Қоронғи режим
Image
Logo

ТАРБИЯ ОИЛАДАН БОШЛАНАДИ

ТАРБИЯ ОИЛАДАН БОШЛАНАДИ

Биламизки, инсон ҳаёти мобайнида оила қуради, фарзанд кўради ва шу тариқа ўз наслини давом эттиради. Оила, унинг ҳар томонлама мустаҳкам бўлиши учун, ота-онанинг бир-бирига садоқати ва оилада тутган ўрни муҳим аҳамиятга эгадир. Ҳамма ота-оналар ҳам фарзандлари ҳаётда ўз ўринларини топиб, элу юрт фаровонлиги йўлида хизмат қилишга тайёр, ор-номусли, виждонли чин инсонлар бўлиб етишиб, ўз волидаи меҳрибонларига раҳмат эшиттиришларини истайди. Шу ўринда ота-оналар ҳам фарзандлари учун ўрнак ва ҳар томонлама ибрат бўлмоқликлари лозим.

Аллоҳ таоло ўзининг каломи мажидида шундай дейди:

"Эй мўминлар! Ўзларингиз ва аҳлу аёлларингизни оташи дўзахдан сақлангиз!"("Таҳрим" сураси, 6-оят).

Бу билан Аллоҳ таоло сизу бизларни огоҳлантиради. Бундан келиб чиқадики, ҳамма ўзини ўйлаб, аҳли ва фарзандларини эса фақат моддий жиҳатдан таъминлаш билан кифояланиб қолмасдан, уларнинг ҳам бу дунёда ва охиратда аҳли солиҳ, дини диёнатли баркамол инсонлар сафига қўшилишларига жидду жаҳд ила ҳаракат қилмоқлари зарур бўлади.

Ислом дини таълимотига кўра, фарзандларимизнинг билим савиясига, касбу ҳунарига алоҳида аҳамият беришимиз лозим.

Бизларга маълумки, илмли кишилар доимо эл орасида ҳурматга лойиқ бўлиб, алоҳида эъзозланганлар. Чунки, илм кишиларни бу дунёда ҳурмат –иззатда бўлишларига ва охиратда эса улуғ шарафга эришишларига сабабчи бўлган.

Арабларда: "Ёшликда олинган билим гўё тошга ўйилган нақш кабидир", деган нақл бор. Шундай экан, илм олишга ёшликдан ҳаракат қилиш керак. Ҳар бир киши ёшлик даврини жуда ғанимат билиб, келажакда ўзи ва халқи манфаати, бахт-саодати йўлида фойда берадиган билимни олишга интилмоғи керак.

 

Иброҳим Қосимхўжаев,
Наманган шахар “Ғойибберди махдум” жоме
масжиди имом-хатиби

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг