Қоронғи режим
Image
Logo
Қўшнига яхшилик қилиш

Қўшнига яхшилик қилиш

 Дунёда яшаган ҳар бир инсон билади-ки, инсонга қўшнидек асқотадиган бирон кимса йўқ. Ота-боболаримиз: “Уй олма, қўшни ол” деганлар. Қўшни уйга қараганда жуда муҳимдир. Яна ота-боболаримиз: “Қўшни қўшнининг кулига муҳтож”, “Қўшнинг тинч-сен тинч” деганлар ва бу сўзларнинг мезонларини Қуръондан олганлар.

Ояти каримада қўшничилик тўғрисида бундай дейилади:

 «Аллоҳга ибодат қилинг ва Унга ҳеч нарсани шерик қилманглар! Ота-оналарга яхшилик қилинглар! Шунингдек, қариндошлар, етимлар, мискинлар, қариндош қўшнию бегона қўшни, ёнингиздаги ҳамроҳингиз, йўловчи (мусофир)га ва қўл остингиздаги (қарам)ларга ҳам (яхшилик қилинглар)! Албатта, Аллоҳ кибрли ва мақтанчоқ кишиларни севмайди» (Нисо, 36).

Ояти каримада қўшни мўмин ёки кофир деб ажратилмаган. Шунинг учун муфассирлар кофир қўшнига ҳам яхшилик қилиш керак, дейди.

Ҳадиси шарифда: “Ким Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган бўлса, қўшнисига яхшилик қилсин” (Имом Муслим ривояти), дейилган. Бошқа бир ҳадисда эса: “Аллоҳ наздида қўшниларнинг энг яхшиси қўшниларига яхшилик қилувчисидир” (Имом Термизий ривояти), дейилган. 

Ойша (розияллоҳу анҳо) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан: “Менинг иккита қўшним бор. Уларнинг қай бири менга ҳақлироқ?” деб сўради. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Эшиги яқин бўлгани”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким Аллоҳга ва охират кунига ишонса, яхшиликни гапирсин ёки жим турсин. Ким Аллоҳга ва охират кунига ишонса, қўшнисига азият бермасин”, дедилар.

Яхши қўшничилик ижтимоий ҳузур-ҳаловат ва адолатни қарор топтириш ҳамда осойишта ҳаёт учун энг муҳим омиллардан саналади. Қўшнилар ҳақларига риоя этиш ва уларни ҳурмат қилиш хотиржамлик гаровидир.

Мусулмончиликда қўшни ҳаққи мана шундай улуғдир. Мусулмон киши бу ҳақларни тўғри тушиниб, унга амал қилиб, чиройли қўшничилик қилмоғи, меҳр оқибатли бўлмоғи лозимдир.

Манбалар асосида

 

Косонсой туман “Мулла Абдусамат” жоме
масжиди имом хатиби
Юсуфхўжаев Шарифхон

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг