Қоронғи режим
Image
Logo

ШАЪБОН ОЙИНИНГ ФАЗИЛАТИ...

ШАЪБОН ОЙИНИНГ ФАЗИЛАТИ...

Шаъбон ойи – ҳижрий-қамарий тақвимнинг саккизинчи ойи бўлиб, Ражаб ва Рамазон ойлари ўртасида жойлашган. Бу ой тўғрисида келган маълумотларни ўрганиб кўрсак, асосий урғу Рамазон ойига руҳан ва жисмонан тайёргарлик кўришга қаратилганини англаймиз.

Бу ойда одатдагидан кўпроқ нафл рўза тутиш, Қуръон тиловат қилиш ва тунги ибодатларга машғул бўлишга тарғиб қилинган. Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳу айтадилар:  “Эй Аллоҳнинг Расули, ойлардан ҳеч бирида Шаъбон рўзасидек рўза тутганингизни кўрмадим”, дедим. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бу бир ойки, одамлар ундан ғафлатда қоладилар. У Ражаб билан Рамазоннинг орасида. Бу бир ойки, унда амаллар Роббил оламийнга кўтарилур. Мен ҳам амалим кўтарилаётганда рўзадор бўлишни яхши кўраман”, дедилар  (Имом Насоий ривоятлари).

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни Рамазондан бошқа ойнинг рўзасини тўлиқ тутганларини кўрмадим. Шаъбонда тутганчалик кўп рўза тутганларини ҳам кўрмадим. Унинг фақат озгинасининг рўзасини тутмас эдилар. Балки, ҳаммасини тутар эдилар, десак ҳам бўлаверади». Тўртовлари ривоят қилган.

Ушбу ривоятда асосан, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам фақат Рамазон ойининг рўзасини тўлиқ тутганларини билиб оламиз. Чунки, Аллоҳнинг амри шундай. Рамазондан кейин энг кўп рўзаси тутиладиган ой Шаъбон экан.
Умму Салама розияллоҳу анҳо: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Шаъбон ва Рамазондан бошқа икки ойнинг кетма-кет рўзасини тутганларини кўрмадим», дедилар. Термизий яхши санад билан ривоят қилганлар. Шаъбон ва Рамазон ойлари кетма-кет келиши маълум, Пайғамбаримиз шу икки ойнинг рўзасини тутган эканлар.

Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бир кишига: «Бу ойнинг ўртасидан бирор нарса тутдингми?», дедилар. Ҳалиги киши: «Йўқ», деди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ундоқ бўлса, қачонки Рамазондан оғзинг очиқ бўлганда унинг ўрнига икки кун рўза тут», дедилар. Икки Шайх ривоят қилган.

Бошқа бир ривоятда: «Шаъбон ўртасидан рўза тутдингми?» – деганлар. У киши, йўқ, деганидан кейин: «Ундоқ бўлса, оғзинг очиқ бўлганида зиммангдаги ўрнига икки кун рўза тут», деганлар.

Бундан Шаъбон ойида ҳеч бўлмаса икки кун рўза тутиш кераклиги келиб чиқади. Ўз-ўзидан нима учун Шаъбон ойида нафл рўза тутишга бунчалар аҳамият берилади?, деган савол пайдо бўлади.

Бу саволнинг жавобини Имом Насаий Усома розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисдан топамиз. Унда қуйидагилар айтилади: «Эй Аллоҳнинг Расули, ойлардан ҳеч бирида Шаъбонда рўза тутганингиздек рўза тутганингизни кўрмадим», дедим. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бу бир ойки, одамлар ундан ғофил қолурлар. У Ражаб билан Рамазоннинг орасида. Бу бир ойки, унда амаллар Роббил оламийнга кўтарилур. Менинг амалим кўтарилаётганда рўзадор бўлишни яхши кўраман», дедилар.

Бунинг устига рўзаси фарз қилинган Рамазон ойидан олдинги ойда, Шаъбонда рўза тутишни яхшилаб машқ қилиб Рамазонга кирилса, унинг рўзаси яна ҳам мукаммал ва бенуқсон бўлади. Бу ҳудди фарз намозидан олдин суннат намоз ўқиб яхшилаб тайёргарлик кўриб олишга ўхшайди.

Абу Саъид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом, “Ким Аллоҳ учун бир кун рўза тутса, Аллоҳ таоло унинг юзини дўзахдан етмиш йиллик (масофага) узоқ қилади” деганлар (Имом Бухорий ривоятлари).

Шаъбон ойининг ўн тўртинчидан ўн бешинчига ўтар кечаси “Бароат” кечаси деб номланади. Ушбу тунда кўплаб осий бандаларнинг тавбалари қабул бўлиб, гуноҳлари кечирилиши, ризқлар тақсимланиши, беморлар шифо топиши ва ундан бошқа фазилатларга эга экани борасида турли ривоятлар бор. Ушбу ривоятлар якка ҳолда заиф ҳадислар ҳисоблансада ҳамма санадларини жамлаб, умумий ҳолда хулоса қилинса, шариатимизга кўра ушбу кеча фазилатли ва баракотли кеча ҳисобланиши маълум бўлади.

Машҳур мужтаҳид олим Имом Шофиий раҳматуллоҳи алайҳ шундай деганлар: “Бизга етган хабарларда айтилишича беш кечада дуо ижобат бўлади: жума кечаси, қурбон ҳайит кечаси, Рамазон ҳайити кечаси, Ражабнинг биринчи кечаси ва Шаъбон ойининг ярмидаги кечаси”.

Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ Шаъбон ярмидаги кечада қараб кўриб жамики махлуқотларини мағфират қилур. Магар мушрик ва хусуматчи бундан мустаснодир”, дедилар (Имом Ибн Ҳиббон “саҳиҳи”да, шунингдек, Имом Табароний ва Имом Байҳақийлар ривоят қилишган). Шунинг учун фуқаҳоларимиз ҳам бароат кечасини ибодат билан бедор ўтказишни мустаҳаб амаллардан санаганлар.

Шундай экан, ушбу ойни ғанимат билиб, истиғфор, тасбиҳ, таҳлил айтиб зикр қилиш, дуруду саловотлар айтиш, Қуръон карим тиловати ёки уни эшитиш, ҳадис китоблар мутолаа қилиш мақсадга мувофиқ.

 

Анвархон АКРАМОВ,
Наманган шаҳар “Мулла Бозор Охунд”
жоме масжиди имом-ноиби

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг