Қоронғи режим
Image
Logo

ТАЪЛИМ ВА ТАРБИЯДА БАРЧАМИЗ МАСЪУЛМИЗ!

ТАЪЛИМ ВА ТАРБИЯДА БАРЧАМИЗ МАСЪУЛМИЗ!

Динимиз неча асрлардан буён таълимни тарбия билан баробар олиб боради. Ва бу йўлда барча мусулмонларни якдилликка чорлаб, зиммаларига вазифа ўлароқ юклайди. Чунки мўмин инсон ўзга мўминни ойнаси дея изга солиб, қирқ фарздан бири ўзгаларни яхшиликка буюриш ва ёмонликдан қайтариш деб буйруқ тарзида тизимлаштирилган.

Инсониятни жаҳолат ботқоғидан чиқариш ҳамда дунё-ю охиратда саодатга етиш учун юборилган Ўз Ҳабиби (соллаллоҳу алаҳйи ва саллам), охир замон пайғамбари бўлмиш Расулимиз Мухаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламга нозил бўлган илк ваҳий ҳам “ЎҚИ” деган амр билан бошланган “Алақ” сурасининг аввалги беш ояти эди.

Бу эса бизнинг муборак динимиз Ислом дини ўқишни, яъни, илм олишни тарғиб қилувчи таълим-тарбия дини эканлига ёрқин мисолидир.

Шунинг учун ҳам динимизда таълим-тарбиянинг бир-бири билан узвий боғлиқлигига ва фарзандни камол топтиришда бу икки нарсани уйғунликда олиб боришга алоҳида эътибор қаратилган.

Аллоҳ таоло “Таҳрим” сурасининг 6-оятида: “Эй иймон келтирганлар! Ўзингизни ва аҳли аёлингизни ёқилғиси одамлару тошдан бўлган оловдан сақланг”, деб марҳамат қилади. Инсон ўзини, аҳли аёлини ва ўзидан дунёга келадиган аҳлларини қандай қилиб оловдан сақлаши мумкин? Бу сақлаш, аввало ўзидан сўнг аҳлларидан жаҳолатни кетказиб, дунё ҳаётида оқибати олов (дўзах азоби)га олиб борадиган турли жинояту гуноҳлардан, нодонлигу бадхулқликлардан таълим ва тарбия воситасида сақлаш билан бўлар экан.

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу ушбу оят нозил бўлгандан сўнг суюкли Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: “Эй Расулуллоҳ, ўз нафсимизни-ку сақлаймиз аҳлимизни қандай сақлаймиз?”, деб сўраган эканлар. Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ сизларни нимадан қайтарган бўлса, уларни ҳам қайтарасизлар. Аллоҳ сизларни нимага буюрса, уларни ҳам буюрасизлар. Ана ўша уларни ўтдан сақлаш бўлади”, деб жавоб берганлар.

Дарҳақиқат Аллоҳнинг буйруқларини билмаслик ва қайтариқларидан қайтмаслик бу айни оқибати олов бўлган жоҳиллик ва нодонликдир. Жоҳиллик ва нодонликнинг кушандаси эса илм эгаллаш ва таълим-тарбия олишдир. Ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг “Ўзингизга ва аҳлингизга  яхшиликни таълим беринглар ва уларни одобли қилинглар”, деганлари бунга яққол мисол бўла олади.

Ҳасан Басрий айтадилар: “Кимники одоби бўлмаса, унинг илми йўқ”. Уларнинг бу сўзлари, инсон қанча илмга эга бўлмасин, агар унда одоб бўлмаса ўша инсонни илмига эътибор йўқ деганидир.

Ҳикматларда: “Одоб бамисоли бир дарахт. Илм эса ундаги бир мева. Агар дарахт бўлмаса, мева қаердан ҳам бўлсин”, деб айтилиши ҳам бежиз эмасдир. Агар аҳамият берилса ҳикматларда аввало тарбия кейин таълим ҳақида сўз боради. Тарбия энг аввал оиладан бошланишини ҳисобга олсак, инсон ҳаётида  таълим ва тарбия олиш масаласида ота-она масъулдир.Таълим-тарбиянинг ўртасида очиқ-ойдин фарқ бор. Таълим, тарбиянинг бир жузъи. Тарбия эса таълимни ўз ичига олади, аксинча эмас. Демак, тарбия ўз-ўзидан таълимга нисбатан комил ва кенг қамровлидир. Исломий тарбиянинг маъноси эса жамиятда ҳар тарафлама комил инсон шахсиятини барпо қилиш ва албатта, бу тарбия руҳий, ақлий ва жисмоний тарафларни ўз ичига олади. Зотан, Аллоҳ таоло инсониятни ер юзини обод қилиш учун яратган. Демак, у ўзининг вазифаларини адо этиши учун ҳар тарафлама комил ва етук бўлиши керак. Бунинг учун эса бизнинг динимиз Исломда барча кўрсатма ва имкониятлар мавжуд. Энг асосийси, инсон ўзининг олдига қўйилган вазифаларни бажариш асносида доимий ҳолда Аллоҳга юзланиб туриши тарбиядир.Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳар бирингиз бошлиқсиз ва ҳар бирингиз қўл остидагиларингиздан сўраласиз”, деб марҳамат қиладилар.

Таълим ва тарбия масаласи динимизда катта ахамиятга эга. Бу ишда барчамиз бир бўлиб, яхши самара олиш учун интилишимиз, келажак авлодларни саодат томон етаклашимиз зарурдир.

 

Манбаълар асосида тайёрланди.

Шухратилло Исроилов,
 Учқўрғон туман “Мухаммад Зариф” жоме
масжиди имом хатиби.

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг