Қоронғи режим
Image
Logo

ТИЛ ҚАЛБ КЎЗГУСИ!

ТИЛ ҚАЛБ КЎЗГУСИ!

Аллоҳ таоло инсон зотини ер юзидаги махлуқотлар ичида энг аълоси ва мукаррами этиб яратган. Инсонга берилган неъматларни санаб адоғига ета олмаймиз. Аллоҳ инсонларга сўзлаш неъматини ато этган. Сўзлашиш, баён қилиш билан инсон ўзга жонзотлардан ажраб туради. Аллоҳ таоло Қуръони каримда бу ҳақда қуйидагича баён қилади:

“Биз инсонга тил ва икки лабни бермадикми?” (Балад сураси, 9 оят).

Аллоҳ таоло ҳар бир неъматни ўз бандасига инъом этар экан, банда ҳам ўзига берилган неъматларни қадрласа, фақат яхшилик ва эзгулик амалларига ишлатсагина, берилган неъматнинг шукронасини адо қилган бўлади. Тил – инсоннинг жисман энг кичик, аммо масъулият ва вазифаси жиҳатидан ката эътиборга лойиқ аъзосидир. Биз ҳар бир айтган сўзимиз учун масъулмиз. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам тилни ножўя сўзлардан асрашга, имкон қадар сукут сақлашга буюриб: “Ким Аллоҳ таолога ва охират кунига иймон келтирган бўлса, фақат яхши нарсаларни гапирсин ёки жим турсин”, дея марҳамат қилганлар.

Ислом динида тилга шу қадар ката эътибор берилишининг сабаби тилнинг қалбга яқинлигидир. Қайси бир инсоннинг қалби пок ва соф бўлса, унинг тилидан яхши сўзлар ва ширин каломлар чиқади. Тил ва қал борасидаги узвий боғлиқлик ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидагича марҳамат қиладилар: “Банданинг иймони тўғри бўлмайди, токи унинг қалби тўғри бўлмагунча, қалби тўғри бўлмайди, токи унинг тили тўғри бўлмагунча. Тил туфайли не бир қалблар орому ҳузур топиб қувончга тўлса, аксинча не бир кўнгилларни тил вайрон қилиши мумкин”.

Улуғ зотлар бундай дейишган: “Инсон мол-дунёси билан яхшилик қилмоқчи бўлса, бойлиги бир кунда тугаб қолиши мумкин. Аммо инсонда бир ҳазина борки, қанча сарфлагани билан тугамайди. У ширин сўздир”. Маълумки, тил орқали содир қилиниши мумкин бўлган ғийбат, чақимчилик, туҳмат ва ёлғон гувоҳлик бериш кабилар билан инсонлар ўртасидаги меҳр-муҳаббат пойдевори дарз кетиши мумкин. Одамлар зоҳиран гурунг шаклидаги ғийбатларнинг ботиний оламда номаи аъмолига гуноҳ бўлиб битилаётганидан ғофилдирлар. Абу Саъддан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: Одам боласи тонг оттирса, унинг барча аъзолари тилга зорланиб, бизнинг ҳақимизда Аллоҳдан қўрқ! Албатта, биз сенга боғлиқмиз! Агар сен тўғри бўлсанг, биз ҳам тўғримиз. Агар сен эгри бўлсанг, биз ҳам эгримиз”, дейдилар.

Дарҳақиқат, тил дил ойнасидир. Халқимизда ҳам асрлар мобайнида сайқалланиб келаётган “тилингг аэрк берма”, “бошингга не бало келса, тилингдандур” каби пур маъно мақоллар мавжуд бўлиб, буларнинг асл негизи муқаддас динимизга бориб тақалади. Дарҳақиқат, ён-атрофимиздагиларга эътиборли бўлайлик. Бу омонат дунёда бир-биримиздан ширин сўзимизни аямайлик. Зеро, ширин сўз ҳам ҳайрли эҳсонлардандир!

 

Абдулвохид Исақов,
Наманган шахар “Мирёқуббой Мирҳакимбой” жоме
масжиди имом-хатиби

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг