Қоронғи режим
Image
Logo
САБР – МУВАФФАҚИЯТ КАЛИТИ

САБР – МУВАФФАҚИЯТ КАЛИТИ

Бу ёруғ дунёда биз ҳали тўлиқ ўрганиб етмаган қанча ўсимликлар ва ҳайвонотлар мавжуд. Улар орасида инсондек оқил, нотиқ, тафаккур қила оладигани топилмайди. Тўғри, инсон салоҳиятидаги баъзи бир имкониятларда шерик бўла оладиган ҳайвонлар ҳам бор. Баъзи сўзларни гапира оладиган қушлар, инсондек вафодор, эгасига садоқатли от, ит, делфин каби ҳайвонлар ҳам бор, барибир инсон бўла олмайди.

 Аллоҳи таъоло Ўзи яратган бошқа махлуқотларидан афзал ўлароқ инсонга ақл, тафаккур қилиш, ўз фикр мақсадларини ифода этиш – нутқ қилиш лаёқатини бериб, уни махлуқотларининг энг мукаррами қилди. “Дарҳақиқат биз одам фарзандларини азиз ва мукаррам қилдик ва уларни қуруқлик ва денгизда (от улов ва кемаларга) миндириб қўйдик ҳамда уларга пок нарсалардан ризқ бердик ва уларни Ўзимиз яратган кўп жонзотлардан афзал қилиб қўйдик“. (Исро  сураси 70-оят). Шунингдек, Аллоҳи таъоло Одам фарзандларига ер юзида яшаш учун, зарурий ризқ-рўзлар манбаи бўлган барча шароит ҳаво, ер, ўсимликлар, турли ҳайвонлар яратди, ҳаёт кечиришга қулай манзил қилди, оламдаги барча нарсаларни бўйсундириб қўйди. Инсон Парвардигори неъмат қилиб берган ушбу неъматларга, шукрона қилиб яшаши лозим. Ҳаётини ғанимат билиб Аллоҳи таоло яратиб қўйган дунёда ўзи ва уни тарбиялаган ота-онаси, киндик қони тўкилган Ватани, жамияти учун тепасига келадиган қийинчиликларга сабр билан тўкинчиликлардан ўзини йўқотиб қўймасдан яшашга масъул.

Аллоҳи таъоло Қуръони каримда: ”Одамларга аёллар, фарзандлар, уюм-уюм олтин кумушлар, саман отлар, чорва моллари ва экинларга нисбатан меҳр қўйиш зийнатли  қилиб қўйилди. Булар (аслида) дунё ҳаётининг (ўткинчи) матоҳидир. Аллоҳининг ҳузурида эса (бундан-да) чиройли жой (жаннат) бордир.”- деб марҳамат қилади. Ҳақиқатан ҳам барчамизда ояти каримада айтилган нарсаларга эришиб, шоҳона яшашга иштиёқ бор. Бу нарсаларга меҳнат-машаққат билангина эришиш мумкинлигини баъзилар унутиб қўйишади. Унга ҳаром йўллар билан бўлсада, осонроқ, тезроқ эришиш йўлига кириб кетадилар, охири шарманда бўлишади. Оқил, имонли-виждонли кишилар эса борига қаноат қилиб, ибодат билан, ҳалол меҳнат қилиб секин-аста ояти каримада айтилган зийнат – мол-дунёдан ўзларига ризқ қилинганига шукрона билан яшайдилар. Уларга бу дунёда эришганларидан кўра охиратда янада гўзалроқ, янада чиройлироқ жой – жаннат ваъда қилинган.

 Бугунги кунда шундай инсонлар ҳам борки, борига қаноат қилмайди-да, бошқалар меҳнат-машаққат билан топганини ўйламай нимага мени ишим юришмайди-ю, фалончини ишлари юришиб қатор-қатор машина олади, чиройли уйлар қуради, деб атрофдаги ўзидан моддий жиҳатдан, мартаба жиҳатдан баландларга қараб, ундан  пастроқ яшаётганларни кўзи кўрмай, ўзини бу дунёда энг бахтсиз одам ҳисоблаб ҳаётдан нолиб юради. Аслида ҳаёт доим бирдек қувонч ва шодликлардан иборат эмас, баъзан қайғу-ташвишлар ҳам учраб туради. Аллоҳи таъоло Мулк сураси 2-оятида: “У қайси бирларингиз чиройли (савоблироқ) амал қилувчи эканингизни синаш учун ўлим ва ҳаётни яратган зотдир” дейилади. Демак, дунё ҳаёти синовдан иборат, бу ёруғ оламга ташриф буюрган Ҳазрати инсон фарзандлари дунё ташвиш-қувончларига сабр-қаноат билан синовдан муваффақият билан ўтиш учун умрини охиригача яшашга мажбур экан.

Фақат ўзининг кундалик ташвишлари устида ўралашавермай ўтган пайғамбарлар, саҳобийлар, авлиёлар, алломалар тарихларига назар солган, лаоқал ўз ота-боболари қандай ҳаёт кечирганларини суриштирган киши ҳаётга, умрга бошқача қарай бошлайди.

Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга қавмлари қанча озорлар берди, ҳатто ўлдирмоқчи бўлишди, охири туғилган ватанлари Маккадан қувиб чиқаришди. Барчасига чиройли сабр қилдилар. Сабрнинг таги сариқ олтин деганларидек охири салгина вақт ўтмай бутун Арабистон ярим ороли Пайғамбар алайҳиссаломга имон келтириб у зотнинг ҳусни хулқлари, камтарликлари, саховатлари, меҳрибонликлари, бағрикенгликлари, фикрларини ниҳоятда тўғри эканлигини тан олиб, эргашадиган бўлдилар.

Азизлар, аввало сабрли бўлайлик, озгинагина ҳаётимизни мазмунли ўтказиб, атрофдагиларга эътиборли бўлиб, имкон борича моддий-маънавий ёрдам кўрсатайлик, ҳеч бўлмаса ширин сўз билан кўнглини кўтарайлик токи ҳеч ким Аллоҳ берган энг қимматли неъмат, ҳаётидан эрта айрилмасин.

Юнусхон Джаббаров,
Наманган шаҳар “Абдулқодир қори” жоме
масжиди имом-ноиби

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг