Қоронғи режим
Image
Logo

ҚАРИНДОШЛИК АЛОҚАЛАРИНИ ЯХШИЛАЙЛИК!

ҚАРИНДОШЛИК АЛОҚАЛАРИНИ ЯХШИЛАЙЛИК!

Динимизда ўзгаларга яхшилик қилиш, улар билан дўстлик алоқаларини боғлашга буюрилади ва тарғиб қилинади. Хусусан, қариндошлар ўртасидаги яхши муносабатларни мустаҳкамлаш жуда савобли экани, бу ҳар бир мусулмоннинг зиммасидаги илоҳий бурч экани кўп таъкидланади.    

“Силаи раҳм” арабча сўз бўлиб, “сила” – боғлаш, “раҳм” – қариндош, яъни “қариндошлик алоқаларини боғлаш”, деган маънони билдиради.

Силаи раҳм қилиш – ўзгаларга нисбатан қариндошларига ғамхўр ва муҳаббатлироқ бўлиш, улардан хабардор бўлиб, моддий-маънавий жиҳатдан қўллаб туришдир. Қариндошлар ичида бошқаларга нисбатан энг ҳақдорлари ота-она, ака-ука, опа-сингил каби яқин қариндошлардир.

Умуман олганда силаи раҳмни боғлаш динимиз ҳукмига кўра вожибдир. Уни узиш эса катта гуноҳлардан бири ҳисобланади. Бунга уламолар иттифоқ қилишганини Имом Қуртубий ва Қози Иёзлар нақл қилганлар.

Қуръони каримнинг бир қанча оятларида қариндошлик алоқаларини боғлашнинг фазилати ва уни узишнинг ёмонлиги ҳақида сўз юритилган. Жумладан, қуйидаги оятда қариндошликни боғлайдиган кишилар мақталади: “Улар Аллоҳ боғланишга буюрган нарсаларни (яъни қариндошлар билан алоқани) боғлайдилар, Парвардигорларидан қўрқадилар ва (охиратда) ҳисоб-китобнинг нохуш кечишидан чўчийдилар” (Раъд сураси 21-оят).

Аллоҳ таоло бандаларини яхшиликларга буюради ва ёмонликлардан қайтаради. Буюрилган амаллар ичида муҳимларидан бири силаи раҳм қилишдир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай деган: “Албатта, Аллоҳ адолатга, эзгу ишларга ва қариндошга яхшилик қилишга буюради ҳамда бузуқчилик, ёвуз ишлар ва зулмдан қайтаради. Эслатма олурсиз, деб (У) сизларга (доимо) насиҳат қилур” (Наҳл сураси 90-оят).

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам бу мавзу жуда муҳимлигини таъкидлаб шундай деганлар: “Ким Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган бўлса, қариндошлик алоқаларини боғласин (Муттафақун алайҳ).

Яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга силаи-раҳм сабабли ризқнинг мўл-кўл бўлиши, умрнинг узоқ бўлишини уқтирадилар:  “Ким ризқи кенг бўлиши, умри узун бўлишини хуш кўрса, қариндошлик алоқаларини боғласин” (Муттафақун алайҳ).

Юқоридаги ояти карима ва ҳадиси шарифларга кўра силаи-раҳм мусулмон кишига фарз бўлган амалдир. Агар ҳар биримиз силаи-раҳмга амал қилиб, қариндош уруғларимизнинг ҳолидан хабардор бўлсак, жамиятдаги жуда кўплаб муаммолар барҳам топади. Акс ҳолда дунёда ҳам охиратда ҳам кўп қийинчиликларга дучор бўлинади.   

Абдуллоҳ ибн Амр разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: Ҳақиқий силаи раҳм қилувчи киши қариндошлари тарафидан унга қилинган алоқага жавоб тариқасида (борди-келди) алоқа қилаётган одам эмас, балки улар тарафидан алоқа узилган пайтда уларга алоқани боғлаган одамдир (Имом Бухорий ривоятлари).

Демак, силаи раҳм қариндошлар билан чиройли муносабатда бўлиш, уларнинг хурсандчиликлари билан қувониш, мусибатларига ҳамдард бўлиш, муҳтож бўлсалар уларга ёрдам бериш, уларни доимо зиёрат қилиб туриш, кўнгилларини олиш, дилларини оғритишдан сақланиш, улардан бирор ёмонлик етса ҳам кек сақламай кечириб юбориш, қалбида уларга нисбатан ҳасад ва адоват сақламасдан ўртада муҳаббат пайдо қилиш йўлида бор куч ва ғайратини сарф қилиш каби фазилатларни ўз ичига олади.

Хулоса қиладиган бўлсак, динимиз талабига кўра яқин қариндошлар доим бир-бирларини ҳолларидан огоҳ бўлиб, ўзаро ёрдамчи бўлиб туришлари керак. Ўтган улуғларимиз: “Қариндошникига қадам ранжида қилмасанг, муҳтож бўлганида молингдан бермасанг, силаи раҳмни узибсан”, дер эдилар. Аллоҳ таоло барчамизни силаи-раҳм қилувчи банларидан қилсин!

 

Анвархон АКРАМОВ,
Наманган шаҳар “Мулла Бозор Охунд” жоме
масжиди имом-ноиби

 

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг