Қалбларимизни қувончга тўлдираётган воқеа(+видео)

Виждон ва эътиқод эркинлиги – инсон учун бебеҳо неъмат. Мамлакатимиз аҳолисининг 90 фоизидан ортиғи мусулмон, шу билан бирга бошқа динга эътиқод қилувчи юртдошларимиз ҳам бор ва уларнинг ҳам барча эркинликлари тўлиқ кафолатланган.
Истиқлол йилларида юртимизда муқаддас динимизнинг ҳаққонийлиги ва поклиги, инсонпарварлиги ва бағрикенглиги, одамзотни комиллик ва эзгуликка чорлаши эътироф этилган ҳолда кенг имконият ва шарт-шароитлар яратиб берилмоқда. Зеро, аҳоли, айниқса фарзандларимиз онгида мафкуравий иммунитетни ҳосил қилишда, уларни мустақил фикрлайдиган, маънавиятли, миллий қадриятларга содиқ, дунёқараши кенг, иродаси мустаҳкам, сабр-бардошли, ошкора ва пинҳона кўринишдаги маънавий таҳдидларга доим тайёр турадиган, замон билан баробар қадам ташлайдиган инсон қилиб тарбиялашимизда ислом динининг ўзига хос ўрни ва аҳамияти бор. Бугун фарзандларимизга ислом динининг асл мақсади, мазмун-моҳиятини тўғри тушунтирсак, улар инсонийлик, меҳр-оқибат, ҳалоллик, охиратни ўйлаб яшаш, яхшилик, меҳр-шафқат сингари азалий фазилатлар эгаси бўлиб улғайишини яхши англаймиз. Қолаверса, муқаддас ислом динимизни пок сақлаш, уни турли хил ғаразли хуруж ва ҳамлалардан, туҳмат ва бўҳтонлардан ҳимоя қилиш, унинг асл моҳиятини униб-ўсиб келаётган ёш авлодга тўғри тушунтириш, ислом маданиятини, эзгу ғояларини кенг тарғиб этиш асосий вазифамиз ҳисобланади.
Мустақиллигимизнинг 31 йиллик тантанасининг руҳи ва шукуҳи кезиб юрган айни дамлар ватандошларимиз, мусулмон биродарларимиз учун энг ёдда қоларли ва қувончли воқеа-ҳодисаларга бой кечмоқда.
Президентимиз томонидан “Имом Бухорий” орденини таъсис этиш тўғрисида”ги Қонун имзоланди. Қонунга мувофиқ, “Имом Бухорий” ордени икки даражадан иборат бўлиши, “Олий даражали Имом Бухорий” ордени билан илм-фан ва маданият, жумладан, ислом маърифати ривожига улкан ҳисса қўшган буюк аллома ва мутафаккирларнинг ҳаёти ҳамда илмий меросини ўрганиш ва халқаро майдонда кенг тарғиб қилишда катта ютуқларга эришганлиги учун хорижий давлатлар ва ҳукуматлар раҳбарлари, хорижий мамлакатлар парламентлари вакиллари, халқаро ташкилотлар, дипломатик ваколатхоналар, консуллик муассасалари, уларга тенглаштирилган бошқа ташкилотларнинг раҳбарлари ва вакиллари, шунингдек хорижий арбоблар ва олимлар, юртимизнинг атоқли давлат ва жамоат арбоблари, диний-ижтимоий соҳадаги раҳбарлар, етук уламолар, педагоглар ва илмий тадқиқотчилар мукофотланиши белгилаб қўйилди.
Қонунга кўра, “Имом Бухорий” ордени билан эса буюк алломаларимизнинг илмий ва диний меросини тадқиқ этиш ҳамда тарғиб қилиш, ислом динининг умуминсоний қадриятлари ва асл моҳиятини мамлакат аҳолиси, айниқса ёшларга етказишдаги хизматлари учун илм-фан, таълим-тарбия, маданият, санъат ва адабиёт соҳаси ходимлари, давлат ва жамоат ташкилотлари ходимлари, диний уламолар, тадқиқотчилар мукофотланади. Бу муҳим ҳужжат Ислом маърифатини тарғиб қилиш, буюк алломаларимизнинг илмий ва диний меросини тадқиқ этишда муҳим қадамдир.
Бундан ташқари жорий йилдан Ҳаж ва Умра сафарига борувчи юртдошларимиз учун квоталарни сезиларли равишда кўпайтирилгани ҳам қувончли воқеа бўлди. Йилдан-йилга янги масжидлар бунёд этилаётгани, мавжудлари таъмирланиб, барча шарт-шароитлар яратилаётганини эътироф этиш жоиз.
Улар орасида пойтахтимизда Ислом цивилизацияси марказининг барпо этилаётгани алоҳида ўрин тутади. Ушбу йирик лойиҳанинг қурилиши қарийб тўрт йилдан бери давом этмоқда. Ислом цивилизацияси маркази, бир сўз билан айтганда, халқнинг маънавий ва маърифий қудрати кўзгуси ва тимсолидир. Буни давлатимиз раҳбари ҳам алоҳида таъкидлаб ўтди. Музей омбори, қадимий қўлёзма ва осори-атиқаларни сақлаш ҳамда реставрация қилиш хоналари, нашриёт ва китоб дўконлари, асосий кўргазма майдони, Ислом тарихи музейи ва унинг «Исломдан аввалги даврда Марказий Осиё», «Исломнинг Марказий Осиёга ёйилиши», «Таълим», «Илм-фан», «Меъморчилик ва шаҳарсозлик», «Санъат ва бадиий ҳунармандчилик», «Анъаналар» ҳамда «Учинчи Ренессанс – Янги Ўзбекистон» каби бўлимлари, 550 кишига мўлжалланган конференция зали бўлади. Бу марказ келажакда асрлар бўйи ислом динининг тараққиёти учун хизмат қиладиган муҳим маскан бўлиб қолишига шубҳа йўқ.
Мусохон Аббосиддинов,
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг
Наманган шаҳридаги вакили,
шаҳар бош имом хатиби.
Сизга ҳам ёқиши мумкин
Оммабоп хабарлар
-
МУКОФОТ МУБОРАК!
- Хабар муаллифи ravza.uz
- August 30, 2021
-
ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- March 7, 2023
-
Муфтий ҳазратлари Наманга...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- June 14, 2021
-
Муносабат: ижтимоий тармо...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- January 22, 2022