Таом ейиш одоби.

Таом тановул қилишдан олдин икки қўл ювилади. Динимизда таомдан олдин икки қўлни ювиш ҳақида Салмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Таомнинг баракаси ундан олдин (икки қўлни) ювишдир ва ундан кейин (икки қўлни) ювишдир», дедилар».
Олим ва катта ёшдаги кишилар таом тановул қилишни бошламагунларича, бошқаларнинг кутиб туриши одобдир. Бу одобни бошқа одоблар қатори, болаларга ҳам ёшликларидан ўргатиб бориш керак. Баъзи халқларда ушбу одоб аллақачон унутилиб қолган. Бизда унга амал қилиш ҳозир яхши даражада, дея оламиз. Фақат бу одобга амал қилишда бардавом бўлиш керак.
Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан таомга ҳозир бўлсак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошламагунларича, қўлларимизни узатмас эдик».
Таом тановул қилишни бошлашда «бисмиллаҳ» айтилади.
Динимизда барча яхши амаллар тасмия («бисмиллаҳ») билан бошлангани каби таом истеъмол қилиш ҳам Аллоҳнинг номи ила бошланади.
Таом ўнг қўл билан ейилади.
Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом барча ишларни ўнгдан бошлашни жумладан, таомни ҳам ўнг қўллари билан ер эдилар.
Таом лаган каби идишда келтирилса, ҳар ким ўз олдидан ейди, бировнинг олдидаги таомга қўл узатмайди. Чунки бировнинг олдидаги таомга қўл узатиш беодобликдир.
Умар ибн Абу Салама розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қарамоғидаги бола эдим. Қўлим товоқда бориб-келар эди. Шунда у зот менга: «Эй ғулом! «Бисмиллаҳ», дегин, ўнг қўлинг билан егин, ўз олдингдан егин!» дедилар.
Таом суяниб, ёнбошлаган ҳолда ейилмайди.
Аввало, бу иш беодоблик, маданиятсизликдир. Қолаверса, ёнбошлаб ётган одамнинг таом юрадиган аъзолари – ичаклари, қорни, ошқозони ноқулай ҳолга келиб, фаолияти сустлашади. Бинобарин, у еган таомнинг ошқозонда қайта ишланиши, ҳазм бўлиши қийинлашади. Оқибатда инсон соғлиғини йўқотади.
Абу Жуҳайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Мен суянган ҳолимда емайман», дедилар».
Қўлдан тушган ва дастурхонга тўкилган таом олиб ейилади. Қўлда ва идишларда қолган таом қолдиқларини исроф бўлишига ҳам йўл қўйилмайди.
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, шайтон сизларнинг ҳар бирингизнинг ҳар бир ишида ҳозир бўлади; таомига ҳам ҳозир бўлади. Қачон бирортангиздан луқма тушса, ундаги нопокликни кетказиб, кейин есин. Уни шайтонга қолдирмасин. Фориғ бўлгач, бармоқларини яласин. Чунки у таомининг қаерида барака бўлишини билмас», дедилар».
Хайруллоҳ Абдуллаев,
Косонсой тумани “Қуқумбой” жоме
масжиди имом-хатиби
Сизга ҳам ёқиши мумкин
Оммабоп хабарлар
-
МУКОФОТ МУБОРАК!
- Хабар муаллифи ravza.uz
- August 30, 2021
-
ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- March 7, 2023
-
Муфтий ҳазратлари Наманга...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- June 14, 2021
-
Муносабат: ижтимоий тармо...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- January 22, 2022