ҚУРЪОНИ КАРИМ ВА ҲАДИСИ ШАРИФДА ДУОНИ ТУШУНЧАСИ.

Араб тилида “дуо” сўзи – чақириш, сўраш – маъноларини англатиб бу ҳақида ояти каримада;
“Эй Расулим! Бандаларим сендан Мени сўрасалар, Мен уларга яқиндурман. Менга дуо қилсалар, дуогўйларнинг дуоларини ижобат қилгайдурман. Ахир, улар ҳам Менинг даъватимга жавоб қилсинлар ва Менга ҳақиқий иймон келтирсинлар, шояд тўғри йўлда юргайлар” (Бақара 186- оят)
Яна бир ояти каримада: “ Роббингизга тазарруъ ила махфий дуо қилинг. Зотан, У ҳаддан ошувчиларни севмас” (Аъроф 55-оят)
Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло мўмин бандаларига дуо қилиш одобларини ўргатмоқда. Дуода тазарруъ – ёлбориш ва махфийлик бўлиши зарурлигини таъкидламоқда.
Худди шу маънода Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларида ҳам ўз ифодасини топган.
Имом Бухорий ва имом Муслим Абу Мусо ал Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда қуйидагилар баён қилинган: “ одамлар баланд овоз билан дуо қилган эдилар, Расулуллоҳ ссоллаллоҳу алайҳи васаллам: “ Эй, одамлар, ўзингизга шафқат қилинг, сизлар кар ёки ғайбга дуо қилаётганингиз йўқ. Сиз дуо қилаётган Зот энг яхши эшитувчи ва энг яқин Зотдир” дедилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “ дуо ибодатдир” дедилар ва (Ғофир сурасининг 60- ояти) “ва Роббингиз: “ Менга дуо қилинглар, сизни ижобат қилурман. Албатта, ибодатимдан такаббурлик қиладиганлар тезда жаҳаннамга бўйин эгган ҳолларида кирурлар” оятини қироат қилдилар.
Ушбу ҳадисда келитрилган ояти каримада дуо маъноси ибодат маъноси билан бир хилда ишлатилган. Бинобарин, дуонинг ибодат эканини Аллоҳ таолонинг ўзи бандаларига билдирмоқда. Ва шу билан бирга
“Аллоҳ таолонинг наздида дуодан кўра мукаррамроқ нарса йўқ”, ва “ Дуо ибодатнинг мағзидир”.
Шу билан бпрга бандаеки агар Аллоҳдан сўрамаса у шаккокликдир буни мисолини бир нечта ҳадисларда кўришимиз мумкин. Бу хусусида;
“ Ким Аллоҳ таолодан сўрамаса, У зот ундан ғазабланади”.
“ Кимни Аллоҳ таоло унга балолар, шиддатлар пайтида дуосини ижобат қилиши хурсанд қилса, оройиш пайтида дуони кўпайтирсин”.
“Кимга дуо эшиги очилса, унга раҳмат эшиклари очилган бўлади. Аллоҳ таоло бериладиган нарсалар ичида энг маҳбуб бўлгани офиятни сўрашликдир”, деб марҳамат қилинган.
Фақиҳ Абу Лайс Самарқандий алайҳи роҳма Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: “ким етти нарса билан ризқланса, еттита нарсадан маҳрум бўлмайди:
- Кимики шукр билан ризқланса, мулки зиёдаликдан маҳрум бўлмайди. Аллоҳ таоло айтади:
“Қасамки, (берган неъматларимга) шукр қилсангизлар, албатта, сизларга зиёда қиламан” (Иброҳим сурасининг 7 ояти)
- Кимики сабр билан ризқланса, савобдан маҳрум бўлмайди. Аллоҳ таоло айтади:
“ҳеч шак-шубҳа йўқки, сабр-тоқат қилувчиларга ажр мукофотлари ҳисоб-китобсиз тўла-тўкис қилиб берилур” (Зумар сураси 10 оят)
- Ким тавба билан ризқланса, қабул бўлишдан маҳрум бўлмайди. Аллоҳ таоло айтади:
“У бандаларидан тавба – тазарруъ қабул қиладиган Зотдир” (Шўро сураси 25 оят)
- Ким истиғфор билан ризқланса, мағфиратдан маҳрум бўлмайди. Аллоҳ таоло айтади:
“Роббиларингиздан истиғфор сўранглар, албатта, У Зот кечирувчидир”. (Нуҳ сураси 10 оят)
- Ким дуо билан ризқланса, ижобатдан маҳрум бўлмайди. Аллоҳ таоло айтади:
“ Менга дуо – илтижо қилинглар, Мен сизларни ижобат қиламан” (Ғофир сураси 60 оят)
- Ким инфоқ – нафақа қилиш билан ризқланса, унинг ўрни тўлишдан маҳрум бўлмайди. Аллоҳ таоло айтади:
“Не бир нарсани инфоқ-эҳсон қилсангиз, бас, Аллоҳ таоло унинг ўрнини тўлдирир” (Сабаъ сураси 39 оят)
- Кимга ижтиҳод қилиш берилган бўлса, тавфиқдан маҳрум бўлмайди. Аллоҳ таоло айтади:
“Бизнинг йўлимизда курашган зотларни, албатта, ўз йўлларимизга ҳидоят қилурмиз” (Анкабут сураси 69 оят)
Жазирий алайҳи роҳма дуоларнинг қабул бўлиш борасида ёзган асарларида бир нечта шартларни зикр қилган:
- ейдиган, ичадиган, киядиган нарсалари ва яшайдиган ерлари ҳаромдан бўлмаслиги
- ихлос билан дуо қилиши
- мусулмонларга қарши бўлмаслиги
- қийимлари ғоят тоза бўлиши
- таҳоратли бўлиши
- қиблага юзланмоқлик
- тиз чўкиб ўтиришлиги
- аввал нафл намоз ўқимоқ даркор
- хайр ишлар қилишлиги
- камбағаллар ва толиби илмларни хурсанд қилмоғи
- Аллоҳ таолога ҳамду санолар айтмоқлиги
- Пайғамбаримизга ва бошқа пайғамбарларга саловотлар айтмоқлиги
- энг афзал саловот намозда ўқийдиганмиз “Аллоҳумма солли...” ва “Аллоҳумма борик...”дир. буни қанча кўп ўқиса, дуо шунча тез қабул бўлади.
- қўлларини юқорига кўтариб, ҳовучларини очиб, қўлтиқлари ости кўринарли даражада ёки кўкси баробарида қўларини кўтариб, бирлаштириб, дуо қилмоғи лозим.
- одобга риоят қилмоғи лозим
- хушу ва тазарруъ билан Аллоҳ таолога ёлвормоғи лозим
- асмоул ҳуснани - Аллоҳ таолонинг исмлари ўқиб тилагини тиламоғи лозим. Пайғамбарлар ёки солиҳ киишларни васила қилиб қилиши мумкин.
- мулойим овоз билан Аллоҳ таолога ёлвормоғи лозим.
- гуноҳларини эътироф этиб, Аллоҳ таолодан авф ва мағфират сўрамоғи лозим
- Пайғамбарлардан ва авлиёлардан ворид бўлган саҳиҳ бўлган дуоларни ўқимоғи
- дуоларни такрор айтмоғи лозим
- қалб ҳузури билан тилагини сўрамоғи лозим
- ҳамду сано билан ҳамда саловотлар билан дуосини якунламоғи
- қўлларини юзига сурмоғи
- ва дуосининг қабул бўлишига умид қилмоғи
ана шундай одобларга риоят қилмоқ керак ва шуни ҳам унитмаслик керакки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам дуода дунё ва охират саодатини тиламоқ тавсия этганлар.
Шариатдаги дуо ижобат бўладиган вақтлар борасида қуйдаги тавсиялар берилган;
- Азон ва иқомат ораси, чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ана шу иккаласи орасида дуо қилишликни буюрганлар.
- Туннинг учдан бири қолганда
- Саҳар вақтида
- Арафа куни
- Жума куни ва кечаси, яъни пайшанба кечаси
- Хайит кечалари
- Рамазонда кечаси ю кундузи
- Қуръони каримни ўқиб бўлгандан сўнг
- Фарз намозлари орқасидан
- Танҳо ва ҳеч ким бўлмаган жойларда
- Муборак кечалар: рагойиб, меърож, барот, қадр, ашуро куни
- Ёмгир ёгаётганда
- Ражаб ойининг илк кечаси
- Жуманинг икки хутбаси орасида
- Жанг пайтида
Дуо ижобат бўладиган маконлар
- Ота-она ҳузурида
- Устоз ҳузурида
- Куёв-келин жамъ бўлган чимилдиқда
- Халол Таомдан сўнг дастурхон устида
- Масжидда, жамоат ҳузурида
- Минбар устида
- Улуғ кишиларнинг мозорида
- Илм ўқилган жойда
- Каъба ёнида
- Каъба эшиги ёнида
- Каъбадаги хатимда
- Рукнул ямонийда
- Хажарул асвад ёнида
- Мақоми Иброҳимда
- Зам-зам булоғи ёнида
- Сафо марва тоғи устида
- Жабалун нур тоғи устида
- Масжидул набавийда
- Пайғамбаримизнинг равзаларида
- Жаннатул бақий қабристонида
- Уҳуд тоғида
- Қубо ва қиблатайн масжидларида
- Масжидул ақсода
Ушбу юкорида зикр килинган замон ва маконларда дуолар шак-шубхасиз кабул килингайдир. Пайгамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дуоларнинг ижобат бўлишига башорат берганлар.
Ботиров Баҳодир,
Чуст тумани “Охунбобо” жоме
масжиди имом хатиби.
Сизга ҳам ёқиши мумкин
Оммабоп хабарлар
-
МУКОФОТ МУБОРАК!
- Хабар муаллифи ravza.uz
- August 30, 2021
-
ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- March 7, 2023
-
Муфтий ҳазратлари Наманга...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- June 14, 2021
-
Муносабат: ижтимоий тармо...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- January 22, 2022