Қоронғи режим
Image
Logo

ҚИЗЛАРНИ ТУРМУШГА ТАЙЁРЛАШ

ҚИЗЛАРНИ ТУРМУШГА ТАЙЁРЛАШ

Халқимизда ажойиб одат бор. Қиз туғилган оилада ҳали қиз вояга етмасдан туриб сандиқ тўлдиришни бошлаб юборишади. Бу ишлар, албатта аёллар томонидан амалга оширилади. Табиийки, эркак киши қийналиб пул топганлиги учун сандиқ тўлдиришга ҳали эрталигини эслатса, хотин: “Мен янаям кеч бошладим. Одамлар анча эрта бошлашади. Кўзингизни очинг, ҳадемай қизимиз катта бўлиб қолади. Ўн йил-ўн беш йил бир пасда ўтиб кетади. Етти ёшдан бошлаб ташласа етади деган мақол бор” қабилида тушунча беради.

            Майли, бу тўғрида эътироз билдирмаймиз. Тўйга олдинроқ тайёргарлик бошланса, тўй маҳал анча енгил бўлар. Бу ҳам тўйнинг бир тадориги. Лекин яна бир томони бор. Тўйга тайёргарлик фақатгина моддий бойликдангина бўлмаслиги керак. Чунки бахт фақат бойлик ва дунё матоҳларидангина иборат эмас. Балки қизларимизни катта оилага бека бўлишликка тайёрлаш зарур.

            Бир макон билан бошқа маконнинг паст-баланди бир хил эмас. Ҳаёт ҳам доимо бир маромда бўлавермайди. Умр сўқмоқлари машаққатлардан ҳоли эмас.

            Баъзи оилалар қудаларидан нолигани нолиган. Гўёки қизларини номуносиб хонадонга бериб қўйган. “Улар ўзи бизнинг тенгимиз эмас эди. Фалончининг гапига кириб бериб қўйибмиз” деган гапларни кўплаб эшитиш мумкин. Аслида биз киммизу, ким бизга тенг эмас. Ҳатто икки олам сарварининг қизи ҳам қанчалар дунё машаққатларини тортгани бизларга ибрат бўлиши керак.

            Кунлардан бир кун Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қизлари Фотимайи Заҳро разияллоҳу анҳонинг уйларига келдилар ва:

  • Ўғилчаларим қани? – деб Ҳасан ва Ҳусайн разияллоҳу анҳумоларни сўрадилар. Фотима разияллоҳу анҳо жавоб бердилар:
  • Эрталаб турсак уйимизда тотигулик нарса қолмабди. Аллоҳ таолога ҳамдлар айтдик. Али менга “Мен уларни олиб кетаман. Уйда ҳеч нарса қолмабди, тағин сенга ғалва қилишиб қолмасин” деб иккаласини олиб яҳудийникига кетди.

Расули акрам саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўша томонга юзландилар. Борсалар набиралари ҳовуз бўйида ўйнаб ўтиришибди. Ёнларида бир қанча хурмо. Ҳазрат саллаллоҳу алайҳи ва саллам:

  • Эй Али, кун қиздирмасдан туриб буларни олиб уйга қайтмайсанми? – дедилар.
  • Эрталаб турсак уйда ҳеч нарса қолмаган экан. Эй Аллоҳнинг Расули! Бир оз ўтириб турсалар Фотимага ҳам хурмо тўплаб олардим, – деди Али разияллоҳу анҳу.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўтириб турдилар. Али разияллоҳу анҳу яҳудийнинг хурмосини териб берар ва бир пақир хурмога бир дона хурмо ҳақ олар эди. Бир қанча хурмо териб олгач Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга хурмоларни кўтариб Ҳасан  ва Ҳусайнлар билан уйга қайтдилар.

Фотима разияллоҳу анҳо мана шундай машаққатли ҳаётга чидамли бўлиб чиройли сабр қилар эди. Аллоҳ таолога кўплаб ҳамдлар айтар эди. Ҳаётидан мамнун, турмушидан рози эдилар.

Бундай ҳикоялар бизларга ибрат бўлиши лозим.

Қизларимиз бўлар бўлмас гапларни уйга кўтариб келмаслиги керак. Қандай муаммо бўлса, ўша уйнинг ўзида ҳал қилиш керак. Сабр қилса, ҳаммаси ўтиб кетади.

 

Жобирхон Халимхон ўғли
Мингбулоқ тумани “Мулла Тожи Аҳмад” жоме
 масжиди имом хатиби

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг