Қоронғи режим
Image
Logo
ТИЛ ОФАТЛАРИДАН САҚЛАНАЙЛИК!

ТИЛ ОФАТЛАРИДАН САҚЛАНАЙЛИК!

Тил, нутқ Аллоҳ таолонинг инсонга ато этган энг улуғ неъматларидандир. Улар инсонларнинг ўзаро муомала-муносабатга киришиб, фикрларини, мақсадларини ва ички кечинмаларини баён қилади. Энг асосийси, у билан Роббисига итбодат қилади, Қуръон ўқийди, зикр-дуолар, муножотлар қилади, яхшиликка чақириб, ёмонликдан қайтаради, яхши сўзлар айтиб, одамларга қувонч улашади ва ҳокоза. 

   Албатта, бу неъматни доимо яхшилик учун ишлатиш талаб этилади. Мўмин ҳар бир сўзини обдон ўйлаб, кейин гапириши керак. Акс ҳолда,бу суяксиз тил бошқаларга озор бериб қўйиши мумкин.

   Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган бўлса, яхши сўз айтсин ёки жим турсин” деганлар. (Имом Бухорий).

    Яна бир ҳадисда: “Мусулмон-мусулмонлар унинг тилидан ва қўлидан саломат бўлган одамдир”, деганлар (Муттафақун алайҳ).

    Ҳақийқатан, тилнинг офатлари кўп, бемаъни, бефойда, одобсиз, фаҳш, ёлғон сўзларни сўзлаш, ўзгаларни масхаралаш, уларнинг айбини айтиб, устидан кулиш, ғийбат қилиш кабилар. Чунки бу сўзлар жамиятда низо-жанжал ва адоватни келтириб чиқаради. 

Абу Бакр розияллоҳу анҳу тилини фойдасиз гап-сўзлардан тийиш мақсадида оғзига тош солиб юрган эдилар.

Тил офатларининг энг ёмони ёлғон гапириш, ёлғон гувоҳликка ўтишдир. Ёлғончилик барча разилликларнинг онаси, кулфатларнинг боши, инсонни қабиҳ ишларга бошловчи, обрўйини тўкувчи иллатдир. Шунинг учун динимизда ҳатто ёш болани тинчлантириш учун ҳам ёлғон ишлатиш маъқулланмайди: Абдуллоҳ ибн Омир ибн Робиъа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйимизга ташриф буюрдилар, мен кичкина бола эдим, ўйинга берилдим. Шунда онам: “Олдимга кел, сенга бир нарса бераман”, - дедилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Унга нима бермоқчи эдинг?” дедилар. Онам “Хурмо бермоқчи эдим”, дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Билиб қўй, агар ҳеч нарса бермаганингда ёлғончи деб ёзилиб қолардинг” , дедилар (Имом Абу Довуд ва Байҳақий ривояти). 

   Беҳуда,фодасиз сўзларни сўзлаш тилнинг офатлардандир. Бандага тил бунинг учун берилмаган. Балки у билан Роббисини улуғлаш ва ўзи учун фойдали бўлган нарсаларни сўзлаш керак. Агар инсон беҳуда, фойдасиз гаплардан ўзини тийса, қанчалар вақтини тежаб қолган, бўларди.

Абу Зар розияллоҳу анҳу дедилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга бундай дедилар: “Баданга енгил, мезонда оғир амални сенга ўргатайми?” “Ҳа, эй Аллоҳнинг расули”, - дедим. У зот:“ Жим юриш, гўзал хулқ ва беҳуда гаплардан тийилишдир”, дедилар (Имом Абу Дунё ривояти).

  Тилга эрк бериш инсонни ёлғон, ғийбат, чақимчилик, аҳлоқсизлик, фаҳш ва адоватга бошлайди. Бундай офатлардан сақланиш учун беъмани суҳбатлар, зиёфатлар, мажлислардан, шунингдек, нодон, ахлоқсиз кишилар билан ҳамсуҳбат бўлишдан сақланиш керак.

 

Мингбулоқ тумани бош имом хатиби: Анваржон Мирзаев

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг