалларни ҳар куни маълум ва муносиб бир вақтлар давомида мунтазам ва тартибли давом эттириб бориши, яна бир муҳим жиҳат намоз асносида фикри бир нуктада жамлаш инсон саломатлиги учун нақадар аҳамиятли эканлиги бугунги замонавий илмий фан асосида тасдиқланган асл ҳақиқатдир.
Мана сизга намознинг моҳияти, унинг инсон ҳаёти ва жамиятда тутган ўрни!
Аллоҳ таоло ўзи барчаларимизни ўқияпган намозларимизни хусну қабул қилсин.
Маъсумхон Турғунов,
Наманган шахар “Шайх эшон” жоме
масжиди имом хатиби.
Сизга ҳам ёқиши мумкин
Оммабоп хабарлар
-
МУКОФОТ МУБОРАК!
- Хабар муаллифи ravza.uz
- August 30, 2021
-
ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- March 7, 2023
-
Муфтий ҳазратлари Наманга...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- June 14, 2021
-
Муносабат: ижтимоий тармо...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- January 22, 2022