
САЛАФИ СОЛИҲЛАРНИНГ ОТА-ОНАЛАРИГА ЯХШИЛИК ҚИЛИШЛАРИ.
Динимиз биз мўъмин – мусулмонларга ота-онага хизмат қилиш, ҳурмат ва эҳтиром кўрсатишни Аллоҳ таолога ибодат қилишдан кейинги ўринга қўяди. Аллоҳ таоло биз бандаларни бунга буюргандир. Бизларни ота-онага хизмат ва итоат этишда солиҳ зотларнинг йўлларидан юрмоқлигимиз икки дунё саодатига олиб боради. Ана шундоқ солиҳ зотлардан улуғ имом, мазҳаббошимиз Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳни оналарига бўлган итоатлари ибрат олишга ва таҳсинга сазовордир.
Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллохҳ ота-оналарига яхшилик қилувчи инсон эдилар. У зот уларнинг хаққига дуо килиб, истигфор айтар эдилар. Ҳар ойда ота-оналари номидан йигирма динор садақа қилардилар. У зот ўзлари ҳақида қуйидагиларни айтадилар: “Баъзан онамни Умар ибн Заръанинг мажлисига олиб борардим. Баъзан онам менга у кишига бориб, бирор масаланинг жавобини сўраб келишимни буюрарди. Мен бориб, у зотга ўша масалани зикр қилардим. У зотга: “Онам мени сиздан фалон-фалон нарсаларни сўрашимни буюрди” дердим. Шунда у киши: “Сендек бир одам мендан бу масалани сўрайдими?!” дердилар. Мен: “Онам шунга амр қилди” дердим. Шунда у зот: “Унинг жавоби қандай бўлади? Сен ўзинг менга айт, кейин мен сенга айтаман” дердилар. Мен у кишига жавобни айтардим. Кейин у киши ўша жавобни ўзимга қайтариб айтардилар. Мен онамга келиб, у жавобни айтардим. Бир сафар онам мендан бир нарсани сўради. Мен жавоб бердим. У киши жавобимни қабул қилмади ва: “Заръа воизнинг сўзинигина қабул қиламан” деди. Мен онамни Заръа воизнинг олдига олиб бориб: “Онам сиздан шу-шу нарсаларнинг жавобини сўраяпти” дедим. Шунда у киши: “Сен мендан билимдонроқ ва фақихроқсан-ку! Ўзинг фатво бер!” дедилар. Мен: “Шундай деб фатво бераман” дедим. У киши: “Жавоб Абу Ханифа айтган сўздир” дедилар. Онам рози бўлиб, ортига қайтди”.
Ҳишом ибн Ҳассон айтади: “Мен Ҳасан Басрийга шундай дедим: “Онам кечки овқатни ейиш учун мени кутиб турганларида мен Қуръон ўрганаман”. Шунда Ҳасан Басрий: “Онанг билан кечки овқатни бирга еб, унинг кўзини қувонтиришинг мен учун нафл ҳаж қилишингдан маҳбуброқдир” дедилар”.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу дедилар: “Мен Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан “Қайси амал Аллоҳга маҳбуброқ?” деб сўрадим. У зот: “Вақтида ўқилган намоз” дедилар. Мен: “Кейинчи?” дедим. У зот: “Ота-онага яхшилик қилиш” дедилар. Мен: “Кейинчи?” дедим. У зот: “Аллоҳ йўлида жидду-жаҳд қилиш” дедилар”.
Аллоҳ таоло ҳаммаларимизни ота – онанинг ҳаққини биладиган солиҳ фарзандлардан қилсин!
Абдулбосит Юнусов,
Янгиқўрғон тумани “Исҳоқ ҳожи” жоме
масжиди имом хатиби
Сизга ҳам ёқиши мумкин
Оммабоп хабарлар
-
МУКОФОТ МУБОРАК!
- Хабар муаллифи ravza.uz
- August 30, 2021
-
ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- March 7, 2023
-
Муфтий ҳазратлари Наманга...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- June 14, 2021
-
Муносабат: ижтимоий тармо...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- January 22, 2022