Росулуллоҳнинг кийинишдаги суннатлари.

Ҳазрати Росулуллоҳнинг кийган либослари ҳақида бир нечта саҳобаларнинг ҳадислари бор ва қандай кийимларни кийишлик ҳақида бир қанча ҳадислар ҳам мавжуд. Шу ҳадисларга эътибор қаратса ҳар бир инсон кийинаётган кийими билан солиштирса, ва кийинаётган либослар Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи вассалламнинг суннатларига мувофиқмидеган савол туғилиши табиий.
Уламои киромларимиз инсон киядиган либосларнинг ҳукми ҳақида сўз юритганлар.
- Фарз - Бу авратни беркитадиган ва иссиқ-совуқни қайтардиган кийимдир. У пахта ёки канопдан, ўта нафис билан ўта ёмонни ўртасида бўлиши керак.
( Албатта қадимги фақиҳларимиз бу гапларн ўз шароитларидан келиб чиқиб айтганлар.)
- Мустаҳаб - Бу авратни тўсиб, зийнатни зоҳир қиладиган кийимдир.
- Мубоҳ – бу жума, ҳайит ва одамлар жамланадиган кунлари ясаниш учун кийиладиган чиройли кийимлардир.
- Макруҳ – бу такаббурлик ва манманлик учун кийиладиган кийимдир.
- Ҳаром – бу авратни тўсмайдиган ҳамда, эркаклар учун шойи – ипак кийимлар.
Ҳадиси муборакда; “ Уловларингизни салоҳиятли безанг, кийимларингизни чиройли қилинг тоинки инсонлар орасида намуна бўлинг. Чунки албатта, Аллоҳ таоло фаҳшни ҳам, уятсизлик бузуқликни ҳам яхши кўрмайди” деб марҳамат қилинади.
Умму салама розияллоҳу анҳу : “Расулуллоҳни маҳбуб кўриб киядиган либослари бу кўйлак эди” дедилар. Чунки у мукаммал сатр қилади. Асмо р.а. Пайғамбаримиз с.а.в.нинг либослари ҳақидаги суҳбат давом эттириб дедиларки: “У зотнинг кўйлакларининг енглар билакларигача ва этаги эса икки тўпиққача эди”.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладилар: “ Оқ либос кийинглар. Чунки у пок ва ёқимлидир. Ва у билан ўликларингизни кафанланглар”.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон янги кийим киядиган бўлсалар, уни номини айтиб, масалан кўйлак, ёки салла ёки чопон деб, сўнгра “ Эй Аллоҳим! Сенга ҳамда бўлсин! Сен буни менга кийгаздинг. Сендан унинг яхшилигини ва унинг учун қилинган нарсанинг яхшилигини сўрайман. Сендан унинг ёмонлигидан ва унинг учун қилинган нарсанинг ёмонлигидан паноҳ сўрайман”, дер эдилар. Пайғамбаримиз с.а.в. саҳобалари агар улар бир янги кийим кийса унга: “Эскитгин. Аллоҳ таоло ўрнига бошқасини берсин” дейишарди.
Қандай кийимлар кийиш мумкин:
- Либос учун ишлатиладиган мато ипакка ўхшаб шариатда ҳам ҳаром қилинган бўлмаса ҳалолдир.
- Шаръий йўл билан сўйилган, ўзи ўлиб қолган ҳайвонларнинг терисини ошлаб кийим қилиб кийса бўлади.
- Гўшти ҳалол ҳайвонларнинг жуни, қили ва пухидан қилинган кийимлар покдир. Унинг тирик ёки ўлик ҳайвондан олингани фарқ қилмайди
- Жумҳури фуқаҳо йиртқич ҳайвонларнинг терисини ошлаб либос қилса жоиздир, деганлар.
- Модомики ҳаром нарсадан бўлмаса, чиройли кийимларни кийиш мубоҳдир.
- Жумъа, ийд ва одамлар жамланадиган йиғинлар учун манманлик ва кибрдан узоқ бўлган ҳолда ясаниш мустаҳабдир.
- Ким имкони бўла туриб, мазкур ясанишни қасддан тарк қилса, хато қилган бўлади.
- Оқ рангли кийим мустаҳабдир.
- Қип-қизил рангли кийим эркакларга макруҳдир.
- Қора рангли кийим жоиздир. Оиша розияллоҳу анҳо ривоят қилинган ҳадисда “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни қора қилдан тўқилган яктакни кийиб чиқдилар”.
- Яшил рангли кийим аҳли солиҳларнинг кийими бўлгани учун мустаҳабдир. Анас розияллоҳу анҳу “Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам кийишни яхши кўрадиган кийим “ҳибара” эди. “Ҳибара” Яманда тайёрланадиган пахта бўлган яшил рангли чопон” дедилар.
- Турли рангли чизиқлардан иборат матодан бўлган кийим жоиздир.
- Катта-катта сурати солинган кийимлар эркак ва аёллар учун манъ қилингандир.
- Хоч сурати, яъни крест сурати кийим кийиш ҳаромдир.
- Жонли бўлмаган нарсаларнинг сурати бор кийимнинг зарари йўқ.
- Терининг рангини билдирадиган даражада шаффоф юпқа кийиш жоиз эмас.
- Одамларнинг одатига ёки урфига хилоф кийим ҳам макруҳдир. Яъни миллатимиз урфига , ҳаё-андишасига тескари кийадиган, ашаддий мутаассибона киядиган кийимлар ҳақида сўз юритилаяпти.
- Ҳанафий ва Шофеъий уламолари олим кишиларнинг кийими жуда яхши бўлиши мандубдир, деганлар. Шу билан бирга, улар кенг ва кўзга ташланадиган кийимни киймоқлари лозим. Бу билан илмнинг мақоми зоҳир бўлади. Одамлар уларни дарҳол таниб, ҳожатларини ва саволларини сўрайдилар.
- Мусулмон киши қай бир кийимни кийса ҳам ўнг томондан бошлаб, чап томондан ечиши суннатдир. Пайғамбаримиз с.а.в. марҳамат қиладилар: “Қачон кийсангиз ва қачон таҳорат олсангиз ўнг томондан бошланг”.
- Кийим кийилганида “бисмиллаҳ” ва дуолар ўқилади.
Баҳодир Ботиров,
Чуст тумани “Охунбобо” жоме
масжиди имом-хатиби
Сизга ҳам ёқиши мумкин
Оммабоп хабарлар
-
МУКОФОТ МУБОРАК!
- Хабар муаллифи ravza.uz
- August 30, 2021
-
ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- March 7, 2023
-
Муфтий ҳазратлари Наманга...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- June 14, 2021
-
Муносабат: ижтимоий тармо...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- January 22, 2022