Сувнинг уволи тутмасин!

Аллоҳу таоло инсонларга беҳисоб неъматлар берган. Инсон ўзига берилган неъматларни дунё ва охират ҳаёти учун фойдали бўлган йўлда ишлатмоғи лозим, барча ишларимизни меъёрида қилмоғимизни ва хаддан ошиб, исроф қилмасликни талаб қилади. Расулимиз алайҳиссалом марҳамат қиладилар: “Иқтисод қилган кимса, қамбағал бўлмас, маслаҳат қилган пушаймон бўлмас”. Бизда исрофнинг турли хиллари мавжуд. Масалан, «Бу давлатники” деган нотўғри тушунча билан уйимизда сув, газ электр каби умумхалқ истеъмол воситаларини қадрига етмай, исроф қилмоқдамиз. Бир соатлик ташналикка чидамай, кўчаларда сувни ичиб кетаяпмиз. Шундай экан ҳаёт манбаи бўлган сувнинг қадрига нега етмаймиз? Ислом дини сувни исроф, ифлос қилмасликка ўргатади, ҳам буюради. Улуғ неъмат бўлган сувнинг қадрига етайлик, исроф қилмайлик, истеъмол қилган сув ҳақини вақтида, ойма-ой тўлашга ўрганайлик, ўлим қош-қовоқ ўртасида дейилган. Бу дунёдан охиратга қарздорлик ҳолатида ўтишдан Ўзи асрасин.
Кимдан қарздорсиз биласизми? Давлатдан, халқимиздан ёки шу соҳада меҳнат қилганлардан. Улар ҳам яхши яшашни хоҳлайди. Азизлар бугун уйимизда сув оқаяпти. Шаҳримизнинг юқори томонида яшаётган ҳамшаҳарларда сув йўқ. Фақат электр бор холос. Улар доимо бир машина сувни 60000 сўмга сотиб олишади, исроф қилишмайди, меъёрида ишлатишади. Бизлар эса 1 куб/метр сувга 2600 сўм бергани ярамаяпмиз. Яхшилар кўп азизлар, аммо лоқайд ва боқиманда оила ҳам бор-да тоза сув уйимизга қанча сарф харажатлар билан келишини биласизми?
Юртимиз бойлигига хиёнат қилмайлик, бу динимизнинг таълимотидир. Энг улуғ неъмат бўлган сув ва электрдан фойдалангандан кейин, уни ҳаққини бермаслик номардлик, мусулмонга муносиб иш эмас. Энг ёмон иллат бўлган қарздан қўрқайлик. Ҳазрат расулимиз алайҳиссалом айтадилар: “Қарзи бор инсон қабрида кишанланган ҳолатда ётади, қарзи узилсагина кишан ечилади”. Сув ҳаётимиз манбаи, сувсиз ҳаёт йўқ.
Мана бу ҳикояни тингланг: Бир подшоҳдан сўрадилар: Сиз саҳрода адашиб, сувсиз қолдингиз, ташналикдан силлангиз қуриганида биров сизга бир пиёла сув берса, бунинг эвазига нима берардингиз?
- Подшоҳлигимнинг ярмини берардим, - деди.
- Ичингизга кирган сув чиқиб кетиши ҳам керак. Бўлмаса у заҳарга айланади. Чиқиб кетиши учун нима берардингиз? - деб сўрадилар.
- Мулкимнинг қолган ярмини берардим, - деди.
Демак бутун подшоҳлигингизнинг нархи бир пиёла сув экан-да деб хулоса қилдилар. Бу ривоятни подшоҳ Ҳорун-ар Рашид ва Ҳасан Басрийнинг суҳбатлари ва подшоҳга насиҳатлари дейилган.
Сувни қадрига етайлик, меъёрида истеъмол қилайлик! Сиз сувни тежаб, исроф қилмай ишлатсангиз маҳаллангиздаги бир неча оилани сув билан таъминланишига ҳисса қўшган бўласиз. Хулоса шуки, ҳар биримиз бугун бошқаларга фойда келтираман, яхшилик қиламан, касал кўргани бораман, қўшнилар ҳолидан хабар оламан, қарздорнинг қарзини узишга ёрдам бераман, одамлар ўртасини ислоҳ қиламан дейишимиз лозим. Шунда оиламизда барака бўлади.
Ер хазина, сув гавҳар. Одам тупроқдан яратилган, инсонлар ердан униб-ўсиб чиққан неъматлар билан ҳаёт кечиради. Халқимизда ерни боқсанг, парваришласанг, ер сени боқади, деган нақл бор. Ҳақиқатда ердан чиқадиган неъматлар учун сув керак. Сув эса Яратганнинг изни билан қор ва ёмғир бўлиб ерга тушади ва ердаги гиёҳлар кўкариб, ўсади. Биз инсонлар ундан фойдаланамиз. Бунинг илмини Аллоҳ таоло одамга ўргатган, таълим берган, ерга ҳам, инсонга ҳам ҳаёт манбаи сувдир.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, ҳар биримиз ҳаётда сабрли, қаноатли бир тану бир жон бўлиб, ҳаёт манбаи бўлган сувни исроф қилмасак, албатта мақсадга етамиз.
Пандемия даврида Юртбошимиз саховат ва кўмак ташаббуси билан чиқдилар. Ҳамма имкон даражада амал қилди. Халқимиз синовдан яхши ўтди. Сувни исроф қилмаслик муаммоси ҳам албатта яхши ижобий натижа беради. Ўзимдан, оиламдан бошлаб, таҳорат қилсам крандан эмас, чойнакка сув олиб, ишлатаман. Аёллар ҳам кир ювишда меъёрида ишлатишади. Машинанинг ювишни йулини топамиз. Иложи борича бир ойда 20 куб эмас 10 куб сув ишлатишга ҳаражат қиламиз. Оилада режа бўлиши ва тежамкорлик шарт. Даромадга қараб харажат қилиш ҳам шарт. Рўзғорда оила раҳбарига итоат қилинса, оила баракотли бўлади.
Доим шукр қилайлик, жаннатмакон юртда яшаяпмиз. Барча неъматлар муҳайё азизлар егулик нарса ҳаммаси ўзимизда пишади. Аъзоларимиздаги неъматларни шукрини адо қилиб бўлмайди. Бу неъматдан маҳрум бўлганлардан хабар олайлик, мурувват кўрсатайлик. Аллоҳу таоло инсонларнинг дунёдаги насибасини синов учун турлича қилган. Дунёда доимо ўзимиздан пастдагиларга ибрат кўзи билан қараб, шукрона билдирайлик. Сувни исроф қилмаслик учун ҳисса қўшиш барчамизга насиб этсин. Осмондан келадиган неъматни баракали бўлишини, фойдали ёмғир, қорлар бўлишини сўраб қоламиз. Аллоҳим неъматингни зиёда қилгин, шукр билан яшашни ҳаммамизга муяссар айлагин.
Аллоҳу таолога инсонларнинг энг суюклиси, одамларга энг кўп манфаат келтирувчисидир.
“Ўзига раво кўрган яхшиликни биродарига раво кўрмагунга мўмин комил бўлолмайди”, дедилар Расулимиз С.А.В. «Инсон манфаатлари барча нарсадан устун» шиорига амал қилиб, сувни исроф қилишдан сақланайлик ва тежаб ишлатишни, ўзимиз амал қилиб, қўшниларга ҳам тарғиб қилайлик. Вилоятимиздаги оилалар бир ойга бир кубдан сувни тежаса сувга муҳтож оилаларга мурувват бўлади.
Вилоятимизда беш юз мингдан ортиқ хонадон бўлса, ҳар бир хонадонда лоақал шунча сув тежалса иншоаллоҳ мақсадимиз рўёбга чиқади.
Ҳорунхон АЮБХОНОВ,
меҳнат фахрийси, вилоят “Нуронийлар” Кенгаши аъзоси, “Дўстлик” ордени соҳиби.
Сизга ҳам ёқиши мумкин
Оммабоп хабарлар
-
МУКОФОТ МУБОРАК!
- Хабар муаллифи ravza.uz
- August 30, 2021
-
ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- March 7, 2023
-
Муфтий ҳазратлари Наманга...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- June 14, 2021
-
Муносабат: ижтимоий тармо...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- January 22, 2022