Неъматларга шукр қилиш.

Маълумки, Аллоҳ таолонинг бизга берган неъматларига назар солсак, бу неъматларнинг сон саноғига ета олмаймиз.
Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло: “Агар Аллоҳнинг неъматларини санасанглар, бу неъматларнинг саноғига ета олмайсизлар” – дейди (Наҳл, 18).
Бу неъматларни бизга ато этган зот айни вақтда шу неъматларга шукр қилишни ҳам зиммамизга юклаган.
Шукр – Аллоҳ таоло ато этган неъматларни ҳис қилиш, уларни берган зотга ҳамд айтиш ҳамда бу неъматларни Аллоҳнинг розилигига эришиш йўлида ишлатиш демакдир.
Шукр қилиш учун инсон ҳам қалби, ҳам тили, ҳам бошқа аъзолари билан амал қилиши керак бўлади.
Шунинг учун салафи солиҳларимиз “Шукр – диннинг ярми”, дейишган. Шукр қилиш учун инсон аввало бу неъмат Аллоҳ таоло тарафидан эканини қалбидан ҳис қилиши лозим.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ёмғир ёққанида унинг Аллоҳ таоло тарафидан берилган неъмат эканини тан олган бандаларни “Шукр қилувчилар” деб атаганлар (Муслим ривояти).
Инсон унга берилган неъматларнинг Аллоҳ тарафидан эканини қалби билан ҳис қилганидан кейингина уларнинг эвазига Аллоҳга ҳамд айтиши лозим. Шунинг учун Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга: “Раббингиз берган неъматларни (бошқаларга эслатма бўлиши учун доим) айтиб юринг” – деган (Зуҳо: 5).
Шукрнинг учинчи рукни эса неъматларни Аллоҳ таолонинг розилиги йўлида ишлатишдир. Аллоҳ таоло Довуд алайҳиссалом оиласига: “Эй Довуд оиласи, шукр қилиш учун солиҳ амал қилинглар” – деганининг боиси ҳам шу (Сабаъ, 13).
Бу ҳақда Абу Абдураҳмон Ҳубалий роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Намоз шукрдир, рўза шукрдир, Аллоҳ йўлида қилган ҳар бир амалинг шукрдир. Шукрнинг энг афзали эса ҳамд айтишдир” (Тафсири Табарийдан).
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда бир неча ўринда нафақат бизларни, ҳатто пайғамбарларни ҳам шукр қилишга буюрган. Жумладан:
“Мени зикр қилинглар, Менга шукр қилинглар ва Менга нонкўрлик қилманглар” (Бақара: 152).
“Эй иймон келтирганлар, Биз сизларга ризқ қилиб берган покиза нарсалардан енглар ва агар фақат Аллоҳга ибодат қиладиган бўлсангизлар, Унга шукр қилинглар” (Бақара: 172).
“Эй Мусо, Мен сени пайғамбарлик ва Мен билан гаплашиш неъматлари ила барчадан афзал қилиб танладим. Шундай экан, сенга берган оятларимни ол ва шукр қилувчилардан бўл” (Аъроф, 144).
“Дарҳақиқат, сизга ҳам, сиздан олдинги пайғамбарларга ҳам: “Агар ширк келтирсангиз, барча амалингиз бекор бўлади ва аниқки, зиён кўрувчилардан бўласиз. Шундай экан, Аллоҳга ибодат қилинг ва шукр қилувчилардан бўлинг” – деб ваҳий қилдик” (Зумар, 65-66).
Шукр Аллоҳнинг розилигига етишга сабаб бўладиган амаллардан саналади. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай дейди: “Агар шукр қилсангизлар, Аллоҳ сизлардан рози бўлади” (Зумар, 7).
Шукр Аллоҳнинг азобидан сақлайди. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай деб марҳамат қилади: “Агар сизлар шукр қилиб, иймон келтирсангизлар Аллоҳ сизларни азоблаб нима қилади?!” (Нисо, 147).
Бу оятнинг тафсирида Қатода роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Аллоҳ таоло шукр қиладиган ва иймон келтирган кишини азобламайди” (“Тафсири Табарий”, 9/342).
Шукр қилиш Аллоҳнинг неъматлари зиёда бўлишига сабаб бўлади. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай дейди: “Раббингиз шундай деб эълон қилади: “Агар шукр қилсангизлар, Мен яна зиёда қиламан”” (Иброҳим, 7).
Шунинг учун баъзи салафларимиз: “Неъматлар “ёввойи” бўлади. Агар уларни шукр билан “боғлаб” қўймасангизлар, қочиб кетади” – дейишган экан.
Қандай қилиб шукр қиламан, дейсизми? Аллоҳга шукр қилиш учун аввало инсонларнинг қилган яхшиликларига шукр қила олиш лозим.
Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Инсонларнинг яхшиликларига шукр қила олмаган киши Аллоҳнинг берган неъматларига шукр қила олмайди” – деганлар (Термизий ривояти).
Шунингдек, шукр қилиш учун Аллоҳдан тақво қилиш лозим. Аллоҳ таоло: “Мендан тақво қилинглар, шояд шукр қилсангизлар” – дейди (Оли Имрон, 123).
Шукр қилиш учун Аллоҳ таолонинг берганига қаноат қилиб, тақдирга рози бўлиш керак.
Назиржон Қўчқаров,
Наманган тумани «Умарбой хожи» жоме
масжиди имом хатиби
Сизга ҳам ёқиши мумкин
Оммабоп хабарлар
-
МУКОФОТ МУБОРАК!
- Хабар муаллифи ravza.uz
- August 30, 2021
-
ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- March 7, 2023
-
Муфтий ҳазратлари Наманга...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- June 14, 2021
-
Муносабат: ижтимоий тармо...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- January 22, 2022