Қоронғи режим
Image
Logo

Ота – онани эҳтиёт қилиш

Ота – онани  эҳтиёт қилиш

Бизларга ота-онадек буюк неъматни ато этган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин, ота-онага хизмат қилиш ва уларнинг дуолари сабабли жаннатий бўлиш башоратини берган икки олам сарвари, Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга дуруд ва саловотларимиз бўлсин.

Ота-она ризолигини топишдаги энг  муҳим қадам бу уларга ихлос билан яхшилик қилиш ва уларга чиройли хизмат қилишдир. Чунки, ихлос билан беминнат қилинган яхшилик билан инсон кўп  ажру савобга эга  бўлади. Аллоҳ таоло ота-она ҳақида нозил қилган ояти карималарида уларга яхшилик қилиш, яхши сўз айтиш ва яхши муомалада бўлиш юзасидан шундай буюради.

Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Роббингиз Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишингизни амр этди. (Эй инсон), агар улардан бири ёки ҳар иккиси ҳузурингда кексалик ёшига етишса, уларга “уф!” дема ва уларни жеркима! Уларга доимо ёқимли сўз айт! Уларга меҳрибонлик билан хорлик қанотини паст тут ва (дуода) айт: “Эй Роббим, мени гўдаклик чоғимда тарбиялаганларидек, Сен ҳам уларга раҳм қил!”  (Исро сураси, 23-24-оятлар).

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. У киши айтадилар: 

"Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: Аллоҳга энг маҳбуб амал қайси? деб сўрадим. Шунда У Зот: "Ўз вақтида ўқилган намоз" дедилар. Мен: Кейин қайси? дедим. У Зот: "Ота-онага яхшилик қилиш" дедилар. 

Эътибор берадиган бўлсак  Пайғамбар алайҳис салом намоз ўқишдан кейинги ўринга ота-онага яхшилик қилишга буюряптилар бундан кўриниб турибтики ота-онга хизмат қилиш жуда муҳим вазифамиз экан.

Асмо розияллоҳу анҳо шундай ривоят қилади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида Аллоҳга иймон келтирмаган онам ёнимга келарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Онам мени соғингани ва севгани учун ёнимга келмоқда. Унга яхшилик қилиб, чиройли муомала қилсам бўладими?” деб сўрадим. Аллоҳнинг Расули соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, онангга яхшилик  қилгин ва чиройли муомалада бўлгин”, дедилар.” (Бухорий, Муслим, Абу Довуд)

Каъбул Аҳбордан ривоят қилинади:
«Луқмон ўғлига шундай деди: «Эй ўғлим, ким ота-онасини рози қилса, Раҳмонни рози қилган бўлади. Ким ота-онасини норози қилса, Раҳмонни норози қилган бўлади. Эй болам, албатта, ота-она жаннат эшикларидан биридир. Агар рози бўлсалар, Жаббор сари борасан. Агар аччиқлари чиқса, маҳрум бўласан». 

Ҳасан Басрий роҳматуллоҳи алайҳ кекса онасини қаровсиз қолдириб ҳажга борган кишига: “Аллоҳга қасамки, онанг ёнида кечки овқатни бирга еб, унинг кўнглини хушнуд қилишинг ҳаждан кўра афзалроқдир”, дедилар.

Қаранг азизлар онага бўлган муҳаббат қандай қай даража.

Абдуллоҳ ибн Авн раҳимаҳуллоҳни оналари чақирдилар. Дарҳол “Лаббай” дедилар. Шунда ўзларининг “Лаббай” деган овозлари оналариникидан баландроқ чиққанини мулоҳаза қилиб, бу қилмишларига пушаймон бўлиб, истиғфор айтдилар ва иккита қул сотиб олиб, бу хатоларининг каффоротига уларни озод қилиб юбордилар.

Аллоҳ таоло ўтган ота-оналаримизни раҳматига олиб,  борларини умрларини  узун қилсин.

Косонсой тумани “Аълохон махдум” жоме
 масжиди имом ноиби Юнусхон Умаров

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг