Қоронғи режим
Image
Logo

ТИЛНИ ТИЙИШ

ТИЛНИ ТИЙИШ

Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Кимки Аллоҳ таолога ва қиёмат кунига ишонса, фақат яхши гапларни айтсин ёки сукут сақласин!»-деганлар.

Аллоҳ таолонинг қавли: «Мо ялфиз мин қавлин илла ладайҳи ракийбун атийдун». Оятнинг мазмуни: «Киши ноўрин айтилган бир сўз билан ўзига абадий душман орттиради».

Саҳл ибн Саъд ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Кимки икки жағи билан икки оёғи орасидагиларни (ёмонликга ишлатмайман, деб) кафолат берса, мен ҳам унга жаннатни (Аллоҳ таолодам сўраб бераман, деб) кафолат бераман!» - дедилар».

Абу Ҳурайра ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Кимки Аллоҳ таолога ва қиёмат кунига ишонса, фақат яхши сўз айтса, йўқса сукут қилса, кимки Аллоҳ таолога ва қиёмат кунига ишонса, қўшнисига озор бермаса, кимки Аллоҳ таолога ва қиёмат кунига ишонса, меҳмонини ҳурмат қилади дедилар»

Абу Шурайҳ ал-Хузўий ривоят қиладилар: «Қулоқларим эшитиб, қалбим ўз онгига жо қилдиким, Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Меҳмоннинг иззати уч кундир, мукофоти эса бир кеча-кундуздир»,- дедилар. Мукофоти нимадир?» - дейишди. Жаноб Расулуллоҳ: «Дастлабки кеча-кундузда яхшилаб меҳмон қилишдир»,- дедилар, сўнг «Кимки Аллоҳ таолога ва қиёмат кунига ишонса, меҳмонини ҳурмат қилади, кимки Аллоҳ таолога ва қиёмат кунига ишонса, фақат яхши гап гапиради, йўқса, жим ўтиради!» -деб қўшиб қўйдилар».

Абу Ҳурайра ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Банда ўйламай-нетмай бир сўзни айтиб қўйсада, кейин дўзахда машриқ билан (мағриб) оралиғидек олис жойда сарсону саргардон бўлиб, азоб чекади»,- дедилар».

Абу Ҳурайра ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бир банда Аллоҳ таоло рози бўладиган сўзни айтиб, натижасини ўйламай юраверади аммо Аллоҳ таоло ўзи билиб, унинг мартабасини улуғ қилади, яна бир банда Аллоҳ таолони норози қиладиган бир сўзни айтиб, оқибатини ўйламай юраверади, бироқ Аллоҳ таоло буни ҳам ўзи билиб жаҳаннам қаърига ташлайди»,- дедилар.

Муғийра ибн Шуъбанинг котиби Варрод ривоят қиладилар: «Муовия «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитган ҳадисларингдан менга ёзиб юборгин!» деб Муғийрага мактуб йўллади. Муғийра унга бундай деб жавоб ёзди: «Мен Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг намоздан фориғ бўлгач, «Ла илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу, ла шарийка лаҳу, лаҳул-мулку ва лаҳул-ҳамду ва ҳува ало кулли шайъин қадийрун» деган дуони уч бор қайтариб ўқиганларини эшитганман. У зот мишмиш тарқатишни, эзмалик қилишни, мол-дунёни исроф қилишни, очкўзлик қилишни, оналарга итоатсизлик қилишни ва қизларни тириклайин қўмиб ташлашни (қадимги арабларда шундай одат бўлган) манъ қилганлар».

Мўмин ўз амалининг ўзи билмаган ҳолда ҳабата (беҳуда) бўлиб қолишидан қўрқиши

Иброҳим ат-Таймий айтганлар: «Сўзимни қиладиган солиҳ амалимга номувофиқ (зид келадиган) қилиб гапирмадим, мабодо, ўзим амал қилмаган нарсани айтсам, ёлғончи ҳисобига кириб қолишдан жуда қўрқдим».

Имом бухорий ривояти.

Аллоҳ таоло Исро сурасининг 36- оятида шундай дейди: «(Эй инсон), ўзинг аниқ билмаган нарсани гапирма, чунки қулоқ, кўз, қалб – буларнинг барчаси тўғрисида (ҳар бир инсон) масъул бўлур(яъни, эшитган, кўрган ва ишонган ҳар бир нарсаси учун киши қиёматда жавоб берур)»

Муттафақун алайҳ бўлган ҳадисда Абу Муса ал-Ашъарий розияллоҳу анҳу айтадилар мен:

- Ё Расулуллоҳ, мусулмонлар ичида энг афзали ким? дедим.

- «Ким мусулмонларга тили ва қўли билан озор бермаса ўша киши афзалидир» деб жавоб бердилар.

Муттафақун алайҳ бўлган бошқа ҳадисда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Банда (ўйланмасдан) бир калима гапириб юборади натижада – шу калима сабабли – жаҳаннамга машриқ билан мағриб орасидан ҳам узоқроқ масофага тойиб тушади», деганларини эшитдим дейди.

Тилни беҳуда ва шариат ҳаром қилган ёлғон сўзлаш, ғийбат, чақимчилик ва бўҳтон қилиш каби амаллардан сақлаш дунё саодати ва охират нажотига сабаб бўлади. Салафлардан бири шундай деган экан: Мўмин киши кам гапириб, кўп амал қилади. Кофир эса кўп гапириб, кам амал қилади.

 

Жаъфархон Суфиев,
 Тўрақўрғон туман "Исҳоқхон тўра" жоме
масжиди имом хатиби.

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг