Қоронғи режим
Image
Logo

РАМАЗОН АЛЛОҲНИ РАҲМАТИДИР

РАМАЗОН АЛЛОҲНИ РАҲМАТИДИР

“Агар Аллоҳ бу умматни азоблашни хохлаганида эди. Уларга Рамазон ойи ва Ихлос сурасини ато қилмас эди.”  (Хазрати Али розияллоҳу анҳу)

Рамазон меҳру-мурувват, хайру-саховат ойи. Рамазон қалб,  руҳ ва жасадимиз  покланадиган  ой. Рамазон ойи дуоларимиз ижобат бўладиган, қадр кечаси, таровех намозларию, хатми Қуръонлар баракаси, рўзадорни ифторлантиришнинг савобидан бахраманд бўладиган, хайрли амалларимиз учун савоблар, ажрлар кўпайтириб бериладиган фазилатли, баракотли  ой. Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам “Агар умматим Рамазон ойида улар учун қанча фазилатлар  борлигини билганларида эди,  йилнинг хаммасини Рамазон бўлишини хохлар эдилар” деганлар.      Рамазон ойида аввало қалбни поклаш, агар бир бири билан хусуматлашган, жанжаллашган кишилар бўлса, гина ва хусуматларини унутиб бир бири билан ярашиш, қўни-қўшни, маҳаллада, қариндошлар орасида ёрдамга мухтожларга мурувват кўрсатиш, ёрдам қўлини узатиш, қариндошларга силаи-рахм қилиш, беморларни зиёрат этиш, етимлар бошини силаш, ёлғиз кексалар, ногиронлар ҳолидан хабар олиш, савобли ишларга шошилишлигу, барча гунох ишлардан ўзини тийиш, бировнинг дилига озор етказиб қўйишдан, бировнинг хаққига тажовуз қилишдан сақланишлик каби ишларни амалга ошириш билан бўлади.  Рамазон ойи давомида эртаю кеч қилинган ана шундай қизғин ибодатларга мукофот ўлароқ, гуноҳларимиз мағфират қилинади, айбу нуқсонларимиз кечирилади. Шунинг учун бу ойнинг аввали раҳмат, ўртаси мағфират, ниҳояси эса дўзахдан нажотдир.

Рамазон ойи покланиш ойи экан, аввало қалбимизни поклайлик. Агар қалбимиз пок бўлса бошқа аъзоларнинг гуноҳ қилишига имкон бермайди. Чунки қалби покиза одамдан доимо яхшилик умид қилинади. 

Рамазон ойи йил ичидаги энг афзал ой ҳисобланади. Унинг фазли ҳақида кўплаб ҳадиси шарифлар, улуғ уламоларнинг сўзлари, мадҳлар, шеърлар айтилган, китоблар битилган. Лекин бу ҳақидаги таърифларнинг гултожи Роббил Оламийннинг Ўз каломида айтган мадҳидир. Бу мадҳ турли оятларда келган. Ушбу оятдаги таъриф Рамазони шарифнинг энг улкан фазилатлари ҳақидадир. Яъни: Бақара сурасининг 185-оятида:

"Рамазон ойики, унда одамларга ҳидоят ҳамда ҳидояту фурқондан иборат очиқ баёнотлар бўлиб Қуръон туширилгандир. Сиздан ким у ойда ҳозир бўлса, рўзасини тутсин. Ким бемор ёки сафарда бўлса, бас, саноғи бошқа кунлардан. Аллоҳ сизларга енгилликни хоҳлайди ва сизларга қийинликни хоҳламас. Саноғини мукаммал қилишингиз ва сизни ҳидоятга бошлаган Аллоҳни улуғлашингиз учун. Шоядки, шукр қилсаларингиз".

 Ҳазрат Мавлоно Зулфиқор Аҳмад Нақшбандий ҳафизаҳуллоҳ айтадилар:

Рўза Аллоҳ таъоло билан банда ўртасидаги бир махфий аҳдлашувдир. Аллоҳ таъоло ҳадиси қудсийда:

الصَّوْمُ لِي وَأَنَا أَجْزِي بِهِ

Яъни: “Рўза Мен учундир. Унинг мукофотини Ўзим бераман”дейди.

Чунончи, бошқа ҳар турли ибодатнинг савобини фаришталар ёзадилар. Магар, рўза борасида фаришталар “бу банда рўза тутди” деб ёзадилар холос. Унга бериладиган савоб ва мукофотни қиёмат куни Аллоҳ таъолонинг Ўзи беради.

Бунда бир нозик жиҳат бор, уни яхшилаб тушуниб олайлик, ҳар бир берувчи ўзининг даражасига кўра беради. Фараз қилайлик, бирор тиланчи келиб мендан сўраса, мен ўзимнинг ҳолатимга мувофиқ унга бир сум бериб юбораман. Агар айни шу тиланчи бирор бошқа мулкдор одамдан сўраса, у бир сум беришга уялади. Эҳтимол, у унга минг сум бериб юбориши мумкин. Агар айни шу тиланчи бирор мамлакатнинг подшоҳига бориб сўраса, у минг сум беришга уялади. У унга юз минг сум бериб юборади. Балки, милион сум бериб юборар. Ундан кам бермайди. Дунёнинг буюк шахслари ўзларининг даражаси ва холатига кўра берганларида, бу ўринда шуни англаб олиш лозимки, Аллоҳ Таоло ҳам қиёмат куни рўза ибодатига савоб берганда, Ўзининг буюклигига мувофиқ беради.

Аллох Таоло барчамизни Рамазон савобларидан бахраманд айласин.!

Улуғбек Раҳматуллаев,
Учқўрғон тумани “Абдулҳамид ҳожи Абдураҳмон ўғли”
жоме масжиди имом-хатиби

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг