Сабр-қаноат-улуғ фазилат

Сабр-инсоннинг иродасини, матонатини чархловчи, улуғликка элтувчи фазилатдир. Инсон ҳар бир ишни сабр ва қаноат билан олиб борса, мақсадига эришади. Тинчлик-хотиржамликда яшашни истаган киши ҳар бир ишда ошиқмай оҳиста ҳаракат қилади, ўз нафсини фалокатдан, ғурурдан сақлайди. Сабр бошимизга келган бало ва қазоларга чидамли бўлишимизни талаб этади, шунинг учун ҳам, ҳар бир ишда сабр билан ҳаракат қилиш лозим. Динимизда сабр юксак ахлоқий фазилатлардан бири бўлиб, мўмин-мусулмон кишининг руҳий таянчи ва ҳидоятга бошловчи омилдир. Сабр ҳақида «Қуръони Карим»да етмиш маротаба зикр қилингани ҳам бежиз эмас. Бошқа ҳеч қайси фазилат бу миқдорда зикр этилмаган. Шунинг учун ҳам «Қуръони Карим»нинг «Анфол» сурасининг 46-оятида «Сабр-тоқат қилингиз! Аллоҳ сабр қилувчилар билан биргадир», дейилган.
«Қуръон» сабрли кишиларда уч хислат борлигини, бу хислатлар улардан бошқаларда бўлмаслигини айтади.
Биринчиси, уларга Аллоҳнинг мағфирати бўлади. Бу улар учун мақтов бўлиб, бу дунёда ҳам, у дунёда ҳам шарафдир.
Иккинчиси, Аллоҳнинг раҳмати. Мусибат учун Аллоҳ лутф ва эҳсон қилади.
Учинчиси улар ҳидоятда юрган кишилар саналади. Ҳақ ва тўғри йўлда эканликлари учун мусибат чоғида ўзини қандай тутиш керак бўлса, шундай тутганликлари боис уларга хафагарчилик ва дард-у ҳасрат ўз ҳукмини ўтказа олмаслиги таъкидланади.
Ҳаёт давомида инсоннинг жони, моли, аҳли-оиласи ва тинчлиги кўп хатарларга дуч келади. Албатта, ҳар битта мусибат қаршисида сабот билан туриш осон эмас. Аллоҳ таоло мўминларни мусибат чоғида сабр-бардошли бўлишга ундаган. Чунки ҳаёт мусибатсиз, кулфатсиз ўтмайди. Албатта, бу синовларни ҳар бир мўмин киши сабр билан енгиб ўта олиши мумкин. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Мўминнинг иши қизиқ! Унинг ҳамма иши ўзи учун хайрли. Бу нарса фақат мўминда мавжуд. Агар мўминга бир хурсандчилик етса, шукр қилади ва бу унинг учун хайрли. Агар унинг бошига ғам-кулфат тушса, сабр қилади ва бу ҳам унинг учун хайрли бўлади”.(Муслим ривоятлари)
Сабр-тоқатли киши ҳар бир ишда диёнатли, адолатли бўлади. У бошқаларнинг камчилигидан кулмайди, аксинча, унга яқиндан ёрдам беради. Сабр-қаноатли одамда атрофдагиларга ҳузур бағишлайдиган одатлар пайдо бўлади. Сабр-тоқат қанчалик оғир бўлмасин, кейинроқ шодлик келтиради. Ким сабр қилса, албатта, қадр топади. Сабрнинг мукофоти зафарга эришишдир. Зеро, улуғ ҳакимлар таъбирича, “Ечими йўқ мушкулнинг ечими сабр” экан, сабрли бўлайлик.
Абдуғаффор Хакимов,
Мингбулоқ тумани “Қўшқишлоқ” жоме
масжиди имом хатиби
Сизга ҳам ёқиши мумкин
Оммабоп хабарлар
-
МУКОФОТ МУБОРАК!
- Хабар муаллифи ravza.uz
- August 30, 2021
-
ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- March 7, 2023
-
Муфтий ҳазратлари Наманга...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- June 14, 2021
-
Муносабат: ижтимоий тармо...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- January 22, 2022