ОНА

Араб тилида "она" сўзи икки ҳарф, яъни "алиф" ва "мим"дан иборатдир. Гарчи "она" сўзи қисқа ва мўъжаз бўлса-да, муҳаббат, меҳр-шавқат ва фидокорлик каби улкан маъноларни ўз ичига олади. Бу эса инсон учун онаси сингари яхши кўрадиган биронта зот йўқ, деганидир (Албатта, Аллоҳ таолонинг содиқ ва мухлис бандасига ёки Муҳаммад алайҳиссаломнинг чин умматларига бўлган севгилари бундан мустасно). Инсон минг севишиб турмуш қурмасин, севгилиси уни бутун вужуди билан севса-да, онанинг муҳаббатига тенг бўлмайди. Яъни, онаси борлар билсинки, сизга севгиси беқиёс бўлган буюк инсон бу-онадир. Айниқса, бу нарсани онасини йўқотганлардан сўранг. Волидасини эркалаб, суюшини соғинадилар. Шунинг учун ҳам муқаддас битикларда, неъматнинг қадри ўтиб кетганидан кейин билинади, деб айтилиши бежиз эмас.
Яна бир оналарга хос фазилат бу - фидокорликдир. Энг яқин дўстимиз бўладими, аёлимиз ёки бошқасими, онадек борини берадиганининг ўзи йўқ. Фарзандининг ютуғига севиниб, қийналганда биргалашиб, дард чекадиган ҳам онадир.
Қуйидаги сатрлар она мадҳ этилган энг ажиб каломлардан бири экан: "Она бу - доимий оқиб турадиган, қуримайдиган, оқишдан чарчамайдиган дарёдир. Ниҳояси йўқ, кўплаб яхшиликларни туҳфа этишдан эринмайдиган уммондир. У сен бошингни қўйиб, ташвиш ва муаммоларингдан шикоят қилганингда малҳам бўладиган нозиккина қалбдир. Она ўзидаги бор нарсани бериб, эвазига бирон нарсани кутмайдиган зотдир. Она шундай зотки, сен қанчалар уринма, сенга берган яхшиликларига яраша зарра миқдорича бўлса-да, қайтаришга қодир эмассан. Меҳри уммонинг сени бу ҳаётда борлигинга сабабчидир. Унга тақдим қилишга қодир бўлганинг, энг ақаллиси дуо бўлсин! Сен зафар қучишинг, соғлом ўниб, ўсишинг учун соғлигини, жонини фидо қилган зот ҳам - онадир! Онанг сени дунёдаги ёрдамчинг бўлса, охиратда эса жаннатга киритадиган зотдир".
Аллоҳ таоло ҳаёт бўлмиш онажонларимизни умрларини узун, соғликларини зиёда айлаб, ўтмишларини раҳмат қилсин!
Қодиржон Умурзаков
Поп тумани "Муҳаммаджон қори"
жоме масжидининг имом-хатиби
Сизга ҳам ёқиши мумкин
Оммабоп хабарлар
-
МУКОФОТ МУБОРАК!
- Хабар муаллифи ravza.uz
- August 30, 2021
-
ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- March 7, 2023
-
Муфтий ҳазратлари Наманга...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- June 14, 2021
-
Муносабат: ижтимоий тармо...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- January 22, 2022