Қоронғи режим
Image
Logo

САВДО СОТИҚ ОДОБЛАРИ

САВДО СОТИҚ ОДОБЛАРИ

Ислом дини инсонлар ўртасидаги муносабатларда ҳамиша адолат, инсоф, ҳалоллик ҳукмрон бўлишини талаб этади ва мусулмонларни шунга чорлайди. Бу муносабатлар орасида савдо-сотиқ ҳам алоҳида аҳамиятга эгадир. Аллоҳ таоло бандаларини ўзаро савдо-сотиқ қилишда харидор ҳақига риоя қилиш, тарози ва ўлчовларда бошқаларга хиёнат қилмасликни буюрган. Жумладан, Исро сурасининг 35-оятида бундай амр этилади:

«(Ўрталарингиздаги олди-берди, савдо-сотиқда бирон нарсани) ўлчаган вақтингизда ўлчовни тўла-тўкис қилинглар ва тўғри тарози билан тортинглар! Мана шу энг яхши ва чиройли ечим-ҳукмдир».

Қуръони каримнинг бир неча оятларида савдо-сотиқдаги ҳалоллик, тарози ва ўлчовлардан уриб қолмаслик мусулмонлар ахлоқининг ажралмас қисми эканига эътибор қаратилади ва харидор ҳақига хиёнат қилиш оғир гуноҳлардан экани таъкидланади, ўлчовдан уриб қолувчиларга эса жаҳаннам азоби билан таҳдид қилинади. Бу борадаги оятларнинг энг машҳурлари Қуръони каримнинг Мутаффифун сурасида келган:

«(Савдо-сотиқда ўлчов ва тарозидан) уриб қолувчи кимсалар ҳолига вой! Улар одамлардан (бирор нарсани) ўлчаб олган вақтларида тўла қилиб оладиган,  уларга ўлчаб ёки тортиб берган вақтларида эса уриб қоладиган кимсалардир». (Мутаффифун сураси 1-3 оятлар)

Икрима Абдуллоҳ ибн Аббосдан (розияллоҳу анҳумо) ривоят қилишича, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Ясрибга (Мадинага) келган вақтларида шаҳарликлар ўлчовдан уриб қолишар эди. Шунда Аллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилди. Шундан кейин улар тўғри ўлчай бошлашди».

Инсон ҳалол бўлса, ўйламаган томонидан ризқига барака киради. Аммо ҳаром йўл билан пул топишга уринса, ҳам ризқига ҳаром аралашади, ҳам гуноҳ орттиради… Ундан ташқари, қаерда тарози ва ўлчовдан уриб қолиш кенг кўламда илдиз отган бўлса, ўша ерга турли балолар ёғиллади, ёғингарчиликлар ҳам камайиб, қурғоқчилик, озуқа танқислиги вужудга келади.

 Ибн Аббосдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар: «Агар бир қавм аҳдни бузсалар, Аллоҳ уларнинг устидан душманлари­ни ғолиб қилиб қўяди. Агар улар ўлчовдан уриб қолсалар, ўсимликлардан ман қилинадилар ва қурғоқчиликка гирифтор бўладилар» (Ибн Мардавайҳ).

 Демак, савдода ўлчов ва тарозидан уриб қолиш нафақат маънавий, балки моддий зарарлар ҳам келтириб чиқарар экан. Бундай ярамас ишлар боис кишиларнинг ризқи кесилиб, ўртадан барака кўтарилиб кетади.

Косонсой туман бош имом хатиби

Азизов Қодирхон

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг