Қоронғи режим
Image
Logo
ҚОЗОНГА ЯҚИНЛАШСАНГ ҚОРАСИ ЮҚАДИ

ҚОЗОНГА ЯҚИНЛАШСАНГ ҚОРАСИ ЮҚАДИ

Аллоҳ таолонинг итоаткор бандасига энг гўзал туҳфалардан бири бу - солиҳ дўстлардир. Яъни, мўмин кишининг атрофида яхши инсонлар тўпланиши, маслаҳату-насиҳатга эҳтиёж бўлиб турган чоғи тўғри йўл кўрсатадиган инсонлар бўлишидир. Билъакс, мўмин атрофида ноқобил, толиҳ инсонлар тўпланиши, улар билан ҳамтовоқ бўлиши бу - Аллоҳ томонидан уша бандага берилган имтиҳондир.

Шак-шубҳа йўқки, инсон салоҳиятли одамлар билан сийланиши жаннатдаги мақомини белгилайди. Табиийки, носоғлом муҳит уни жаҳаннам сари етаклаши мумкин, Аллоҳ асрасин. Солиҳ дўстлар инсонни гўзал хулқ, солиҳ амаллар ва фойдали илмлар ҳосил қилиш йўлида кўмакдош бўлади. Ноқобил муҳит ва ноқобил дўстлар эса юқоридаги фазилатларнинг барчасига тўсқинлик қилади. Натижада инсон хайрли амалларга киришишга ҳам "дўстлари" боис, ҳижолат чекадиган бўлиб қолади. Энг ёмони, охири бориб, умуман қўли яхши ишга бормай қолади ва ҳамтовоқларидан бирига айланади. Қозонга яқинлашсанг қораси юқади, деб бежиз айтилмаган.

Шайх Саъдий роҳматуллоҳи алайҳнинг солиҳ дўст ҳақида ажойиб ҳикматли сўзи бор. У киши айтади: “Ҳаммомда менга бир сиқим тупроқ – гил бердилар. Гил гул каби ёқимли ҳид таратди. Мен ажабланиб гилга дедим:

- Эй гил, сен гулмисан ё анбармисан? Гулдек ҳид таратишинг мени маст қилди. Гил деди:

- Эй Саъдий! Гул ҳам, анбар ҳам эмасман. Балки тупроқнинг энг хокисориман. Лекин бир куни гул билан ошно бўлдим. Шу гулнинг хушбўй ҳиди кўксимга ёйилди. Мендаги ёқимли ҳид ўша гулнинг ҳидидир. Йўқса, мен оддий бир гил – тупроқман холос.

Шайх ҳазрат бу ҳикоя билан одамларга бир ибрат дарси бериб, бундай дедилар:

- Эй инсон! Гўзал феъл-атворли кишиларни ўзинга дўст қилиб олсанг, уларнинг гўзал феъллари сенга таъсир қилади. Оқибатда сен ҳам улар каби гўзал хулқли бўласан. Гул ҳиди гилга таъсир қилгани каби, яхши кишиларнинг гўзал ахлоқи ҳам сенга таъсир қилади ва хақиқий инсон бўлиб етишасан. Яхшиларнинг ёнида ўтирмоқ мушк анбар дўконида ўтирмоққа ўхшайди. Бирор нарса харид қилмасанг ҳам муаттар исидан доим бахра оласан".

Қисқача хулоса шуки, дўст танлашда адашмайлик. Кўпроқ солиҳлар, уламолар мажлисини лозим тутайлик. Шояд, киёмат кунида Аллоҳ йўлидаги солиҳ дўстга муҳтож бўлиб турган чоғимизда коримизга яраса.

 

Илҳомжон Юнусов,
Косонсой тумани "Бузрукхўжа”жоме
масжидининг имом-хатиби

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг