Қоронғи режим
Image
Logo

ШУКРОНАЛИК УЛУҒ НЕЪМАТ.

ШУКРОНАЛИК  УЛУҒ  НЕЪМАТ.

Аллоҳ таборака ва таоло Ўзининг фазл-у карами ва инояти ила инсон зотини ақл ва идрок соҳиби қилиб яратди ва унга беҳисоб нематларни ато қилиб, улардан баҳраманд қилди. Аллоҳ Таоло биз бандаларини Ўзининг беҳисоб неъматларидан баҳраманд қилган экан, У  ўз навбатида ана шу неъматларининг шукрини адо этиб бормоғимизга буюради. Роббимизнинг неъматларини катта-кичик демай, уларни шукрини бажо келтиришимиз зиммамиздаги бурчимиздир. Албатта Аллоҳ Таоло ҳам ана шунда бизлардан рози бўлади, иншааллоҳ.  Аллоҳ Таоло Қуръони Каримда марҳамат қилиб шундай дейди: "... Агар Унга шукр келтирсангиз ( ва иймон келтирсангиз) сиздан рози бўлур." (Зумар сураси, 7-оят)

Аллоҳга шукр этиш иймонга келиб, ёлгиз ўзига ибодат қилиш  билан бўлади. Барча бандаларнинг шукр келтиришлари, яъни, Аллоҳга иймон келтириб, ибодат қилишлари Аллоҳ таолога заррача фойда бермаса хам, У зот шукр келтирувчи, яъни иймон келтириб, холис ибодат қилувчи бандаларидан рози бўлади. Чунки, У зот доимо бандаларига яхшиликни раво кўради. Бинобарин, Аллоҳга иймон келтириб, У зотга ибодат этган бандалар Аллоҳни рози қилган бўлади. Бу хақда ҳатто Аббуллоҳ ибн Аббос  розияллоҳу анҳу  шундай деган экан: "Шукр қилишлик иймоннинг ярмидир".  Бошқа бир ривоятда эса, "Иймон-сабр ва шукрдан иборат",-деб ҳам айтилган.

Шунинг учун ҳам Аллоҳ Таоло барчамизни шукр қилишга  амр қилиб, унинг зиддидан қайтарган, шукр айтувчиларга чиройли мукофотларни ваъда қилиб, Ўзининг фазилати, карами ва неъматларини янада зиёда бўлишига шукрни сабаб этган ва Ўзининг гўзал исмларидан бирини шукр орқали ифода қилди.

Ҳазрати Пайгамбаримиз Мухаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам  суннатларида инсонларни инсонларга қилган яхшиликлари, мурувватлари, саҳийликлари, инсоний гўзал муомалалари бадалига шукр айтишга чорловчи чақириқлар ҳам мавжудлигини кўрамиз:

"Ким одамларга шукр  айтмаса, Аллоҳ таолога ҳам шукр  қилмаган бўлади."

"Ниҳоя" номли китобда шундай нақл қилинади: "Банда киши томонидан қилинган яхшилиги учун унга шукр айтмаса, Аллоҳ Таоло неъматларига қилган шукрини асло қабул қилмайди".

Муҳтарам Юртбошимизнинг бевосита ташаббуслари билан юртимизни ривожланган мамлакатлар қаторидан жой олаётгани учун ҳам Яратганга беҳисоб шукроналар айтишимиз даркор. Шунда албатта, Аллоҳ Таолонинг улуғ неъматлари ва эҳсонларига чиройли шукр қилган бўламиз. Зеро, Ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифларининг бирида бундай деб амр қилганлар: "Сизларга бир киши яхшилик қилса, албатта, уни мукофотланглар, агар мукофот учун бирон-бир  нарса топа олмасанглар, уни чиройли  дуо қилинглар."

Аллоҳ Таолонинг бизларга берган улуғ неъматларидан  яна бири-бу юртимизнинг тинч ва осойишталигидир. Ҳозирги кунда барчамиз ер юзининг баъзи жойларида бўлиб турган турли офат ва балолар қакида эшитиб, кўриб турибмиз. Юртимизни  самовий ва арозий балолардан сақлаб  турганлиги учун Аллоҳга беадад ҳамд ва шукроналар айтмоғимиз лозимдир. Биз бунга жавобан кеча-ю кундуз бу неъматларнинг шукронасини адо этиб бормоғимиз лозим бўлади. Аллоҳга ҳамд-у сано айтиш, Унинг нематлари шукрини адо этиш, банда учун ҳам ибодат,  ҳамда Аллоҳнинг унга берган катта мукофотидир.

            Муҳаммадхон Нуриддинов,
Наманган шаҳри “Шодибек” жоме
масжиди имом-хатиби

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг