
Қариндошлик алоқаларини узманг!
Инсонни жамият билан узвий боғлайдиган ришталар жуда кўп. Ана шулардан бири қариндошликдир. Инсон бу риштага суянади, ундан куч-қувват олади. Ҳаёт муаммоларини ечишда унга таянади, у орқали инсон ҳаёти тинч ва осойишта кечади. Исломдан олдин ўтган қавм ва элатлар қариндошлик риштасини дўстлик, раҳм-шафқат алоқаларини мустаҳкамлашдаги ўзаро манфаатларни амалга оширишда асосий омил сифа- тида кўришган. Қуръони каримда: “Эй, одамлар! Сизларни бир жон (Одам)дан яратган ва ундан жуфти (Ҳавво)ни яратган ҳамда иккисидан кўп эркак ва аёлларни таратган Раббингиздан кўрқингиз! Шунингдек, ўрталарингиздаги ўзаро муомалада номи келтирилувчи Аллоҳдан ва қариндошлар (алоқасини узиш)дан кўрқингиз! Албатта, Аллоҳ сизларни кузатиб турувчидир”, - дейилиб, қариндошлик риштасини маҳкам тутишга чорланади. (Нисо сураси 1-оят)
Жамият саодати, қонуний тартиб ва низом мустаҳкамланишида асосий омил бўлган қариндошлик алоқаларининг аҳамияти адолат, яхшилик қилиш ва бошқа чиройли амаллар каби муҳимдир. Зеро, Аллоҳ таоло айтади: “Албатта, Аллоҳ адолатга, эзгу ишларга ва қариндошга яхшилик қилишга буюради ҳамда бузуқчилик, ёвуз ишлар ва зулмдан қайтаради. Эслатма олурсиз, деб (У) сизларга (доимо) насиҳат қилур». (Нахл сураси 90-оят)
Бошқа бир ояти каримада эса Аллоҳ таборак ва таоло қариндошлик ришталарини аҳамият жиҳатидан ўзига ибодат қилишдан кейин зикр этган ота-онага яхшилик қилиш ҳолатига яқин қилиб айтди: “Аллоҳга ибодат қилингиз ва Унга ҳеч нарсани шерик қилмангиз! Ота-оналарга эса яхшилик қилингиз! Шунингдек, қариндошлар, етимлар, мискинлар, қариндош қўшнию бегона қўшни, ёнингиздаги ҳамроҳингиз, йўловчи (мусофир)га ва қўл остингиздаги (қарам)ларга ҳам (яхшилик қилинг)! Албатта, Аллоҳ кибрли ва мақтанчоқ кишиларни севмайди». (Нисо сураси 36-оят)
Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладилар: “Силаи раҳм қилмаган, яъни қариндошларидан алоқани узган одам жаннатга кирмайди. Силаи раҳм доимий борди келди эмас, балки узоқлашиб кетган қариндош ҳолидан хабар олишдир”.
Қариндошлик ришталарини турли йўл ва усуллар билан мустаҳкамлашга ҳаракат қилиш инсон ризқи ва умрига таъсир этиши мумкинлиги ҳақида ҳам Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам башорат бериб бундай деганлар: “Кимни ризқи рўзи кенг бўлиши ва умри узоқ бўлиши хурсанд этса, бас у силаи раҳм қилсин, яъни қариндошлик ришталарини мустаҳкамласин”. (Муттафақун алайҳ)
Шу билан бирга қариндошлик ришталарини узиш энг катта гуноҳлардан бўлиб, бемеҳрлик, тошбағрлик каби иллатларни келтириб чиқаради. Бундай кимсадан бирон-бир яхшилик кутилмайди, ундан раҳм-шафқат умид қилинмайди. Зеро, ўз яқинларига яхшилик қилмаса, бегоналардан бутунлай четда бўлади. Унинг қалби ўз туғишганларига нисбатан тошбағир бўлса, улардан бошқаларга эса янада қаттиқ ва бемеҳр бўлади. Ислом таълимоти бундай ишларни қаттиқ қоралайди. Қуръони каримда Аллоҳ таоло: “Агар (имондан) бош тортсангиз, аниқки, сизлар ерда бузғунчилик қиларсизлар ва қариндошларингиз (билан ҳам алоқаларингиз)ни узасиз, албатта. Ундай кимсаларни Аллоҳ лаънатлагандир, бас, уларнинг (қулоқларини) «кар», кўзларини «кўр» қилиб қўйгандир», дея амр этиб, ер юзида бузғунчилик қиладиган кимсалар, албатта, силаи раҳмни ҳам узишига ишорат этиб, уларнинг ёмон оқибатидан дарак бермоқда. (Муҳаммад сураси 22-23-оятлар)
Бирон бир киши “Мен қариндошларимга силаи раҳм қиламан, улар мендан узилиб кетадилар, қанчалик уларга яхшилик қилсам менга ёмонликни раво кўрадилар, уларга яхши муомалада бўлсам буни асло эътиборга олмайдилар”, деган ўйда силаи раҳмни узиб қўймасин. Муҳаммад мустафо саллаллоҳу алайҳи васаллам баъзи саҳобалар шундай шикоят қилишган вақтда уларни ёмонликка ёмонлик билан жавоб беришга амр қилмаганлар, балки уларни чиройли муомалада бўлишга, қариндошлик ришталарини асло узмасликка чорлаб, шундай деганлар: “Қариндошларига оқибат қилмайдиган одам қариндош эмас, балки узилиб қолган қариндошлик алоқаларини тикловчи одам қариндошдир”.
Ҳар вақт қариндошларимизга меҳр-мурувват кўрсатиб, ўзаро қавму қариндошлик ришталарини мустаҳкамлаш орқали Парвардигор раҳматига сазовор ва Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак шафоатларига лойиқ бўлишимиз борасидаги саъй-ҳаракатлар аслида мўминликнинг белгиси саналади. Бир-биримизга яхшилик ва раҳм-шафқат қилсак, Аллоҳнинг раҳмати бизларга шунчалик яқин бўлади. Зеро, У марҳамат қилиб айтади: “...Аллоҳнинг раҳмати эзгу иш қилувчиларга яқиндир”. (Аъроф сураси 56-оят)
Аллоҳ таоло қариндошлик алоқаларини боғлашликни, улар билан тотувликда яшамоғлигимизни насиб айласин.
Нурулло Маҳкамов,
Чуст туман “Саид Насимхон тўра” жоме
масжиди имом-хатиби
Сизга ҳам ёқиши мумкин
Оммабоп хабарлар
-
МУКОФОТ МУБОРАК!
- Хабар муаллифи ravza.uz
- August 30, 2021
-
ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- March 7, 2023
-
Муфтий ҳазратлари Наманга...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- June 14, 2021
-
Муносабат: ижтимоий тармо...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- January 22, 2022