Қоронғи режим
Image
Logo

ТАРБИЯ – ОЛИЙ НЕЬМАТ.

ТАРБИЯ –  ОЛИЙ  НЕЬМАТ.

Тарбия  ҳар бир жамиятнинг жон томири, олий қадрияти ҳисобланади. Келажак авлод – фарзандларимизнинг биз орзу қилгандек билимли, ҳунарли, эл-юртга фойдаси тегадиган, оқил инсонлар бўлиб етишиши, аввало, тарбияга боғлиқ. Фарзанд Аллоҳ таолонинг инсонга берган олий неъматларидан бири бўлиб, ота-она ҳаётининг давомчилари ҳисобланади. Ҳар неъматнинг ўз шукри бор, фарзанд неъматининг шукри унга чиройли тарбия беришдир. Бу хусусда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ота-она ўз фарзандига чиройли хулқдан кўра афзалроқ нарсани беролмайди,” деганлар.

Тарбияни тор доирада тушунмаслик лозим. Ота-она зиммасидаги бурч фарзандга фақат чиройли одоб-ахлоқ ўргатишдан иборат эмас, балки уни турли хил мафкура мафкура ва ғайриинсоний ёт ғоялардан сақлаши керак. Чунки эътиқоди соғлом, мафкураси тўғри бўлган фарзандгина ота-онага меҳрибон, эл-юртга садоқатли фидойи инсон бўлиб вояга етади.

Фарзанд тарбияси билан унинг гўдаклик давриданоқ, ҳатто дунё юзини кўрмасидан аввал шуғулланиш лозим. Халқимиз қадимдан тарбияни кўпнинг иши деб билган. Эзгулик, яхшилик, одоб-ахлоқ каби инсоний фазилатларни муқаддаслаштириб, ҳар бир йигит-қизга ёшликдан шу қоидаларга амал қилишни ўргатиб, назорат этиб борган.

Тарбиянинг энг муҳим талабларидан бири шахсий намуна, оила ибратидир.

Ота-она, катталар, қариялар, ака-укалар, қариндош-уруғларнинг оиладаги мавқеи муҳим аҳамиятга эга. Яхши фарзандни, аввало, яхши оила, яхши ота-она тарбиялайди. Халқимизнинг қадриятлари ранг-баранг бўлиб, ҳар бири яхлит бир асардир. Халқимизнинг “Бир болага етти маҳалла ота”, деган ҳикматли сўзларининг замирида олам-олам маъно бор. Бугунги кун юртимизда баркамол авлодни миллий қадриятлар асосида тарбиялаш давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Миллий қадриятларимиз асосини маънавият ташкил этади, маънавият эса тарбия демакдир. Маънавият билан инсоннинг имони, эътиқоди, ахлоқи, ички дунёси шаклланиб сайқал топади. Инсонни Ватан, халқ, ота-она, қавм-қариндошлар олдидаги бурчларини англаши унинг нақадар юксак маънавият соҳиби эканидан далолат беради.

Миллий қадриятларимиз билан чамбарчас боғланиб кетган муқаддас динимизда ҳам фарзанд тарбиясига алоҳида эътибор берилади. Фарзанд туғилиб, унинг ақли шакллана бошлаган вақтдан то вояга етиб, мустақил ҳаётга қадам қўйгунча унга имон-эътиқод масалалари, ота-онага ҳурмат, ватанга садоқат туйғулари сингдириб борилади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам бу тўғрида шундай дейдилар: “Ҳар бир туғиладиган фарзанд Ислом фитратида туғилади, токи тили гапирадиган бўлгунча (шу ҳолда бўлади). Кейин эса ота-онаси уни ё яҳудий, ёки насроний, ёки мажусий этиб вояга етказади”.

Ҳар бир фарзанд яхшиликларни қабул қилувчи, оппоқ қоғоз каби соф қалб билан дунёга келади. Ана шу софликни сақлаш, уни шакллантириш ва турли хил ғайриинсоний хулқлардан ҳамда динимизга, эътиқодимизга ёт бўлган турли ғоялардан асраш ота-онанинг энг муҳим вазифасидир.

Жисм тарбияси. Ота-она фарзанднинг жисмонан соғлом бўлиб вояга етишига ҳам масъул бўлиб, бунда боланинг етарли миқдорда тўғри овқатланиши, кийиниши, ётиб-туриши ва жисмоний машғулотларига эътибор қаратиш лозим. Фарзанднинг руҳан ва жисмонан соғлом бўлиб вояга етиши нафақат унинг келажаги, балки бутун миллат келажагини таъминлаш эканини асло ёддан чиқармаслик лозим. Соғлом авлодни тарбиялаш буюк давлат пойдеворини, фаровон ҳаёт асосини қуриш деганидир. Фарзандга чиройли тарбия бериб, ҳунар ўргатиб, руҳан кучли ва эътиқоди соғлом ҳолда вояга етказиш билан бирга уларни жисмонан бақувват қилиб вояга етказиш ота-онанинг энг муҳим бурчларидандир.

Ҳозирда ўсиб келаётган ёш авлодни замон талабларига мос равишда тарбиялаш учун кўпгина  ишлар амалга оширилмоқда. Бу ишлар ёш авлодни келажакда ҳам маънан, ҳам жисмонан етук инсон бўлиб, фаровон, бахтли ҳаёт кечиришлари учун мустаҳкам замин бўлиб хизмат қилади. Яратган барчамизни фарзандларимиз олдидаги энг катта қадрият бўлмиш таьлим- тарбиясига чуқур  эьтибор бериб ота оналик вазифаларимизни  чиройли холатда адо этишимизни  насиб айласин.

 

Кенжабек  Солиев,
Чуст туман 
"Ғойиб эронлар" жоме
масжиди и
мом хатиби

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг