Қоронғи режим
Image
Logo

ҚУРЪОНИ КАРИМ ВА УНИНГ АҲАМИЯТИ.

ҚУРЪОНИ КАРИМ ВА УНИНГ АҲАМИЯТИ.

Маълумки, муқаддас ислом динининг асосий манбаси бўлмиш Қуръони карим Аллоҳ таоло томонидан Пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга йигирма уч йил давомида фаришта ҳазрати Жаброил алайҳиссалом воситаси ила туширилган ҳамда мусҳабларга битилган, қалбларда ҳифз, тилларда қироат қилинган ҳолда ҳеч бир ўзгаришсиз, узликсиз узатиш орқали етиб келган илоҳий китобдир.

Қуръони карим Аллоҳ таоло томонидан бутун башариятни қиёматга қадар бахт ва саодат қучишлари, дунё-охиратда роҳат ва фароғатда яшашлари учун нозил қилингандир. Бинобарин, унда кишилик жамиятининг энг оддий жиҳатларидан тортиб, то мураккаб жараёнларга қадар барча жиҳатлари қамраб олинган. Унда ҳар бир инсоннинг туғилганидан бошлаб то вафотига қадар муҳтож бўладиган барча йўл-йўриқлар кўрсатилган. Унда инсонларнинг ўзаро ҳақ-ҳуқуқларига оид қонун ва қоидалар, мусулмонлар жамиятининг тартиб ва низоми, пайдо бўлган муаммоларнинг энг тўғри ечимлари батафсил баён қилингандир.

Чунончи, Қуръони каримда ибодат аввало, ақида, яъни тавҳид масалалари Аллоҳ таолонинг якка ягоналиги, фаришталар, Пайғамбарлар, самовий китобларга иймон, охират кунига ишониш, жаннат-дўзах, сирот, амаллар дафтари, мезон каби мавзулар, ибодат масалалари (тахорат, намоз, закот, рўза, ҳаж ) кабилар ва муомалот (никох, талоқ, маҳр, идда, нафақа, эмизиш) каби, шунингдек, олди-сотди, ижара, қасам каби мавзулар кенг ёритилган. Мазкур қонун-қоида ва йўл-йўриқларга амал қилиш учун эса, албатта Қуръони каримни атрофлича ўрганиш, унинг мазмун- моҳиятини англаш лозим бўлади. Бунинг учун эса Қуръони каримнинг муродини, оятларнинг нима учун нозил бўлгани, улардаги яширин сир-асрорлардан воқиф бўлиш зарурдир. Бу эса Қуръони каримнинг тафсир қилиш, яъни маъноларини очиб бериш, шарҳлашга эҳтиёж туғдиради. Зотан, "Қуръон" сўзининг луғавий маъноси ўқимоқ, қироат қилмоқ бўлиб, мусулмонлар кундалик ҳаётларида ундаги аҳкомларга амал қилиш билан бирга, доим ўқиб туришга буюрилганлари учун бу китоб Қуръон деб номланади. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай дейилган.

"Албатта биз сизлар фикр қилишларинг учун Қуръонни арабча нозил қилдик".
Ислом тарихига мурожаат этсак, кўрамизки, даслаб, у нозил бўлаётган даврда Пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари асҳобларига Қуръони Каримнинг баъзи оятларини кенг тушунтириш, уларнинг маъносидаги махфийликни очиб берганлар. Уни саҳобаи киромлар зеҳнларида сақлаб, оғизма-оғиз бир - бирларига, кейинчалик тобиъийнларга етказганлар. Ўз навбатида Қуръони Каримнинг баъзи оятлари маъносини саҳобалар ҳам Пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитганларига қўшимча эҳтиёжга мувофиқ ижтиҳод қилиб тафсир қилганлар. Шуни таъкидлаш жоизки, Қуръони Карим маъноларини тушунишда саҳобаи киромларнинг фикрлаш даражалари ҳам, ўз тиллари ҳикматларини ажрата билиш қобилятлари ҳам бир-бирлариникидан фарқ қилган. Ибн Қутайба бу ҳақда шундай дейдилар.

"Саҳобалар ғариб калималар, муташобиҳ оятларнинг маъноларини мукаммал билмаганлар, балки уларнинг орасида бир-бирларидан фазилатда, фаҳму фаросатда ортиқроқлари бўлган".

Демак саҳобаи киромлар Аллоҳ таоло нозил қилган оятларни ўзларича тушунганлар, тушунмаган жойларини бошқа улуғроқ саҳобалардан сўраб билганлар ёки ўз эҳтиёжларига мувофиқ тушунтириб бериш учун Пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга мурожаат қилиб турганлар. У зот алайҳиссалом оятларнинг ҳикматларини, улардан ҳосил бўладиган тушунчаларни баён қилиб берганлар.

Маъсумхон Турғунов
Наманган шаҳар "Шайҳ Эшон" жоме
 масжиди имом-хатиби

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг