Покликга эътибор динимиз талаби!

Аллоҳ таоло ҳар бир бандани аввало руҳий-маънавий покликка, сўнгра жисмоний тозаликка чақиради. Ибодатнинг қабул бўлиши, ниятнинг холису поклигида, бадану либоснинг тозалигидадир. Ибодат деганда аввало бандачилигимиз сўнгра ҳар бир амалки инсониятга фойдаси бор, ҳалол беғараз амалларнинг барчаси ибодатга киради. Беғараз, самимий табассум бағишлаш ҳам ибодатга киради. Ён-атроф озодалигига, баданимиз тозалигига, соғлигимизга эътибор беришимиз буларнинг барчаси ибодатдир. Ҳар бир ишда савоб бўлса буларнинг барчаси ибодатдир. Шунинг учун Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилиб, Ўзининг маҳбуб бандаларининг сифатларини баёнлаб марҳамат қиладики:
فِيهِ رِجَالٌ يُحِبُّونَ أَن يَتَطَهَّرُواْ وَاللّهُ يُحِبُّ الْمُطَّهِّرِينَ
“Унда покланишни яхши кўрадиган эрлар бор. Аллоҳ покланувчиларни яхши кўради”
Демак, Аллоҳ таолога севимли банда бўлиш учун инсон ўзини, ён-атрофининг поклигига диққат қилиши лозим. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилганларидек:
عن عائشة ، قالت : قال رسول الله صلى الله عليه وسلم : « الإسلام نظيف فتنظفوا ، فإنه لا يدخل الجنة إلا نظيف »
“Пок бўлинглар, зеро Ислом дини покдир ва фақат пок кишилар жаннатга кирурлар”
Шунингдек бошқа бир ҳадиси шарифда ҳам қуйидагича марҳамат қиладилар:
عن عبد الله قال : قال رسول الله صلى الله عليه وسلم : « النظافة تدعو إلى الإيمان ، والإيمان مع صاحبه في الجنة »
“Поклик кишини иймонга чақиради. Иймон эса, ўз эгасини билан жаннатда биргадир”
Демак, ҳар бир мусулмон аввало ўзининг ботиний ва зоҳирий ҳолатининг поклигига эътибор бериши лозим. Инсоннинг нияти пок бўлса, амали пок бўлади ва амали пок бўлган инсон ҳадисга мувофиқ жаннатга киради.
Покликнингяна бир белгиси мусулмон киши ўзининг ён атрофининг озодалиги ва поклигига эътибор қилиши билан ҳам бўлади. Уй-ҳовлисининг озодалигига, кўча-куй тозалигига қолаверса ўзи яшайдиган шаҳарининг тозалигига жуда ҳам диққат қилмоғи лозим. Чунки бу нарса динимизда ҳаттоинки иймон даражасига чиқарилган.
Абу Барза ал Асламий р.а. келиб Расулуллоҳ с.а.в.дан сўрадилар: “Ё Расулаллоҳ, мени жаннатга киритадиган амалга буюринг”. Шунда жаноби Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Одамлар йўлидаги озор берувчи нарсани олиб ташла”, деб айтдилар.
Азизлар, бу ҳадиси шарифдаги буюк маънога эътибор қаратинг. Бир саҳобий Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалламдан ўзини жаннатга киритадиган амални ихлос билан сўраяпти. Менга жаннат йўлини кўрсатинг, шуни қилсам, жаннатга кирадиган бўлай, деяпти. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламэса: “Одамлар йўлидаги озор берувчи нарсани олиб ташла”, деяптилар.
Демак, шу ишни қилсанг, жаннатга кирасан, демоқчилар. Одатда бизлар, эринчоқлик қилиб, йўлдаги озор берадиган нарсаларни олиб ташлашни унчалик хуш кўрмаймиз: “уни олсам, уст-бошим, қўлим, кир бўлади, кўрганлар нима дейди” каби ҳар хил андишалар қиламиз. Бироқ, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламодамлар йўлидаги озор берувчи нарсаларни олиб ташлашни жаннатга сабаб бўладиган амал деб айтганлар.
Эътибор қилсак сўнги вақтларда одамлар орасида йўл чети ва атрофидаги мусулмонларга озор берадиган айрим чиқиндиларни айнан мутасадди ташкилотлар олиб кетишини пойлаб шу ишга беэътибор бўлиш ҳолатлари кўплаб учраб турмоқда. Ушбу ишнинг нақадар улуғ эканлигини ҳақида Пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладиларки:
عن أبي هريرة [رضي الله عنه] عن النبي صلى الله عليه وسلم قال: "مَرَّ رَجُلٌ مُسْلِمٌ بِشَوْكٍ في الطَّريقِ، فقال: لَأُميطَنَّ هَذا الشَوْكِ، لا يَضُرُّ رجلاً مسلماً، فَغُفِرَ لَهُ".
“Бир мусулмон одам йўлда ётган тиконнинг олдидан ўтиб қолди. “Албатта, мана шу тиконни олиб ташлайман, бир мусулмон одамга зарар бермасин”, деб уни олиб ташлади. Бас, унинг гуноҳлари мағфират қилинди”
Во ажаб азизлар биз арзимас санаган ишда қанчалик улуғ ҳикмат ва яхшилик бор экан...
Ҳурматли азиз диндошлар! Шунақанги инсонларнинг ҳожатлари тушадиган жойлардан ахлатларни олиб ташлашлик, жуда катта ажрларга эга қилади. У хоҳ масжид бўлсин, хоҳ қабристон бўлсин, ёки одамлар дам оладиган масканлар, боғлар бўлсин, мана шу ерларни озода сақлашлик, ифлос қилмаслигимиз иймонимизнинг комиллигидан далолат қилади.
Бундай савобли ишларни айниқса яқинлашиб келаётган улуғ кунлар байрам кунлари амалга оширишимиз бизларга икки карра яхшилик келтиради. Бас шундоғ экан азизлар барчаларимиз ўзимиз яшаб турган кўчаларни, маҳалла гузарларини ва одамлар кўп тўпланадиган масканларни обод қилсак буюк мақсадга етган бўламиз. Бежизга доно халқимизда ажойиб бир нақл борки: “Обод қилган обод бўлади”, Аллоҳ таоло барчаларимизни ер юзини обод қиладиган бандаларидан қилсин Иншааллоҳ!!!
Нуруллоҳ Маҳкамов,
Чуст тумани “Саид Насимхон тўра” жоме
масжиди имом-хатиби
Сизга ҳам ёқиши мумкин
Оммабоп хабарлар
-
МУКОФОТ МУБОРАК!
- Хабар муаллифи ravza.uz
- August 30, 2021
-
ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- March 7, 2023
-
Муфтий ҳазратлари Наманга...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- June 14, 2021
-
Муносабат: ижтимоий тармо...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- January 22, 2022