ТИЛГА ЭЪТИБОР ВАТАНГА САДОҚАТ

وَمِنْ آيَاتِهِ خَلْقُ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ وَاخْتِلَافُ أَلْسِنَتِكُمْ وَأَلْوَانِكُمْ ۚ إِنَّ فِي ذَٰلِكَ لَآيَاتٍ لِلْعَالِمِينَ
22. Ва Унинг оят-белгиларидан осмонлару ернинг яратилиши ва тилларингиз ва рангларингизнинг турлича бўлишидир. Албатта, бунда олимлар учун оят-белгилар бордир. (Инсон боласи ўзига ўхшаган одамлар билан кўришади, гаплашади, лекин илоҳий қудрат туфайли уларнинг тиллари ва ранглари турлича яратилганига эътибор бермайди. Аслини олганда, булар ҳам улкан мўъжизалардир.).
Тил ҳар бир миллатнинг улкан бойлиги, бебаҳо мулки ҳисобланади. Тил ҳар бир миллатнинг энг қадрли бойлиги, унинг маънавий қиёфаси, маданияти, ички дунёсини акс эттирувчи муҳим восита саналади десак хато бўлмайди. Тилнинг давомийлигини, умрбоқийлигини унда сўзловчиларнинг миллий ғурури, куч-қудрати, адабиёти ва санъати белгилайди, халқнинг Ватани, давлати каби яна бир буюк, эҳтимолки, бирламчи бойлиги бор. Бу – унинг тили. Айнан тил одамлар гуруҳини бир миллат сифатида бириктиради, яъни халқни – халқ, миллатни – миллат қилади. 1989 йил 21 октябрь. “Давлат тили ҳақида”ги қонун қабул қилиниб, ўзбек тилига давлат тили мақоми берилди. Халқимизнинг муқаддас қадриятларидан бири бўлган она тилимиз ўзининг қонуний мақоми ва ҳимоясига эга бўлди. Она тилимиз миллий ўзлигимиздир. Ўзбекистон Республикаси Конституциясида давлат тилининг мақоми ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаб қўйилган. Шу тариқа ўзбек тили мустақил давлатимизнинг байроғи, герби, мадҳияси қаторида турадиган, қонун йўли билан ҳимоя қилинадиган муқаддас давлат рамзига айланди. Ватанимиз мустақиллигининг маънавий асосларини мустаҳкамлаш, халқимиз, аввало, ёш авлодни миллий қадриятларимизга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялашда ўзбек тилининг аҳамияти тобора ортиб бораётир. Тил буюк неъматдир, ҳар бир миллат ўз тилини эъзозласа, қадрласа, тараққиёти учун жон куйдирса, у тил гўзал, бетакрор ва буюк бўлиб қолаверади.
Ислом дини тилга эътибор беришга ундашининг, уни бефойда ва гуноҳ сўзларга ишлатишдан қайтаришининг боиси шундаки, тил қалбга яқин жойлашган. Шу боис у қалб таржимони ҳисобланади. Қалб эса, имон масканидир. Демак, инсоннинг имони қай даражада бақувват, қалби қанчалик соф бўлса, унинг тилидан фақат ҳикматли, ширин гаплар чиқади.
Ўз навбатида, тил қанчалик ёмон гапларни кўп гапирса, инсоннинг қалби қораяди, натижада имони сусаяди. Бу ҳақда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар:
عن أنس بن مالك قال: قال رسول الله ﷺ: لا يستقيم إيمان عبد حتى يستقيم قلبه، ولا يستقيم قلبه حتى يستقيم لسانه[رواه أحمد: 13071، وهو حديث صحيح].
"Банданинг токи қалби тўғри бўлмагунича имони тўғри бўлмайди. Шунингдек, то тили тўғри бўлмагунча қалби тўғри бўлмайди" (Имом Байҳақий ривояти).
قال يحيى بن معاذ : القلوب كالقدور تغلي بما فيها ، وألسنتها مغارفها ، فانظر إلى الرجل حين يتكلم ، فإن لسانه يغترف لك مما في قلبه ، حلو .. حامض .. عذب .. أجاج .. وغير ذلك ، ويبين لك طعم قلبه اغتراف لسانه .
Яҳё ибн Муоз айтади: "Қалблар ичидаги нарсалари билан бирга қайнаётган қозонга ўхшайди. Қалбнинг тили қозоннинг чўмичи кабидир. Кишига у сўзлаётган пайтда назар сол! Сабаби, унинг тили қалбидаги нарсани қуяётган бўлади: ширинми, аччиқми, чучукми, нордонми ва ҳоказо. Унинг тилидан чиқаётган нарса қалбининг "таъми"ни намоён этади".
Инсон ҳаётини ёлғон, ғийбат, чақимчилик, риё, ихтилоф, адоват, ахлоқсизлик, фаҳш сўзлар ва турли ёмонликлар билан ўтказаётган бўлса, муаммо қалбнинг иллатидадир. Шу сабабли тилимиз қалбимизнинг софлигини иддао қилмасин, балки қалбимизнинг гўзаллиги тилимизда намоён бўлсин!
Суфиев Жаъфархон,
Тўрақўрғон туман "Исҳоқхон тўра" жоме
масжиди имом хатиби.
Сизга ҳам ёқиши мумкин
Оммабоп хабарлар
-
МУКОФОТ МУБОРАК!
- Хабар муаллифи ravza.uz
- August 30, 2021
-
ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- March 7, 2023
-
Муфтий ҳазратлари Наманга...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- June 14, 2021
-
Муносабат: ижтимоий тармо...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- January 22, 2022