Қоронғи режим
Image
Logo

РИЗҚ ҚИДИРИШ ҲАТТО ИБОДАТ ДАРАЖАСИГА КЎТАРИЛГАН.

РИЗҚ ҚИДИРИШ ҲАТТО ИБОДАТ ДАРАЖАСИГА КЎТАРИЛГАН.

Инсон ҳаёти давомида касб қилиши зарурий амал бўлгани учун Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда бунга катта аҳамият қаратилган. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилган: “Бас, қачонки, намоз адо қилингач, ерда тарқалиб, Аллоҳнинг фазли (ризқи)дан истайверингиз! Аллоҳни кўп ёд этингиз! Шояд (шунда) нажот топсангиз” (Жума сураси 10-оят).

Ушбу оятда Аллоҳ таоло мўминларни ибодатларини адо этиб бўлгандан кейин ер юзига тарқалиб, ризқ йўлида саъй-ҳаракат қилиб, ҳалол йўл билан ризқ топишга тарғиб қилмоқда. Аллоҳ таоло ризқнинг йўлларини кўпайтириб қўйган. Банда ўша йўлларга кириши, ризқ келиши сабабларини бажо келтириб, заминга сочиб қўйилган ризқини исроф қилмай териб ейиши керак.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Шубҳасиз, киши ризқланадиган нарсаларнинг энг ҳалоли ўз касби орқали еган нарсасидир”, деганлар (Имом Аҳмад ривояти).

Касблар ҳар-хил бўлади. Ҳалол – покиза касблар ҳам бор, ҳаром – жирканч касблар ҳам бор. Шариъатимиз инсоннинг касб-кори фақат ҳалол бўлиши, ризқ-рўзининг манбаи бирор шубҳа аралашмаган ҳалол маблағдан бўлишига чақиради.

Машҳур саҳоба Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳодан ривоят қилинишича у зот шундай деганлар: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганларини эшитдим: “Дарҳақиқат, ҳалол нарсалар очиқ – ойдиндир. Ҳаром нарсалар ҳам очиқ ойдиндир. У иккисининг ўртасида эса шубҳали нарсалар ҳам борки, кўпчилик уларни билмайди. Ким шундай шубҳали нарсалардан ўзини эҳтиёт қилса динини ва обрўсини покиза асраб қолади. Аммо ким шубҳали нарсаларга ўралашиб қолса, ҳаромга ҳам тушиб қолади. Бунинг мисоли бировнинг қўрғони атрофида подасини ўтлатиб юрган чўпонга ўхшайди-ки, унинг қўйлари сал қолса ўша қўрғонга кириб кетади. Огоҳ бўлинг, ҳар бир подшоҳнинг ўз қўғони бўлади. Огоҳ бўлинг Аллоҳнинг қўрғони унинг ҳаром қилган нарсаларидир. Огоҳ бўлинг жасадда бир парча гўшт бор, агар у соғлом бўлса бутун жасад соғ-саломат бўлади. Агар у айниса, бутун жасад бузулади. Огоҳ бўлинг ўша бир парча гўшт қалбдир” (Муттафақун алайҳ).

Ушбу ҳадис мазмунидан инсон нафақат ҳаромдан сақланиши, балки ҳалол ёки ҳаромлиги иштибоҳли, ноаниқ бўлиб қолган шубҳали нарсалардан ҳам эҳтиёт бўлиши зарур экани тушунилади. Ҳалол-ҳаромлиги ноаниқ бўлган нарсалардан йироқ юриш кишининг тақвосига далолат қилади.

Динимизда ҳалолдан ризқ қидириш ҳатто ибодат даражасига кўтарилган. Бунга қуйидаги ҳадиси шариф ҳам далолат қилади.

Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта сен аҳлингга Аллоҳнинг розилиги йўлида қилган ҳар қандай нафақага ажр оласан. Ҳаттоки, аёлингни оғзига тутган луқмага ҳам”, дедилар (Имом Муслим ривоят қилган).

Демак, киши ризқ талабида ва ҳалол касб излаб, қандайдир ташвиш ва машаққат чекса, мана шу ҳолатнинг ўзи ҳам гуноҳларга каффорат бўлиши айтилмоқда. Бу каби ҳадиси шарифлар ҳалол ризқ талабида ҳаракат қилиб, вақтинча бир қийинчилик ҳолатини бошдан кечираётган кишиларнинг руҳиятига тетиклик бағишлайди. Инсон ушбу кўрсатмаларга амал қилар экан маиший ҳаёти тартибга тушади, ҳам ажр савоб олади, ҳам гуноҳлардан покланади.

Динимиз пешона тери билан топилган мол-мулкни энг яхши амаллардан эканлигини таъкидлаш балан бирга ишёқмаслик, танбаллик, бекорчилик, тиланчилик, ўзгаларга юк бўлиш каби иллатларни қаттиқ танқид остига олади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар: “бирингиз арқонини олиб, ўтин териб, елкасида кўтариб келтириши ва уни сотиб (кун кечириши) бировнинг олдига келиб, тиланишидан яхшироқдир. Ҳолбуки у киши беради ёки бермайди” (Муттафақун алайҳ).

Дангасалик иллати қайси халқда илдиз отса уни заифлаштиради, тараққиётдан ортда қолдиради ва вайрон қилади. Одамлари танбал, дангаса ва  илму-фанга қизиқмайдиган юрт умуман ривож топмайди. Халқи ўзгаларга қарам бўлади, душманлар бундай юртни истаганча топтайдилар, талайдилар.

Хулоса ўрнида, ўз касбига нисбатан садоқати бўлмаган шахснинг на ишида, на касбу корида барака бўлади, балки унинг бутун ҳаёти беқарорликда ўтади. Модомики, биз буюк келажак сари интилар эканмиз, ҳар биримиз ўз вазифамизга садоқат билан ёндашмоғимиз лозимдир.

Умурзақов Зикруллох,
Норин тумани “Ҳаққулобод” жоме
масжиди имом ноиби

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг