Қоронғи режим
Image
Logo

СОҒЛОМ АВЛОД – ЮРТ КЕЛАЖАГИ!

СОҒЛОМ АВЛОД – ЮРТ КЕЛАЖАГИ!

     Инсон икки дунёда ҳам ўзига манфаати етмайдиган нарсаларга молу давлатини сарфламоқлиги жоиз эмас. Чунки, инсонга бу молу давлати омонат берилган бўлиб яна эгасига қайтаради. Зеро, саломатлик ва давлат Аллоҳнинг ундаги омонатидир. Шунинг учун ҳам инсон саломатлигига зарар еткармоғи ёки  давлатини зое қилмоғлиги мумкин эмас. Шунинг учун ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам мол-у давлатни бекорга зое қилмоқдан қайтарганлар.

     Минг афсуслар бўлсинким кейинги пайтларда ушбу икки улуғ неъматнинг қадрига етмаётганлар сони кўплаб учраб турмоқда. Бир вақтнинг ўзида инсоннинг ҳам соғлиғига ҳам молу дунёсига зарар келтираётган иллат бу тамаки махсулотларига муккасидан кетиш яъни кашандалик иллатидир.

   Аллоҳ таоло Қуръони карим оятларида инсоннинг жони, моли нақадар азиз эканлигини буларга тажовуз қилиш ҳаром амал эканлигини баён қилган. Шунингдек нафақат бошқалар ҳатто инсон ўзига ўзи зулм қилмаслиги Аллоҳ омонат қилиб берган саломатлик неъматига тажовуз қилмаслигини баён қилиб Нисо сураси 29-оятида қуйидагича марҳамат қилади:  Яъни «Ва ўзингизни ўзингиз ўлдирманг»

    Тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш инсон саломатлиги учун зарардир. Ҳозирги кунга келиб, дунё миқёсида чекувчилар сони тобора ортиб бормоқда. Ёшлар ва хотин-қизлар орасида кашандаликнинг тарқалиши эса жуда аянчли ҳолдир.

    Жаҳонда бир йил давомида 5 миллион киши тамаки чекиш билан боғлиқ бўлган касалликлар туфайли ҳаётдан кўз юмади. Бу кўрсаткич 2030 йилга бориб, 10 милллион кишини ташкил этиши мумкин.

    Дунё бўйича ҳар 6-8 сонияда бир киши тамаки чекишнинг асоратлари туфайли ҳаётдан кўз юмади. Тамаки чекувчи томонидан ташқарига чиқарилган тутун таркибида заҳарли моддалар концентрацияси кўп бўлади. Бундай ҳолатда чекмайдиган одамлар ҳам мажбурий равишда чекишга ўрганиб қолишлари мумкин.Кўпчилик танишларимиз, дўстларимиз билан чекиш тўғрисида баҳслашганимизда, улар сиқилганда чекишларини айтиб, ўзларини оқлашга уринишади. Гўёки тамаки инсон ғамини аритадигандек. Ахир бу ҳолат «бургага аччиқ қилиб кўрпа ёқиш» каби эмасмикан. Бугунда сигаретнинг турлари кўпайди. Уларнинг хилма-хиллигига барчамиз гувоҳмиз. Тамаки чекишнинг зарарли оқибатлари ҳақида, деярли, барча оммавий ахборот воситалари ёрдамида ёритилиб борилаётган бир пайтда, тамаки маҳсулотлари реклама қилиниб, реклама роликларига чиқиши ниҳоятда хунук ҳолдир. Ранг-баранг қутилар қанчалик жилоли бўлмасин, унинг ичидаги оғу эканлигини унутмаслик керак. Тамаки қутисидаги бир энлик «чекиш соғлиқ учун хавфли» дейилган ёзувга эса кашандалар, деярли, ҳеч қачон эътибор беришмайди.

     Минг афсуслар бўлсинким сўнги пайтларда оммавий маданият таъсирига тушиб  ҳали ҳаёт машаққатларини кўрмаган етарлича ҳаётий тажрибага эга бўлмаган ёшлар ҳатто мактаб ўқувчилари орасида ушбу иллатнинг тарқалиши ортиб бормоқда. Бу эса  барча ота-оналарни, мактабдаги устозларни ҳамда барчамизни хушёр бўлишга чорлайди. Зеро фарзандлари соғлом юрт қудратли бўлур.

Нуруллоҳ Маҳкамов,
Чуст туман “Саид Насимхон тўра” жоме
масжиди имом-ноиби

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг