ТАВБАДА СОБИТ ТУРИШЛИК ФАЗИЛАТ.

Тавба илм, ҳол ва амалдан иборат бўлиб, бу уч нарса бир-бирига чамбарчас боғлиқдир.
- Илм гуноҳларнинг зарари жуда ҳам катта эканига ва гуноҳлар банда билан унга маҳбуб бўлган ҳар бир нарса орасидаги тўсиқ эканига маърифат ҳосил қилишдан иборат.
- Ҳол мазкур илм туфайли қалбда пайдо бўлган афсус ва надоматдан иборатдир. Зотан, қалб қачон ўзи муҳаббат қўйган нарсадан маҳрум бўлса, алам чекади. Ана шу алам надомат деб аталади.
- Амал гуноҳнинг зарарини билиб, қалбда ундан алам чекилгандан кейин мазкур аламни йўқотиш учун азму қарор ила гуноҳни тарк қилишдир.
Бу ўринда гуноҳни тарк қилиш ҳозирги, келаси ва ўтган замонга боғлиқ бўлади.
Ҳозирги замондагиси қилиб турган гуноҳидан дарҳол четланиш ва тавба қилиш ила бўлади.
Келаси замондагиси умрининг охиригача гуноҳ қилмасликка азму қарор қилиш ва гуноҳ шубҳаси бор нарсалардан сақланиш орқали бўлади.
Ўтган замонга боғлиқ бўлиши аввалги гуноҳларга астойдил тавба қилиш ва уларга каффорот бўладиган амалларни бажариш ҳамда қазоларни адо этиш билан бўлади.
Демак, тавбанинг ҳақиқати илм, надомат (ҳол) ва ҳозир, келажак ҳамда ўтган замондаги гуноҳларни тарк қилишдан, яъни амалдан иборатдир.
Гуноҳ маҳбубдан узоқлаштирувчи сабаб эканини билмаган одам қилган гуноҳларига тавба қилмайди. Аламга сабаб бўлувчи гуноҳни қилаверади ва оқибатда ҳалок бўлади.
Валид ибн Муслим раҳматуллоҳи алайҳ Ибн Жобирдан ривоят қилади: «Абу Абдурраб Дамашқнинг бойларидан эди. Бир куни у тижорат қилиш учун Озарбайжон томонга йўлга чиқди. Кечаси бир яйловда тўхтади. Абу Абдурраб деди: «Яйловнинг бир тарафида Аллоҳга тинмай ҳамд айтаётган кишини эшитиб, ортидан бордим. У кўримсиз ерга тўшалган бўйранинг устида ўтирган экан. Бориб, салом бериб, «Эй Аллоҳнинг бандаси, кимсиз?» деб сўрадим.
– Бир мусулмонман.
– Аҳволингиз қандай?
– Неъматдаман. Шунинг учун Аллоҳга ҳамдлар айтяпман.
– Нима учун? Қуруқ бўйрада ўтирибсиз-ку?
– Аллоҳ мени яратди, чиройли хилқат берди. Исломда туғилиб-ўсишимни насиб қилди. Менга офиятни либос қилди, эслашдан ва очилиб қолишидан қўрқадиган нарсаларимни яширди. Шу ҳолатда кунни кеч қилганимнинг ўзи энг катта неъматлардан эмасми?
– Аллоҳ сизга раҳм қилсин! Хоҳласангиз, биз турган жойга боринг. Кун ёришгунча ўша ердамиз.
– Нима қиламан у ерда?
– Егулик, бошпана берамиз.
– Менинг уларга муҳтожлигим йўқ».
Валид айтади: «Адашмасам, (Абу Абдуррабдан эшитишимча) у яна: «Мен учун ўт-ўлан емоқлик Абу Абдурраб айтган нарсадан яхшироқ», деган эди».
Абу Абдурраб айтади: «Уни олиб кетмоқчи бўлсак, кўнмади, бунга эҳтиёжи йўқлигини айтди. Мен унинг олдидан жўнаб кетдим, лекин ўзимни жуда ожиз сездим. Дамашқда бойликда ҳеч кимдан кам эмаслигимдан, мол-давлатим билан фахрланиб юрганимдан, уни кўпайтиришга ҳаракат қилаётанимдан нафратланиб кетдим. «Аллоҳим, ўзим эга бўлиб турган нарсанинг ёмонлигидан Сенга тавба қилдим», дедим. Шу аҳволда ухлаб қолибман. Дўстларим менинг аҳволимдан бехабар эди. Тонг отгач, улар аввалгидек йўлга чиқиб кетишди. Менга уловимни олиб келишган эди, уни миниб, Дамашққа қайтдим. Ичимда «Тавбамда содиқ бўлмадим. Яна ўша тижоратим билан юрибман», дедим. Одамлар менга нима бўлганини сўрашди, уларга бор гапни айтиб берсам, устимдан кулишди».
Ибн Жобир айтади: «Абу Абдурраб келгач, бор тиллаю кумушларини садақа қилиб, Аллоҳ йўлида ишлатиб юборди».
Жаъфархон Суфиев,
Тўрақўрғон туман "Исҳоқхон тўра" жоме
масжиди имом хатиби.
Сизга ҳам ёқиши мумкин
Оммабоп хабарлар
-
МУКОФОТ МУБОРАК!
- Хабар муаллифи ravza.uz
- August 30, 2021
-
ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- March 7, 2023
-
Муфтий ҳазратлари Наманга...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- June 14, 2021
-
Муносабат: ижтимоий тармо...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- January 22, 2022