Рўза гунохлардан қалқондир.

Рамазон ойи кириб келиши билан, барча мусулмонлар оламида рўза тутишга катта қувонч ва қизиқиш уйғонади. Рамазон ойида ўзига яраша файз ва шукуҳ бор. Аллоҳ томонидан бу ойда бандаларига енгиллик бўлиши учун шайтонни кишанланиши, амалларга мислсиз ажрлар берилиши, айнан шу ойда қадр кечасининг мавжудлиги бу ойнинг улуғлиги ва шарафига далолат қилади. Аллоҳ таолонинг: «(Жаннат аҳлига) «Ўтган кунларда қилиб ўтган (эзгу) амалларингиз сабабли (ушбу ноз неъматларни) пок билиб еб ичаверинглар (дейилур)» (Ал-ҳаққа сураси, 24-оят) сўзи тўғрисида уламоларимиз «ўтган кунлар» - ейиш-ичишни тарк қилган рўза кунларидир, деганлар. Дарҳақиқат, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам дунёда зоҳидлик қилиш ва рўза ўртасини фахрланиш даражасида баробар жамладилар. Айтдилар: «Аллоҳ таоло фаришталарига ёш обид билан фахрланиб дейди: «Эй шаҳватини Менинг сабабимдан тарк этувчи, ёшлигини Менинг учун сарф этувчи йигит, сен Менинг ҳузуримда баъзи фаришталаримдексан!» (Ибн Адий заиф санад билан ривоят қилган.) Рўзадор хусусида ҳам дедилар: «Аллоҳ азза важалла айтада: «Эй фаришталарим,бандамга қаранглар! Шаҳватини, лаззатини, таомини ва шаробини Менинг ризоим учун тарк этажак.» (Ибн Сунний ривояти). Аллоҳ таолонинг: «Бас, уларнинг қилиб ўтган амалларига мукофот қилиб, улар учун беркитиб қўйилган кўзлар қувончини (яъни, охират неъматларини) бирон жон билмас» (Сажда сураси, 17-оят) сўзи тўғрисида бу инсонларнинг амаллари рўза эди, дейилади. Чунки Аллоҳ таоло: «Ҳеч шак-шубҳа йўкки, сабр-тоқат қилгувчиларга ажр-мукофотлари ҳисоб китобсиз,тўла-тўкис қилиб берилур» (Зумар сураси, 10-оят), дейди. Демак, рўзадорга мукофоти кенг ва улгуржисига бериладики, у ҳаёл ва чамалаш қонуниятларига бўйсунмайди. Аслида шундай бўлиши ҳам керак эди. Чунки рўза Унинг учундир. Унга нисбат бериш билан шарафлангандир, гарчи барча ибодатлар Унинг учун бўлса ҳам. Бу- Байтнинг ва ҳамма ернинг шарафи Ўзига нисбат берилиши билан шарафлангани кабидир. Бу даражадаги шараф икки маъно сабабидир.
Биринчиси – албатта рўза тийилиш ва тарк қилишдир. У ўзига хос сирдир, унда кўринадиган амал йўқдир. Барча тоат-амаллар халқнинг гувоҳлиги ва кўз ўнгида бўлади. Рўзани эса фақат Аллоҳ азза ва жаллагина кўради. Чунки у фақат сабр билан бўладиган ботиндаги амалдир.
Иккиичиси – Аллоҳ азза ва жалланинг душманига қарши куч ишлатишдир. Чунки шайтон лаъанаҳуллоҳнинг васила-воситаси шаҳватлардир. Шаҳватлар эса ейиш ва ичиш билан қувватланади. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Албатта шайтон одам боласининг қон йўлларида юради. Унинг йўлларини очлик билан торайтиринг», деганлар. («Унинг йўлларини очлик билан торайтиринг» дан олдинги жумла Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари). Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Оиша розияллоҳу анҳога: «Жаннат эшигини қоқишда давом эт», деганлар. У зот: «Нима билан?» дея сўраганларида: «Очлик билан», дея жавоб қилганлар» («Аворифул-Маъориф» китобида келтирилган). Аллоҳнинг душманини калтаклаш Аллоҳ субҳанаҳуга нусрат беришдир. Аллоҳ таолонинг бандага берадиган нусрати банданингУнга берадиган нусратига боғлиқдир. Аллоҳ таоло айтади:«Эй мўминлар, агар сизлар Аллоҳга ёрдам берсангизлар, У Зот ҳам сизларга ёрдам берур», (Муҳаммад сураси, 7-оят). Бандадан жиддият билан бошлаш бўлса, Аллоҳ азза ва жалладан ҳидоят билан мукофотлашдир. Аллоҳ таоло айтади: Уларнинг аҳволини ўзгартирмас» (Раъд сураси, 11-оят). Уларнинг бузилишлари шаҳватларни кўпайтиришдандир. Шаҳватлар эса шайтоннинг яйлов ва ўтлоқзоридир.Модомики, у серҳосил бўлар экан, инсонларнинг иккиланишлари тўхтамайди. Модомики,иккиланар экан, бандага Аллоҳ субҳанаҳунинг жалоли кашф бўлмайдива Унга йўлиқишдан бебаҳра қолади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Агар шайтонлар бани башар қалбларини айланмаганида эди, улар коинот мамлакатини кўрган бўлардилар» (Аҳмад ривояти). Мана шу сабабдан рўза ибодат эшиги ва гунохларга тўсиқ бўлади.
Олдимизда турган бу улуғ ой бизларга шундай улуғ хикмат ва мукофотлари билан жилваланиб турибди. Шайтон кишанланган, унинг йўллари тўсилган бўлиб, ягона ва энг хавфли душман нафсимиз билан ёлғиз қолдик. Бу ой шукухи рухиятимизда ўзгача хис туйғулар уйғотмоқдаки, бу туйғулар нафсимизни жиловлашда бизга кўмакчи бўлиши табиий. Аллох нафсимизга ғолиб қилсин ва тутган рўзаларимизни қабул айласин.
Ғиёсиддин Тожимирзаев,
Учқўрғон туман “Байтул муқаддас” жоме
масжиди имом хатиби.
Сизга ҳам ёқиши мумкин
Оммабоп хабарлар
-
МУКОФОТ МУБОРАК!
- Хабар муаллифи ravza.uz
- August 30, 2021
-
ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- March 7, 2023
-
Муфтий ҳазратлари Наманга...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- June 14, 2021
-
Муносабат: ижтимоий тармо...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- January 22, 2022