Қоронғи режим
Image
Logo

ҚЎШНИ БИЛАН ОҚИБАТЛИ БЎЛАЙЛИК!

ҚЎШНИ БИЛАН ОҚИБАТЛИ БЎЛАЙЛИК!

Қўшничилик тушунчаси халқимизнинг  хоҳ тўй, хоҳ аза бўлсин, ўзаро маслаҳатлашиш ва ёрдамлашиш, меҳмонларни кутиб олиш ва уларни кузатиш, ҳайит кунлари бир-бирининг уйига таом чиқариш гўзал урф-одатимизга айланиб кетган.

Аслида қўшнилар билан чиройли ва самимий муносабатда бўлиш, касал бўлганда ҳолидан хабар олиш, уларнинг тўй-ҳашамларида хурсандчилигига шерик бўлиш ва мусибат етганида суянчиқ бўлиш каби қўшничилик одобларига риоя қилиш мўмин кишининг вазифасидир.

Муқаддас ислом дини инсонларни ўзаро бир бирлари билан дўстликда, ҳамжиҳатликда, меҳр-оқибатда яшашга тарғиб қилади. Бу билан жамият аъзолари ўртасида аҳиллик, дўстлик, ҳурмат иззат каби ахлоқий фазилатлар камол топиб, жамият тараққиёти ва равнақига жуда катта ижобий таъсир кўрсатади. Шунингдек, жамиятда маънавий-аҳлоқий муҳит барқарорлиги таъминланади. Шундай алоқалардан бири – қўшничилик алоқаларидир. Аллоҳ таоло ўзининг каломи бўлган Қуръони каримда бундай деб марҳамат қилади: “Аллоҳга ибодат қилингиз ва унга ҳеч нарсани шерик қилмангиз! Ота-оналарга эса яхшилик қилингиз! Шунингдек, қариндошлар, етимлар, мискинлар, қариндош қўшнию бегона қўшни, ёнингиздаги ҳамроҳингиз, йўловчи (мусофир)га ва қўл остингиздаги (қарам)ларга ҳам (яхшилик қилинг)! Албатта, Аллоҳ кибрли ва мақтанчоқ кишиларни севмайди”,(Нисо, 36).

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Менга Жаброил қўшнига яхшилик қилиш ҳақида шунчалар тавсия қилдики, ҳаттоки, уни меросхўрим қилиб қўйса керак, деб ўйладим», – дедилар».

Шарҳ: Бу ҳадис ҳам Жаброил алайҳиссаломнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қўшнининг ҳаққи ҳақида васият қилгани ҳақида бироз аввалроқ Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисни такрорлаб келган.

 

Абдуллоҳ ибн Амрдан ривоят қилинади:

«Унинг қўйи сўйилди. У хизматчи йигитига:

«Яҳудий қўшнимизга ҳам ҳадя қилдингми? Яҳудий қўшнимизга ҳам ҳадя қилдингми?» – деб ҳадеб сўрайверди.

Сўнг: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Жаброил менга қўшнига яхшилик қилиш ҳақида шу қадар тавсия қилдики, ҳатто, уни меросхўрлик қилса керак, деб ўйлаб қолдим», деганларини эшитганман», – деди».

Шарҳ: Бу ҳадисда саҳобалардан бирларининг ана шу ҳадиси шарифга қандай амал қилишлари кўрсатилмоқда. Қўшни яҳудий экан, душманлик қилиб юрган ғайридийн одамлардан экан. Лекин ҳадисда «қўшни» дейилганми, бўлди. Яҳудийми, насронийми, мажусийми, ким бўлишидан қатъиназар, унга яхшилик қилиш керак.

Нофеъ ибн Абдулҳорисдан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Мусулмон кишининг саодати кенг маскан, солиҳ қўшни ва яхши маркабдадир», – дедилар».

Шарҳ: Демак, ушбу нарсалар бахтли, саодатли кишининг бу дунёдаги аломатларидан экан.

Хулоса ўрнида, албатта бизни шу дунёда ҳам охиратда ҳам Аллох таолони розилигини истасак атрофимиздаги инсонлар билан,  айниқса қўни-қўшнилар билан яхши муносабатда бўлишимиз керак экан.

 

Авазбек Тўраев,
Норин тумани “Қурбон ота” жоме
масжиди имом хатиби

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг