Қоронғи режим
Image
Logo

Одоб ахлоқ – инсон зийнати

Одоб ахлоқ – инсон зийнати

Ислом одоб динидир. Пайғамбаримиз алайҳиссалом энг гўзал одобларни етказиш учун юборилганликларини баён қилиб бундай  дедилар: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Мен яхши ахлоқларни камолига етказиш учун пайғамбар қилиб юборилдим», дедилар (Имом Аҳмад ривояти).

Одоб сўзи арабча «адаб» сўзи бўлиб, яхшиликка чақиришни англатади, у «маъдаба» ўзагидан олинган. Маъдаба эса одамларни яхшиликка, маънавий зиёфатга чақиришни англатади. Одоб ҳам одамлар доимо даъват қилинадиган маънавий «маъдаба», яъни зиёфат бўлгани учун шу номни олган. Демак, одоб яхшилик демакдир. «Фалон киши одобли экан» дейилгани ўша одамнинг яхшилиги кўп экан, деганидир. «Кийиниш одоби» деганда яхшилаб кийиниш тушунилади. «Суҳбат одоби» деганда суҳбатни энг яхши савияда олиб бориш кўзда тутилади. Одоб ахлоқ – инсон зийнати

Одобли, билимдон, меҳнатсевар, иймон-эътиқодли фарзанд нафақат ота-онанинг, балки бутун жамиятнинг энг катта бойлигидир. Дарҳақиқат, ҳар бир фарзанд шахси оилада шаклланади. Демак, оила-баркамол авлод пойдевори ҳисобланади. Шундай экан, оилада фарзандларни ахлоқий-ҳуқуқий жиҳатдан тарбиялаш, айниқса, адолат, бурч, ватанпарварликни шакллантириш, она ватанни севиш ҳиссини уйғотиш ўта муҳим ҳисобланади.

Оилада фарзандларни ўз бурчига садоқат руҳида тарбиялаш масъулият, онглилик, виждон каби фазилатлар билан чамбарчас боғлиқдир. Бунда ота-онанинг ўзаро самимий муносабати, уларнинг фарзандлари билан яқин, дўстона муносабатда бўлиши, уларнинг келажакдаги орзу-мақсадларини тушуниб олишлари, фарзандларнинг соғ-саломат вояга етишлари учун асос бўлади.

Инсон тарбия жараёнида яхши хулқ-атворга, одатларга ва ақл-фаросат омилларига эга бўлган бўлса, ҳаёт сабоқларини шунчалик яхши англайди ва яхши ишларни амалга оширади, ва аксинча, қанчалик тарбияси кам, ҳаётий кўникмалари оз бўлса, бундай шахс баъзан билиб ёки билмай ёмон ишларга қўл уради.

Ҳеч қачон болаларни тарбиялашда йўл қўйилган хато-камчиликлардан кўз юммаслигимиз керак. Ҳозирги турмушимизда баъзи бир одобсиз, билимсиз, ақлсиз, гиёҳванд, ота-онасига қўл кўтарадиган ва ўз болаларининг бахтсиз яшашига сабабчи бўлаётган кишилар учрайди. Бундайларнинг пайдо бўлишига асосий сабабчи ота-оналарику? Боласининг инсоний хатти ҳаракатларига уларнинг тарбияга лоқайдликлари сабаб бўлган.

Яхши тарбия, баъзилар ўйлаганидек, бир соатлик ёки бир кунлик иш эмас. Мақсадли тарбия тарбиячидан чидам, матонат, катта билим ва тажриба талаб қилади. Демак, ҳар бир ота-она ва ўқитувчи тарбияга оид билим ва малакага эга бўлиши шарт.

Болалар тарбиясида тезда ижобий натижаларга эришиш учун уларга билим бериш билан бирга, маълум меҳнат жараёнларига жалб этиш, касб ва мутахассислик сир-синоатларини қўшиб ўргатиш мақсадга мувофиқдир. Тарбия ишининг баъзан самарасиз бўлишига асосий сабаблардан бири тарбия жараёнида тартиб-интизомнинг бўлмаслигидир. Шахс қанчалик меҳр-муҳаббат ва тартиб-интизом асосида тарбияланса, ёмон хатти ҳаракатлардан шунчалик узоқ бўлади.

Тарбиянинг асосий мақсади ёшларни бахт-саодатли, ўз замонининг азиз, ҳурматли ва фидоий кишиси қилиб тарбиялашдан иборат.

Тарбиянинг мураккаблиги шундаки, у ҳеч қачон тугамайди, яъни киши туғилганидан то ўлгунига қадар зарур бўлади. Бундан ташқари, бир тарбия кўрган авлод ўрнига келган фарзандларни яна қайта бошдан тарбия қилиш даркор бўлади. Бу эса тарбиянинг тинимсиз даврийлигини ва абадийлигини кўрсатади.

Ислом таълимотига кўра, фарзанд ота-она зиммасидаги омонат бўлиб, улар бу омонат ҳақида масъулдирлар. Фарзандлар тарбиясига эътиборсизлик улкан хато, омонатга хиёнат ва киши динининг нуқсонидир. Ота-она фарзандининг биринчи мураббийидирлар.

Қуъони каримда оила аҳлига эътиборнинг қанчалик зарурлигини Аллоҳ таоло шундай баён қилади:

«Эй мўминлар, сизлар ўзларингизни ва аҳли-оилаларингизни ўтини одамлар ва тошлар бўлган дўзахдан сақлангизки, у (дўзах) устида қаттиқдил ва қаттиққўл, Аллоҳ ўзларига буюрган нарсага итоатсизлик қилмайдиган, фақат ўзларига буюрилган нарсани қиладиган фаришталар турур» (Тахрим, 6-оят)

Ҳар қандай тарбия, хусусан насиҳат оилада бошланади. Тарбиянинг бош мақсади – бир-бирига меҳр-оқибатли инсонларни вояга етказишдир. Ота ва оналар яна унутмасинларки, бугун фарзандлари тарбиясига эътибор бермаган киши орадан йиллар ўтгач, уйсиз, оиласиз қолади.

Одилхон Абдурахмонов,
Уйчи тумани “Худойберди Эшон” жоме
масжиди имом ноиби

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг