Қоронғи режим
Image
Logo

Рамазон- гуноҳлар каффорати

Рамазон- гуноҳлар каффорати

Рамазон ўтган рамазондан буён қилинган гуноҳлар учун каффоратдир. Яъни унинг рўзаси ва тунги намозлари гуноҳларга каффорат бўлади. Ким Аллоҳга иймон келтирган ва ажр-савоб умид қилган ҳолда рамазон кечалари намоз ўқиса, кундузлари рўза тутса, ўтган гуноҳлари мағфират қилинади. Шунингдек, Аллоҳга истиғфор айтиб, Аллоҳни кўп зикр қилишимиз керак. Чунки истиғфор гуноҳлар учун каффоратдир. Ҳадиси қудсийда Аллоҳ таоло айтади: “Эй бандаларим, сизлар кечаю-кундуз хато қиласиз, мен барча гуноҳларни кечириб юбораман. Менга истиғфор айтинг, гуноҳларингизни мағфират қиламан”.[1] Бу муборак ойда кўпистиғфор айтайлик. Аллоҳнинг изни ила рўза, намоз ва истиғфорларимиз гуноҳларимизга каффорат бўлсин. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо айтади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам биргина мажлисда “Раббим, мени мағфират қил, тавбамни қабул эт, албатта Сен тавбаларни қабул қилувчи ва мағфиратли зотсан”,[2]бошқа бир ривоятда “тавбаларни қабул қилувчи ва раҳмли зотсан[3] деб юз марта айтар эдилар”. Шунингдек, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қалбимда зикрдан сусайишни ҳис қиламан-да, кейин бир кунда юз марта истиғфор айтаман”, деганлар.[4]Ҳа, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар. Ҳар куни кўп-кўп истиғфор айтиб юрайлик, шояд Аллоҳ таоло гуноҳларимизни мағфират қилса.

Истиғфорнинг бундан бошқа фазилатлари ҳам бор. Истиғфор азобни даф қилади. Аллоҳ таоло айтади: «Улар мағфират сўраб турган ҳолларида Аллоҳ уларни азобловчи эмасдир!» (Анфол, 33).

Истиғфор сабабли ризқлар оқиб келади. Аллоҳ таоло Нуҳ алайҳиссаломдан ҳикоя қилиб, шундай дейди: “Мен дедим: “Парвардигорингиздан мағфират сўранглар, албатта У ўта мағфиратли зотдир. (Шунда) У устингизга осмондан ёмғир қуйдиради, мол-дунё, бола-чақангизни кўпайтиради ҳамда сизларга боғу-бўстонлар ва оқар дарёлар ато этади” (Нуҳ, 10-12).

Истиғфор сабабли ризқ кўпаяди. Истиғфор билан балолар кўтарилади. Истиғфор ила даражалар юксалади. Истиғфор билан гуноҳлар кечирилади. Бундан ташқари, истиғфор айтиш Аллоҳнинг амрига бўйсуниш ҳам демакдир. Зеро, ҳадиси қудсийда Аллоҳ таоло айтади: “Менга истиғфор айтинглар, гуноҳларингизни мағфират қиламан”.

Аллоҳ таоло Қуръонда айтади: «Парвардигорингиздан мағфират сўранг, У ўта мағфиратли зотдир» (Нуҳ, 10);

“Ким бирон ёмон иш қилса ёки ўз жонига жабр қилса, сўнг Аллоҳдан мағфират сўраса, Аллоҳни мағфират қилувчи ва меҳрибон эканини топади” (Нисо, 110).

Истиғфор каффорат эшикларидан биридир. Шунингдек, кўп намоз ўқиш ҳам гуноҳлар учун каффорат бўлади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бегона аёлдан бўса олган кишини мукаммал таҳорат олиб, икки ракаат намоз ўқишга ва намозда хаёлини бузмай Аллоҳга қалби билан юзланишга буюрдилар.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга Аллоҳнинг ушбу оятлари нозил бўлди: “Кундузнинг икки тарафида ва кечадан бир бўлагида намозни тўкис адо этинг! Албатта, яхшиликлар ёмонликларни кетказади. Бу эслатма олувчилар учун эслатмадир” (Ҳуд, 114).

 «Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи» калимасини юз марта айтиш ҳам гуноҳларга каффорат бўлади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким «субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи» калимасини юз марта айтса, гуноҳлари тўкилади, гарчи гуноҳлари денгиз кўпикларича бўлса ҳам”, дедилар. [5] Бу калимани айтишни ўзингизга вазифа қилиб олинг.

Гуноҳларга каффорат бўлмиш намоз ва садақадан ҳам улушингиз бўлсин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Намоз ва садақа кишининг бола-чақаси, мол-дунёси ва қўни-қўшниси сабабли орттирган гуноҳларига каффорат бўлади”.[6]

 

Манбаалар асосида Наманган тумани «Халил Ҳожи» жомеъ масжиди имом хатиби Ҳафизов Шамсуддин тайёрлади

 

 

[1]Муслим ривояти, 2577.

[2]Термизий ривояти, 3434.

[3]Абу Довуд (1516) ривоят қилган.

[4]Муслим ривояти, 2702.

[5]Бухорийривояти, 6405.

[6]Бухорий (1435) ва Муслим (144) ривояти.

 

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг