ОТА-ОНА ҲУРМАТИ

Ислом дини одамларнинг доимо бир-бирларига яхшилик қилишга амр қилади. Жумладан, шу гўзал дунёга келишига сабабчи бўлган ота-онасига яхшлик қилиш лозимлигини тушунтирган. Ота-она ҳар бир инсон учун жуда мўътабар, эъзозли улуғ кишилардир. Ота-она ким бўлишидан қатъи назар, уларни ҳурмат-эҳтиром билан уларга яхшилик қилиш ҳар бир фарзанд учун зарур бўлган вазифалардандир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда ота онасига яхшилик қилишга амр қилиб бундай дейди: “Биз инсонни ота-онасига яхшилик қилишга буюрдик...” (Анкабут, 8).
Бошқа ояти каримада Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Раббингиз, Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишни амр этди. (Эй, инсон!) Агар уларнинг бири ёки ҳар иккиси ҳузурингда кексалик ёшига етсалар, уларга “уф!..” дема ва уларни жеркима! Уларга (доимо) ёқимли сўз айт!” (Исро, 23).
Ушбу оятда “уларга ёқимли сўз” деганда ота-онани номи билан чақирмаслик, балки “отажон, онажон” каби сўзлар билан ёш гўдакларга хос муомала қилиш, уларни ранжитадиган гапларни гапирмаслик, улар олдида ўзини қул ёки хизматкордек тутиш кабиларни тушиниш керак бўлади.
Фарзанд ота-онага доимо яхши муомалада бўлиши шарт. Айниқса, улар кексалик ёшига етиб, жисмлари заифлашиб, унинг хизматига муҳтож бўлганларида, масъулият яна ҳам ортади. Инсон кексайгач унинг кўнгли нозик бўлиб қолади. Ҳар қандай сўз ва муомала ёқавермайди. Ана шундай ҳолда фарзанд уларга “уф” деган сўз билан ҳам эътироз билдириши мумкин эмас. Чунки, ота-она ўз боласини тарбия қилиш ва парваришлаш вақтида ҳар қанча машаққат бўлса ҳам сабр қилган ва унга меҳр билан муомалада бўлганлар. Фарзанд гўдаклик пайтида ота-онага қанчалик муҳтож бўлса, улар ҳам болаларига шунчалик муҳтож бўлади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай марҳамат қилганлар: «Аллоҳнинг розилиги ота-онанинг розилиги ва Аллоҳнинг ғазабида ота-онанинг ғазабидадир» (Абу Довуд ривояти).
Шунингдек, кимки Аллоҳ таолони рози этаман деса, ота-онасини рози қилишга ҳаракат қилсин. Чунки ота-она фарзанди учун қилган дуолари мақбул бўлади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладиларки: “Уч дуо дарҳол қабул бўлади. Уларда ҳеч қандай шак-шубҳа йўқдир. Мазлумнинг дуоси, мусофирнинг дуоси ва ота-онанинг фарзандларини койиб қилган дуоси” (Бухорий ривояти).
Дарҳақиқат, ота-она боласи учун қандай дуо қилса, ҳеч шубҳасиз қабул бўладиган дуолардан экан. Шунинг учун, фарзанд доимо ота-онасини хайрли дуоларини олишга ҳаракат қилиши лозим. Аксинча, дуоибад бўлишидан эҳтиёт бўлиши зарур.
Мансурхон Нишанов,
Чортоқ тумани “Ҳазрати Усмон” жоме
масжиди имом хатиби
Сизга ҳам ёқиши мумкин
Оммабоп хабарлар
-
МУКОФОТ МУБОРАК!
- Хабар муаллифи ravza.uz
- August 30, 2021
-
ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- March 7, 2023
-
Муфтий ҳазратлари Наманга...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- June 14, 2021
-
Муносабат: ижтимоий тармо...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- January 22, 2022