Қоронғи режим
Image
Logo

Омонатдорлик ва ваъдага вафо қилиш чин мўминлик белгиси

Омонатдорлик ва ваъдага вафо қилиш чин мўминлик белгиси

Барчамизга маълумки, омонатдорлик ва ваъдага вафо қилиш чин мўминлик белгиси ва унинг асосий сифатидир. Омонатнинг турлари кўп бўлиб, сақлаб туриш учун маълум муддатга берилган моддий ва маънавий нарсалар омонатдир. Инсонга берилган ҳаёт неъмати, муборак жисми-жони ҳам – Аллоҳ томонидан берилган омонатдир.

Барча гўзал хулқларда бизга ўрнак ва намуна бўлган суюкли Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам омонатдорлик ва ваъдага вафо қилиш бобида ҳам бизга намуна бўлганлар. Ул зоти шариф ростгўйликлари, бировларнинг ҳаққига хиёнат қилмасликлари, ваъдаларига вафодорликлари туфайли “ал-Амин”, яъни “омонатдор, ишончли одам” деган сифатни олганлар.

Аллоҳ таоло Қуръони киримнинг бир нечта жойларида бандаларини омонатдор бўлишга буюрган. Жумладан:“Дарҳақиқат, Аллоҳ омонатни ўз эгаларига топширишингизга буюрар” (Нисо сураси 58-оят).

Омонатдорлик ва ваъдага вафо қилиш, хиёнат қилмаслик якка шахслар ҳамда жамоалар ўртасида ўзаро ишонч ришталарининг мустаҳкамланиши ва ҳамкорлик барқаролигининг асосидир. Бундай мўминларга хос сифатлар орадан йўқолса, кишилар бир-бирига ишонмай қўйишади. Оқибатда улар ўртасидаги ишонч, меҳр-оқибат ва инсонийликка путур етиб, ёлғончилик ҳамда алдов кучайиб, мустаҳкам жамият инқирозга юз тутади.

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам бир қанча ҳадиси шарифларида омонатдорлик ва ваъдага вафо қилишга буюрганлар. Жумладан, “Омонат берган кишига омонатини қайтаринг! Сизга хиёнат қилган кишига сиз хиёнат қилманг!” (Имом Термизий ривоятлари).

Демак, динимизда хиёнат қилган кишига ҳам омонатдорлик билан муомала қилинади, асло, хиёнаткорнинг даражасига тушиб, у билан тенг бўлиб, гуноҳкор бўлишга рухсат берилмайди.

Омонатни сақлаб, уни чиройли ҳолатда эгасига қайтарган кишига жаннат ваъда қилинган.

Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Сизлар менга ўзларинг тарафдан олтита нарсага кафолат берсангиз мен сизларнинг жаннатга киришингизга кафолат бераман. Гапирганда рост гапиринглар! Ваъда берганда вафо қилинглар! Омонат берилса саломат қайтаринглар! Жинсий аъзоларингни ҳаромдан сақланглар! Кўзларингизни ҳаромдан тийинглар! Қўлингизни (зулмдан) тийинг!” (Имом Аҳмад ривоятлари).

Сизу бизларга берилган омонатлар жуда кўп. Тириклигимиз ва ҳаёт бизга вақтинча берилган омонатдир. Соғлик-саломатлик бизга берилган улкан омонат. Вақт омонат, фарзанд омонат, тинчлик омонат.

Бу омонатларни ўз ўрнида ишлатишимиз, уларга заррача хиёнат қилмаслигимиз керак. Берилган умрни солиҳ ишларга сарф этишимиз, саломатлигимизнинг қадрига етишимиз, вақтдан унумли фойдаланишимиз, ўзимиздан яхши ном қолдиришга ҳаракат қилишимиз, фарзандларимизни комил инсон қилиб тарбиялаш пайидан бўлишимиз, тинчлигимизни асраб-авайлашимиз, тинчлик ишига бепарво бўлмаслигимиз керак.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу шаҳар ташқарисига чиққанларида бир чўпоннинг қўй боқиб юрганини кўрдилар. Унинг олдига бориб, “Қўйларингдан биттасини сотмайсанми?” – деб сўрадилар. Шунда чўпон: “Мен қулман. Бу қўйлар хўжайинимники”, – деб жавоб берди. Ҳазрати Умар уни синамоқчи бўлиб: “Бўри еб кетди”, деб қўяверасан”, – дедилар. Ҳалиги чўпон: “Бўри еб кетди деб хўжайинимни алдашим мумкин. Аммо Аллоҳничи?!” деди. Бу қулдаги омонатдорликни кўрган ҳазрати Умар разияллоҳу анҳу уни хожасидан сотиб олиб, озод қилдилар.

Хулоса қиладиган бўлсак, имонимиз ва динимиз комил бўлиши учун ҳар биримиз омонатдор ва ваъдага вафо қиладиган солиҳ ва тақводор кишилар қаторида бўлайлик!

 

Анвархон АКРАМОВ,
Наманган шаҳар “Мулла Бозор Охунд” жоме
масжиди имом-ноиби

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг