
ҚЎШНИЛИК ХАҚЛАРИ.
Ислом динида ҳам қўни-қўшничилик муносабатларига жиддий аҳамият берилган. Қуръони карим оятларида ва ҳадиси шарифларда чиройли қўшничилик одоблари ва улар ўртасидаги инсоний муомалалар ҳақида батафсил айтилган. Жумладан, Аллоҳ таоло Нисо сурасида бундай амр қилиб айтади:
“Аллоҳга ибодат қилингизлар ва Унга ҳеч нарсани шерик қилмангизлар! Ота-оналарга эса яxшилик қилингизлар! Шунингдек, қариндошлар, етимлар, мискинлар, қариндош қўшнию бегона қўшни, ёнингиздаги ҳамроҳингиз, йўловчи (мусофир)га ва қўл остингиздаги (қарам)ларга ҳам (яxшилик қилинг)! Албатта, Аллоҳ кибрли ва мақтанчоқ кишиларни севмайди”.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда, жаноб Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам.) шундай деган эканлар: “Аллоҳга қасамки, мўмин эмас! Аллоҳга қасамки, мўмин эмас! Аллоҳга қасамки, мўмин эмас!” – деганларида, саҳобалар томонидан: “Ким у, эй Аллоҳнинг расули?” - деб сўралди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ёмонлигидан қўшниси омонда бўлмаган кишидир”, - дедилар”.
Дарҳақиқат, қўшничилик ҳаққи қўшнига фақат азият бермаслик эмас, балки ундан азиятни кўтариш, мулойимлик ва яхшиликни биринчи бўлиб бошлашлик ҳамдир. Қўшнига биринчи бўлиб салом бериш, бетоблигида холидан хабар олишлик, мусибатда ҳамдардлик билдириб, далда бўлишлик, хурсандчиликда табриклаш, хатоси бўлса уни кечириш, ҳовлисига мўраламаслик, унинг деворига ёғоч қўйиб уни ранжитмаслик, тарновига ўз томи сувини йўлламаслик, ҳовлидан ҳовлига ариқ ўтган бўлса сувни ифлос қилмаслик, қўшнининг деворига мағзава оқизмаслик, ҳовлиси саҳнига тупроқ туширмаслик, ҳовлисига олиб кириб кетаётган нарсаларига назар ташламаслик, унинг сўзлашувига қулоқ солмаслик, унинг ҳовли-ҳарам – аёл-қизларига қарамаслик, буларнинг бариси қўшнининг ҳаққи ҳисобланади.
Қўшнининг ҳаққи тўғрисида ҳадиси шарифларда яна шундай дейилади: “Агар қўшни бирор ёрдам сўраса, ёрдам бермоқ, қарз сўраса қарз бермоқ, моддий ёрдам кўрсатмоқ, касалини кўрмоқ, вафот этса, дафнида қатнашмоқ, бирор севинчли ҳодиса рўй берса, табрикламоқ, бирор мусибат етса, таъзия, ҳамдардлик билдирмоқ, ноқулай иморат қуриш ёки сояли дарахтлар экиш ила ҳаққига тажовуз қилмаслик, уйга мева-чева каби нарсалардан келтирганда, қўшниларга ҳам улашмоқ, агар бергиси келмаса, ўз болаларини қўлида мевалар билан қўшни болалари олдига чиқармаслик, қозонни қирганда капгир овози ёки таом ҳиди билан қўшнига кўз-кўз қилмаслик, ҳатто унинг итини урмаслик лозим” – каби ўгитларни айтган эканлар.
Ҳасан Басрий ҳазратлари айтадиларки, яхши қўшничилик деб фақат қўшнига зарар етказмасликгина эмас, балки мабодо қўшнилардан зарар ёки озор етса, унга тоқат қилиб, жанжал кўтаравермасликни айтганлар.
Можаролар одатда, кўпроқ қўни-қўшниларнинг ёш болалари ўрталарида содир бўлиб туради. Шундай пайтда, болаларнинг ўртасига тушиб ота-оналар айбни бир-бирларига ағдаравермасдан, ҳар бирлари ўз фарзандларига танбеҳ бериб, одобга чақириб борсалар, айни савоб иш қилган бўладилар.
Аллоҳ таоло қўни-қўшнилар билан саммий алоқаларимиз янада яхшиланиб боришини Яратганнинг Ўзи барчаларимизга насиб айласин!
Абдуқаххор Тўйчиев,
Мингбулоқ тумани
“Мулла Абдурахмон” жоме
масжиди имом-ноиби
Сизга ҳам ёқиши мумкин
Оммабоп хабарлар
-
МУКОФОТ МУБОРАК!
- Хабар муаллифи ravza.uz
- August 30, 2021
-
ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- March 7, 2023
-
Муфтий ҳазратлари Наманга...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- June 14, 2021
-
Муносабат: ижтимоий тармо...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- January 22, 2022