Қоронғи режим
Image
Logo

ТАРБИЯ – ЭНГ ОЛИЙ МАСУЛИЯТ

ТАРБИЯ – ЭНГ ОЛИЙ МАСУЛИЯТ

“Тарбия бизлар учун ё ҳаёт – ё мамот, ё нажот – ё ҳалокат,
ё саодат – ё фалокат масаласидир”деган 
маьрифатпарвар Абдулла Авлоний

Келажак авлод фарзандларимизнинг биз орзу қилгандек билимли, ҳунарли, эл-юртга фойдаси тегадиган, оқил инсонлар бўлиб етишиши, аввало, тарбияга боғлиқ. Фарзанд Аллоҳ таолонинг инсонга берган олий неъматларидан бири бўлиб, ота-она ҳаётининг давомчилари ҳисобланади. Ҳар неъматнинг ўз шукри бор, фарзанд неъматининг шукри унга чиройли тарбия беришдир. Бу хусусда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ота-она ўз фарзандига чиройли хулқдан кўра афзалроқ нарсани беролмайди,” деганлар.

Тарбияни тор доирада тушунмаслик лозим. Ота-она зиммасидаги бурч фарзандга фақат чиройли одоб-ахлоқ ўргатишдан иборат эмас, балки уни турли хил мафкура мафкура ва ғайриинсоний ёт ғоялардан сақлаши керак. Чунки эътиқоди соғлом, мафкураси тўғри бўлган фарзандгина ота-онага меҳрибон, эл-юртга садоқатли фидойи инсон бўлиб вояга етади.

Халқимиз қадимдан тарбияни кўпнинг иши деб билган. Эзгулик, яхшилик, одоб-ахлоқ каби инсоний фазилатларни муқаддаслаштириб, ҳар бир йигит-қизга ёшликдан шу қоидаларга амал қилишни ўргатиб, назорат этиб борган.

Тарбиянинг энг муҳим талабларидан бири шахсий намуна, оила ибратидир. Ота-она, катталар, қариялар, ака-укалар, қариндош-уруғларнинг оиладаги мавқеи муҳим аҳамиятга эга. Яхши фарзандни, аввало, яхши оила, яхши ота-она тарбиялайди. Халқимизнинг қадриятлари ранг-баранг бўлиб, ҳар бири яхлит бир асардир. Халқимизнинг “Бир болага етти маҳалла ота”, деган ҳикматли сўзларининг замирида олам-олам маъно бор.

Маънавият билан инсоннинг имони, эътиқоди, ахлоқи, ички дунёси шаклланиб сайқал топади. Инсонни Ватан, халқ, ота-она, қавм-қариндошлар олдидаги бурчларини англаши унинг нақадар юксак маънавият соҳиби эканидан далолат беради.

Миллий қадриятларимиз билан чамбарчас боғланиб кетган муқаддас динимизда ҳам фарзанд тарбиясига алоҳида эътибор берилади. Фарзанд туғилиб, унинг ақли шакллана бошлаган вақтдан то вояга етиб, мустақил ҳаётга қадам қўйгунча унга имон-эътиқод масалалари, ота-онага ҳурмат, ватанга садоқат туйғулари сингдириб борилади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам бу тўғрида шундай дейдилар: 

“Ҳар бир туғиладиган фарзанд Ислом фитратида туғилади, токи тили гапирадиган бўлгунча шу ҳолда бўлади. Кейин эса ота-онаси уни ё яҳудий, ёки насроний, ёки мажусий этиб вояга етказади”.

Яхши тарбия – саодатли, ёмон тарбия эса натижасиз келажакдир. Киши фарзанди тарбиясига эътиборли бўлиб, уннинг одоб-ахлоқини такомиллаштириб борар экан, келажакда ҳосил берадиган меванинг уруғини ерга қадаётгандек бўлади.

Она юртимизда ўсиб келаётган ёш авлодни замон талабларига мос равишда тарбиялаш учун барча жабҳада  сезиларли  ишлар амалга оширилмоқда. Бу ҳаракатлар ёш авлодни келажакда ҳам маънан, ҳам ақлан етук инсон бўлиб, фаровон, бахтли ҳаёт кечиришлари учун мустаҳкам замин бўлиб хизмат қилади.Шундай экан ҳар бир ота- она, бобо ва бувилар ҳам бундай чиройли имкониятлардан тўлақонли фойдаланиб, ўзларидан  гўзал ном қолдиришга ҳаракат қилсалар мақсадга  мувофиқ бўлади.

 

Кенжабек Солиев,
Чуст туман 
"Ғойиб Эронлар"  жоме
масжиди и
мом хатиби

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг