Қоронғи режим
Image
Logo

Шаъбон ойининг Фазилати

Шаъбон ойининг Фазилати

Шаъбон ойи ҳижрий-қамарий ойларнинг саккизинчиси бўлиб, у рамазондан битта олдинги ой ҳисобланади.

Рамазон ойи ёзнинг жазирамасига тўғри келганлиги боис, унинг номини қаттиқ қизиб, чўғ бўлиш маъносини англатувчи “рамаз(ун)” сўзидан олганлар. Худди шунга ўхшаб, шаъбон ойининг номланишида ҳам ўзига хос рамзий маъно бор. Унинг номланиш сабаби борасида турли хил қарашлар мавжуд бўлиб, уларнинг бари тарқалмоқ маъносини ўз ичига олувчи “ташаъъаба” сўзидан олинганлигини ривоятлар тасдиқлайди. Зеро, айнан шу ой кирганда араблар сув қидириб, турли йўллар ва дараларга тушиб, тарқалиб кетардилар. Шунингдек, шаъбон ойи ражаб билан рамазон ўртасида бамисоли шоҳ каби ўсиб чиқиб, уларни бир-биридан ажратиб турганлиги учун ҳам шундай ном билан аталган деган сўзлар ҳам бор.

Шаъбон мусулмонлар қошида ғоят аҳамиятли ва муборак саналган ойлардан бири ҳисобланади. У рамазондан битта олдинги ой бўлганлиги туфайли ҳам унда рамазон ойини муносиб кутиб олишга тайёргарлик кўрилади. Кўп нафл рўзалар тутилади. Қуръони карим тиловатига киришилади. Хайрли амалларга қўл урилади. У рўзаси фарз бўлган рамазон ойи учун бамисоли фарз намозларини ҳаммаёғидан ўраб турувчи ва нуқсонлардан ҳимоялаб турувчи аввалги ва кейинги суннатлари кабидир. У  гўёки рамазоннинг муқаддимасидир. Бу ойда нафл рўзалар тутиш билан машғул бўлган киши Рамазон рўзасини ортиқча машаққат ва қўрқувсиз бошлайди. Балки, бу иш унга бирмунча енгил бўлиб қолади. Натижада фарз бўлган рамазон рўзасига ғайрат ва шижоат билан киришади.

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ойда кўп нафл рўза тутардилар. Оиша онамиздан (разияллоҳу анҳо) ривоят қилинади : “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам нафл рўзаларни тутишни бошлаганларида шундай кўп тутардиларки, ҳатто энди доим рўза тутиб юрсалар керак, деб ўйлаб қолардик. Кейин рўза тутишни тўхтатардилар ва шундай узоқ пайт тутмай юрардиларки, ҳатто энди рўза тутмасалар керак, деб айтардик. Расулуллоҳни рамазондан бошқа бирор ойни тўлиқ рўзадор бўлиб ўтказганларини кўрмадим. Ва у кишини шаъбондан бошқа бирор ойда шаъбондагичалик кўп нафл рўза тутганларини ҳам кўрмадим” Бухорий ровояти.

Шаъбон ойида кўп нафл рўза тутишга доир шу ва бошқа ҳадиси шарифлар мазкур ойда нафл рўзаларни кўпайтириш мустаҳаб эканлигига далолат қилади. Оиша онамиздан нақл қилинган баъзи ҳадиси шарифларда ҳатто шаъбоннинг ҳамма кунида рўза тутишлари, ривоят қилинган.

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам нима учун бу ойда бошқа ойлардагидан кўра кўпроқ рўзадор бўлишларининг сабаби эса қуйидаги ҳадиси шарифда очиқланади. Усома ибн Зайд (разияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Ё Расулуллоҳ, бирорта ойда шаъбондагидек (кўп) рўза тутганингизни кўрмадим”, дедим. У зот: “Бу шундай ойки, одамлар Ражаб билан Рамазон ўртасида ундан ғафлатда қолишади. Ҳолбуки, унда амаллар оламлар роббисига кўтарилади. Шундай экан, амалларим рўзадор бўлган ҳолимда кўтарилишини яхши кўраман”, дедилар” (Имом Насоий, Абу Довуд ва Ибн Хузайма ривоятлари).

Ушбу ҳадисдан олинадиган сабоқлардан бири шуки, одамларда икки буюк ой – ражаб ва рамазоннинг ўртасида келувчи шаъбон ойига нисбатан унинг фазилатларидан ғофиллик мавжуд бўлган экан. Зеро, шаьбон ойи улуғлигини яна бир  жиҳати  рамазонга яқин ой бўлгани учун ҳам улуғдир, рамазон  эса рўзаси фарз қилинган, унда Қуръони карим нозил бўлган ва энг улуғ тунни ўз ичига олган ойдир. Шаьбон ойини улуғлигини  яна бири унда барча бандаларнинг амаллари Аллоҳга арз қилинишидир. Шунингдек, мазкур ой яна бошқа фазилатларга ҳам эгадир. Барчамизга шаьбон ойини фазилатидан насиб айлаб, муборак рамазони тароватидан баҳраман айласин.

                                                                                                                                   Кенжабек Солиев

Чуст туман "Ғойиб эронлар" 

 масжиди имом-хатиби         

  

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг