Қоронғи режим
Image
Logo

ТИЛНИ ТИЙИШ ҲАҚИДА

ТИЛНИ ТИЙИШ ҲАҚИДА

Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Кимки Аллоҳ таолога ва қиёмат кунига ишонса, фақат яхши гапларни айтсин ёки сукут сақласин!»-деганлар.

Аллоҳ таолонинг қавли: «Мо ялфиз мин қавлин илла ладайҳи ракийбун атийдун». Оятнинг мазмуни: «Киши ноўрин айтилган бир сўз билан ўзига абадий душман орттиради».

Саҳл ибн Саъд ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Кимки икки жағи билан икки оёғи орасидагиларни (ёмонликга ишлатмайман, деб) кафолат берса, мен ҳам унга жаннатни (Аллоҳ таолодам сўраб бераман, деб) кафолат бераман!» - дедилар».

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Кимки Аллоҳ таолога ва қиёмат кунига ишонса, фақат яхши сўз айтса, йўқса сукут қилса, кимки Аллоҳ таолога ва қиёмат кунига ишонса, қўшнисига озор бермаса, кимки Аллоҳ таолога ва қиёмат кунига ишонса, меҳмонини ҳурмат қилади дедилар»

Абу Шурайҳ ал-Хузўий ривоят қиладилар: «Қулоқларим эшитиб, қалбим ўз онгига жо қилдиким, Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Меҳмоннинг иззати уч кундир, мукофоти эса бир кеча-кундуздир»,- дедилар. Мукофоти нимадир?» - дейишди. Жаноб Расулуллоҳ: «Дастлабки кеча-кундузда яхшилаб меҳмон қилишдир»,- дедилар, сўнг «Кимки Аллоҳ таолога ва қиёмат кунига ишонса, меҳмонини ҳурмат қилади, кимки Аллоҳ таолога ва қиёмат кунига ишонса, фақат яхши гап гапиради, йўқса, жим ўтиради!» -деб қўшиб қўйдилар».

Абу Ҳурайра ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Банда ўйламай-нетмай бир сўзни айтиб қўйсада, кейин дўзахда машриқ билан (мағриб) оралиғидек олис жойда сарсону саргардон бўлиб, азоб чекади»,- дедилар».

Абу Ҳурайра ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бир банда Аллоҳ таоло рози бўладиган сўзни айтиб, натижасини ўйламай юраверади аммо Аллоҳ таоло ўзи билиб, унинг мартабасини улуғ қилади, яна бир банда Аллоҳ таолони норози қиладиган бир сўзни айтиб, оқибатини ўйламай юраверади, бироқ Аллоҳ таоло буни ҳам ўзи билиб жаҳаннам қаърига ташлайди»,- дедилар.

Инсон ҳамма балони ўзи билиб, истаб сотиб олади. Кейин қиёматда унинг ҳисобини бериш учун 50000 (эллик минг) йил маҳшарда туради. Шу балоларнинг аксари тилининг маҳсули бўлади.

Ўзи шундоқ ҳам ибодатлари ноқис, ўзи масъул бўлган ишлардаги камчиликларни елкасига ортиб юрадиган одамнинг бировнинг айби, камчимилиги билан неча пуллик иши бўлиши керак?!

Ким у бошқани тафтиш қиладиган?!

Ким у ҳар кимнинг амалига меъзон тутиб юрадиган?!

Ким у бировнинг жисмидан ҳам ортиб қалбини ёриб кўрадиган?!

Муоз розияллоҳу анҳу айтадилар:

«... Эй Аллоҳнинг Расули, гапирган нарсамиз учун ҳам жазога тортиламизми?» дедим.

«Онанг бўзлаб қолгур, Муоз. Одамларни тилларининг маҳсули дўзахга юзтубан туширмаса, нима туширар эди?!», дедилар. Соллаллоҳу алайҳи васаллам.

(Ҳадиснинг тўлиқ шакли изоҳда)

Шу тилини тийса, шошилмаса, ўзидан жуда муҳим ташхисчи ясаб, одамларни маломат қилиб юрмаса, нафақат азобдан халос бўларди, балки жаннат кафолатини оларди.

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким менга икки оёғи орасидаги нарсанинг ва икки жағи орасидаги нарсанинг кафолатини берса, мен унга жаннатнинг кафолатини бераман», дедилар».

Бухорий ва Термизий ривоят қилишган.

Ношуд инсонмиз-да!

Аллоҳ ўнгласин бизни.

 

Жаъфархон Суфиев,
 Тўрақўрғон туман "Исҳоқхон тўра" жоме
масжиди имом хатиби.

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг