Қоронғи режим
Image
Logo

CАВДОДА ҲАЛОЛЛИК

CАВДОДА ҲАЛОЛЛИК

Барчамизга маълумки, инсон доим жамият билан узвий боғланган ҳолда ҳаёт кечиради. Инсон ҳаёт экан, яшаш учун зарур бўлган озиқ-овқат, кийим-бош, турар-жой каби таъминотларга эҳтиёж сезиши табиийдир. Қуръони каримда ўтган пайғамбарлар ҳақида қуйидаги оят нозил қилинган:“(Эй, Муҳаммад!) Сиздан илгари Биз юборган барча пайғамбарлар ҳам, албатта, таом ер ва бозорларда юрар эдилар” (Фурқон сураси, 20-оят).

Ҳатто, Аллоҳнинг энг яқин бандалари бўлмиш пайғамбарлар ҳам емоқ-ичмоққа муҳтожлар бўлишган ва бу эҳтиёжларига эришиш учун бозорларда савдо қилганлар.

Зеро, бир инсоннинг ўзидакеракли эҳтиёжларнинг барчаси топилиши амри маҳолдир. Шунинг учун инсонлар ўз эҳтиёжларини бартараф қилиш учун ўзаро олди-берди қилишга мажбур бўладилар. Кўпинча олаётган нарсангиз эвазига бирон нарса беришнгиз керак. Одамлар ҳар доим ҳам ўз мол-мулкини унга эвазсиз беравермайди. Савдо-сотиқ ва бозор муносабатларининг келиб чиқиши шу зайлда бошланган.

Аввало, динимизда ўзаро молиявий муносабатлар қандай асослар асосида олиб борилади. Шу  масалага қисқача тўхталамиз. Динимизда молиявий муносабатлар қуйидаги уч асос устига қурилган:

  1. Мол-мулк Аллоҳникидир. Бутун мавжудот, ҳатто инсоннинг ўзи ҳам Аллоҳнинг мулки бўлгандан кейин инсон қўлидаги нарсалар ҳам Аллоҳнинг мулки бўлиши таъйин. Мулкнинг ҳақиқий эгаси Аллоҳ таоло, инсон эса унга мажозий маънода эгалик қилади. Бошқача айтганда вақтинчалик фойдаланувчи. Бу асосга кўра инсон мол топиш ва сарфлашда унинг ҳақиқий эгасини буйруқларига асосан ҳаракат қилиши лозимдир.
  2. Мол-мулк топишда унга эгалик қилиш ва уни кўпайтириш асосий мақсад эмас. Балки унга бир ваосита сифатида қаралади. Яъни, у орқали гўзал ахлоқ ва чиройли бандалик ҳосил қилиш ва буларнинг воситасида Аллоҳнинг розилиги ва жаннатга ноил бўлиш мақсад қилинади.
  3. Мол-дунё учун ҳаракат қилиш фақатгина дунёда яшаб қолиш, қорин тўйдириш эмас. Балки яхши ният қилинса ва ҳалол топилса ибодат мақомига тенг ишдур.

Қуйида биз бугунги кунда савдо-сотиқларимизда учраётган баъзи бир ножоиз кўриншларни келтириб ўтамиз.

Савдода қайсидир томонни фойдасига қўшимча шартлар қўшиш. Ваҳоланки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам савдода шартдан қайтарганлар. Масалан: “Шуни сизга сотаман, ўзимга сотиш шартига кўра ёки шуни сотганим учун менга қарз берасиз ёхуд сиздан шуни сотиб оламан, лекин эвазига шу нарсани текинга берасиз”, дея турли шартларни қўйишножоиз. Турли ҳудудларда қассоблар гўшт сотиб олишда ҳайвоннинг калла-почаларини текинга олишни шарт қилиб қўядилар. Бу иш ҳам дуруст эмас. Фақат бутун дунё бўйлаб урф бўлган маиший техникаларни сотишда маълум муддатга сервис кафолатини шарт қилиш бундан мустаснолигини уламолар айтиб ўтишган.

Сотиб олган молни қўлга олишдан аввал сотиш жоиз эмаслиги. Мусулмон савдогар тижорат молини ҳали қўлига олмай туриб, бошқага сотиши жоиз эмас. Чунки, ҳадисда бундай қилишдан қайтарилган:Ибн Аббос разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам:“Ким таом сотиб олса, уни қўлга олмасдан олдин сотмасин”, – дедилар. Ибн Аббосразияллоҳу анҳу яна шундай қўшимча қилдилар: “Бошқа нарсаларни ҳам таом каби деб биламан” (Имом Муслим ривояти).

Имом Сарахсий айтадилар: “Савдо молини қўлга олиб, ўзиники қилиб олмай туриб, сотувчига ҳам бошқасига ҳам уни сотиш жоиз бўлмайди” (“Мабсут” китоби).

Бозорга киришдан олдин сотиб олмаслик. Баъзида деҳқонлар етиштирган молларини бозорга олиб кирмасларидан ва бозордаги нарх қанчалигини билишларидан олдин савдогарлар уларни йўлларини тўсиб, арзон гаровга сотиб олиб, кейин бозорда қиммат баҳога сотадилар. Бу иш – ҳам деҳқонга ва ҳам халққа зарардир! Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам  бундай савдодан қайтарганлар: Ибн Умар разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади, у зот айтадилар: “Биз бозорга мол олиб келаётганларнинг йўлига чиқиб, таомларини сотиб олар эдик. Шунда Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам  бизни улар таом бозорига етиб бормагунича, улардан нарса сотиб олишимиздан қайтардилар” (Имом Бухорий ривояти).

Бозорларда, хусусан ҳайвон бозорларида авж олган ножўя ишлардан бири бирон ҳайвонни нархини биринчи сўраб қўйган киши, гўёки унинг эгасига айланади. Бошқа бировга савдо қилишга қўймайди. Ё ўзи арзон гаровга олади ёки бозор охирида ундан воз кечади. Бу сотувчига нисбатан зулмдир. Гарчи ҳадиси шарифда бошқа бировнинг савдоси устига савдо қилишдан қайтарилган бўлсада, унда назарда тутилган ҳолат бир нархга келишиб ийжоб ва қабул бўлгандан кейинги ҳолатдир. Унгача бошқа харидорнинг савдо қилиши савдо устига савдо ҳисобланмайди.

Шерикчиликда улушларни олдиндан очиқ келишиб олмаслик.

Яна бир ачинарли ҳолатлардан бири шуки, кўпчилик тижоратчилар ишларида ўзлари билиб туриб ёки билмаган ҳолларида шариат кўрсатмасига зид равишда шериклик ишини бошлаб қўйишади. Фойда бўлса, индамай олаверади, лекин зарар бўлиб, жанжал бошланган пайтда маҳкамага ёки бирор илмли кишиларга мурожаат қилишади. Аслида, бу саволларни иш бошлашдан олдин ҳал қилиб олиш зарур. Оқил савдогарларнинг бир сўзи бор: “Шерикчиликни душмандек бошланса дўстлик билан ажралишади. Дўстлик билан бошланса душмандек ажралишади”.

Нархни сунъий кўтариш.Халқнинг эҳтиёжидан фойдаланиб, махсулотларни нархини сунъий ошириб фойда кўраман, дейиш — молни ножоиз йўл билан топишнинг яна бир кўриниши саналади. Нархни сунъий оширишда ким жабр кўради — халқ жабр кўради. Шунинг учун ҳам шариатимиз халқ оммасининг эҳтиёжи кўпроқ тушадиган нарсалар, хусусан, озиқ-овқатнинг иҳтикори (монополияси)ни кескин қоралаган. Пайғамбаримиз алайҳиссалом ўзларининг ҳадиси шарифларидан бирида: “Ким иҳтикор қилса, ўша хатокордир”, – деганлар (Имом Муслим ривоятлари).

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деяётганларини эшитдим: “Кимки, мусулмонларга нисбатан бирор таом турини иҳтикор қилса, Аллоҳ уни мохов касали ва (тижоратда) касодга йўлиқтириш билан уриб қўяди” (Ибн Можа ва Имом Аҳмад ривоятлари).

Хулоса қилиб, айтадиган бўлсак, иҳтикор, яъни монополия бир қатор иқтисодий ва ижтимоий зарарларга эга бўлган савдо тури бўлиб, динимизда ундан қайтарилган. У истеъмолчи ҳуқуқини поймол этилишига олиб келади, бозорда нархлар ошиб кетишига, одамлар машаққатга юз тутишларига сабаб бўлади.

 

А.АКРАМОВ,

Наманган шаҳар “Мулла Бозор Охунд”

жоме масжиди имом-ноиби

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг